Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тилими?

Image caption Ўзбек тили Ўзбекистонда Давлат тили мақомига 27 йил аввал "эришган" эди...

1989 йилнинг 19 мартида Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдони Ўзбекистон тарихидаги илк норозилик намойишига саҳна бўлган эди.

Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати томонидан уюштирилган намойишда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаб этилган.

Ҳукумат мухолифат ва жамоатчиликнинг босимлари остида Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўяди ва орадан ярим йил ўтиб, 1989 йил 21 октябрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинади.

Ўзбекистоннинг расмий матбуоти ўзбек тилига ҳуқуқий мақом берилиши Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилганини таъкидлайди.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг эслашича, Горбачевнинг ошкоралик сиёсати туфайли шоир ва ёзувчилар бошчилигида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришилган эди.

Би-би-си билан суҳбатда Жамол Камол бугунги кунда ўзбек тилига эътиборнинг етарли эмаслигини танқид қилди.

Жумладан, унинг айтишича, кейинги пайтларда давлат телевидениесида адабий тил нормалари қўпол равишда бузилмоқда, маҳаллий қўшиқчиларнинг ўз шеваларида қўшиқ ижро этишларига йўл қўйиб берилмоқда.

Таниқли адиб ва тилшунос олим шунингдек, ҳозирда муҳокама қилинаётгани айтилган Фанлар Академияси қошидаги Тил ва абадиёт институтини қисқартириш ёки тугатиш режаларига ҳам қарши чиқди.

Яқинда Ўзбекистондан қайтган сайёҳлардан бирига кўра, рус тилини билсангиз, мамлакатнинг барча минтақаларида ишингиз унади.

Шаҳарлардаги дўконлар ва эълонларнинг айрим ҳолатларда қарийб тенг ярми рус тилида битилган.

Рус тилида сўзлашиш, унинг сўзларига кўра, Шўролар замонида бўлгани каби ҳамон “маданиятлилик” белгиси саналади.

Тошкентда кечадиган халқаро анжуманларнинг аксари рус тилида ўтади.

Ўзбек мулозимлари ҳам хорижга сафар қилар эканлар, барча мулоқотларни рус тилида ўтказишади.

Биз Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий тармоқлардаги ўқувчиларидан ўзбек тилининг ўтган 27 йил ичида қанчалар давлат тили бўлиб улгургани ёки улгурмагани ҳақида сўрадик.

"Давлат тили ҳақида"ги қонун ижроси таъминланмоқдами?

( Аксарият фикр-мулоҳазалар, изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда –таҳ.)BBCUZBEK Facebook

Farkhod Abdurakhmonov: Ўзбек тилига давлат мақоми берилганидан кейин қарийб 27 йил ўтди, лекин ҳанузгача она тилимиз том маънода ўз мавқеъига эга бўлмади. Биринчидан, Қонун талабига кўра, давлат идораларида ишлаб Ўзбек тилини билмайдиган бошқа миллат вакилларига давлат тилини ўзлаштиришлари учун берилган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, ҳамон давлат структураларида тилни билмайдиганлар бемалол ишламоқдалар, ҳаттоки миллати Ўзбек бўлгани ҳолда ўз она тилида сўзлаша олмайдиган раҳбар ва мутахассислар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз давлат органларида фаолият кўрсатмоқдалар. Иккинчидан, телевидения, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида шевада гаплашиш одатга айланиб бормоқда. Муҳтарам адибимиз Жамол Камол интервьюда Хоразм санъаткорларининг ўз шеваларида қўшиқ куйлаётганларини таъкидлаб ўтдилар, қўшиқни бир томондан тушуниш мумкиндир лекин кино, телесериал ва бошқа кўрсатувларда шевада сўзлашларнинг кўпайиб кетаётганлиги ва унга биронта ҳам маъсул органлар ўз муносабатларини билдирмаётганлиги кишини ажаблантиради. Ҳеч ким шевада сўзлашишга қарши эмас, ҳар бир киши ўз она тилида, ўз шевасида гаплашишга тўла ҳақли. Ҳар бир миллат, элатга ўз тилидан фойдаланишига ва уни ривожлантиришига давлат ҳар томондан шарт-шароит яратиб бериши шарт. Айни пайтда давлат миқёсида, айниқса, ОАВларида, давлат иш юритишида ҳеч қандай истисносиз давлат тилида гаплашиш ва ёзишмаларни олиб бориш керак. Учинчидан, кўчаларда, оммавий жойларда, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида Давлат тили тўғрисидаги Қонун талаблари қўпол бузилмоқда, жумладан, ҳар хил афиша, реклама, эълонлар бошқа тилларда ёзилиши ҳолатлари ҳар қадамда учрайди, шунингдек, давлат тилида ёзишларда кўп хатоликларга йўл қўйилмоқда. Биз тилимизга давлат мақоми берилган санани ҳар йили қандайдир чора-тадбир ўтказиш билан чекланяпмиз, амалда тилимиз ривожига эътиборсиз, лоқайд бўлиб қолмоқдамиз. Тил миллатнинг асосий атрибути ҳисобланади ва унга аҳамият бермаслик айни пайтда миллатга, элга бефарқлик демакдир. Ўз миллатини, юртини эъзозлайдиган ҳар бир киши она тилини улуғлайди, қадрлайди. Миллий ғурури бўлган инсон ўз она тилида равон сўзлаша олиши, ёза билиши керак. Қанча кўп тил билсангиз шунча яхши бироқ биринчи навбатда она тилини яхши билиш зарур, яъни бошқа тилларни билишимиз ўз она тилимизни камситиш ҳисобига бўлиши керак эмас. Менимча, давлат тилининг эътиборсиз қолаётганлигига яна бир сабаб шундан иборатки, тирикчилик ташвишлари ва бошқа омиллар таъсирида ёшларимиз орасида, катталарда ҳам ўқишга, илмга иштиёқ сусайган. Китоб, газета, журнал мутолаа қилмаган инсоннинг тил бойлиги чекланади фақат маиший даражада ишлатиладиган сўзлардан нарига ўтолмайди. Юқоридагилардан хулоса қилсак, Давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг ижросини таъминлаш қониқарсиз аҳволда.

Зебо Наркузиева : Жуда тугри фикр ФАРХОДЖОН лекин сизга ухшаб жон куйдирувчилар камайиб кетган афсус . Сен менга тегма ,мен сенга тегмайман --дейилаяпти хозир .

Жанна Шукир: Q'zbekistonda Davlat tili to'g'risidagi Qonunning ijrosini ta'minlash qoniqarsis deb aytishga asos bor. Lotin yozuviga asoslangan o'zbek alifbosi tasdiqlangan. Lekin fikrlar "kirillcha" yozilibdi. Bunga ham e'tibor bersangiz Qonunning 1%-ni bajargan bo'lasiz.

Ali Bey O'zbek: Давлат тили мактабда,холос. Ташкилотлар, айниқса уяли алоқа ширкатлари давлат тилини бир тийинга эмас, бир чақага олмайди.Шартномалар 100 фоиз рус тилида тузилади...Рус тилини билмайдиган дилерлар тушунмасдан “хол қўйиб” ўзини хор қилаяпти...

Лутпитдин Мухитдинович Сулейманов: узбекистон халк артисти унвони бору, телевизорга чикиб ёки журналистлар бн мулокотда факат русча гапиришади , уялмайди хам. Айникса а р т и с т л а р, масалан райхон , муниса ризаева ва куп булар.

Dilafruz Rasulova: Интернетда ҳам Давлат тили қоидаларига амал қилиб ёзиш ҳақида қонун чиқса яхши бўларди.Жуда кўпчилик тилимизни бузиб, чексиз орфографик хатолар билан ёзади, ҳатто сўзларни хато ёзиш урфга ҳам кирганга ҳам ўхшайди.

Mukaddas Ismaılova : Рус ёки бошқа тилларда гапириш уят, хато экани балки жуда тўғри, аммо шевада гапириш нега хато экан, у бизнинг шевамиз, ўзбек тилида гапирадиган Ўзбек халқининг шеваси-ю, бир бошқа тил эмаску

Shakarbek Normatov: Тожик тилигаям давлат статусини беринглар баракатопкурлар. Бизни ҳамзабонларимиз куп ку Узбекистонда (нуфузлари узбеклардан сал озроқ). Тарихга назар боқинглар - шоир ва езувчилар асрлар икки тилда ижод қилганлар ва ҳеж бумаганда ҳозир замонда рус тилини жойини олишига ҳаққимиз бор деб уйлайман.

Jaloliddin Sadriddinov: Унақада Тожикистонда ҳам Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши керак...Ўзбекларни сони ҳам Тожикистонда анча кўп...

Ферган Амади: Аввало хурмати журналист жаноблари бирон бир маколани чоп этишдан олдин уни имловий, синтаксис ва граматик жихатдан хатолари йуклигни текшириб кейин кенг омма эътиборига такдим килиш керак. Сизда хатолар гиж-гиж. Маъно сарисок пиёз булиб ётибди. Масалани иккинчи жихати журалист ахли аввало публистик услубда ижод килади. Сизнинг бу маколангизда баъдий услуб етакчи хисобланади. Узбек тили деб хар кандан туркий атамаларни, ибораларни, архаик бирикмаларни ишлатиш керак эмас. Масалани ушбу жихатларини куриб чикиб кейингина тил хакида макола чикарса ярашармиди.

Jakhan Karakhan: Давлат тили рус тилию бизда

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ