Президент Каримов: Тинчлик ва барқарорлик керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Рақсга тушаётган Каримов (архив)

Президент Каримовнинг бу йилги Наврўз табриги аввалгиларидан кескин фарқ қилгани йўқ.

Пойтахтнинг марказий майдонидаги анъанавий расмий байрам томошасида Ислом Каримов нутқ сўзлар экан, эътиборни дунёдаги тобора кескинлашиб бораётган вазиятга қаратди.

Келишмовчиликлар ва зиддиятларни тинчлик йўлида ҳал қилишга умид билдирди.

“Шу борада бир фараз қилайлик: агарки, бугунги кунда халқаро майдонда тобора авжига чиқаётган кескинлашув, можаро ва қарама-қаршиликларни, ҳали-бери давом этаётган қон тўкишларнинг олдини олиш, пайдо бўлаётган муаммоларни фақатгина тинчлик ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишга қайтсак, халқимиз ибораси билан айтганда, олам гулистон бўларди,” деди Каримов.

“Ишончим комил, агарки шу кунларда кўпни кўрган, қанча-қанча синовларни бошидан кечирган, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагининг тўрида сақлаб келадиган, меҳр-оқибатли халқимиздан, шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, янги йилда сизнинг энг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, бизга тинчлик ва омонлик керак, деб жавоб бериши муқаррар,” деб қўшимча қилди.

Бу йил 78 ёшни қаршилаган Каримов, ўз анъанасига содиқ қолиб, танланганлар учун тантана жараёнида қисқа рақсга тушиб берди.

Унинг табриги ва рақсини томоша қилган журналистлардан бирига кўра, Ўзбекистон президенти аввалги йилларга солиштирганда бир қадар “шаштсизроқ” бўлган.

Ўзининг нисбатан қисқа нутқини секин ва баъзан адашишлар билан якунлаган.

Наврўз арафасида Тошкент бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва баъзи марказий кўчалар тўсиб қўйилган.

Президент қатнашган байрам тантанасига одатдагидай фақат аввалдан, махсус таклифномалар берилган ўзбекистонлик ва хорижий меҳмонлар киритилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ