Amnesty: Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар давом этмоқда

Image caption Жаслиқ қамоқхонасида қийноқлар мунтазам қўлланилади, дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистондаги Тоштурма, МХХ ертўласи ва Жаслиқ қамоқхонасида қийноқлар энг кўп қўлланилади, дейилади Amnesty International ташкилоти янги ҳисоботида.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилоти маҳкум ва маҳбусларга нисбатан қийноқларга қарши кампания бошланганини эълон қилган.

23 мартда Amnesty International ташкилоти веб сайтида чоп қилинган матбуот мурожаатида Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларга солинган маҳкумлар тилга олинади.

Жумладан, икки йил олдин Москвада Россия ва Ўзбек МХХ ходимлари томонидан ўғирланиб, Москвада бошида елим халта кийгизилиб қийноққа солингани айтилади. Ҳисоботда Тошкентга депортация қилинган Мирсобир Ҳамидқориевнинг тақдири кейин қандай кечганига эътибор қаратилади.

Ҳамидқориев Москвадан Тошкентга бериб юборилганига қарамай, икки ҳафтадан сўнг унинг қаердалиги уйидагиларга хабар қилинади.

МХХ ходимлари Тошкентдаги уйини тинтув қилгани келиб, Ҳамидқориевнинг СИЗОда эканини айтишади. Мирсобир Ҳамидқориев икки ой давомида МХХ ертўласида, сўнгра Тоштурмада қийноқларга тутилиши натижасида бир нечта тиши ва икки қовурғаси синади.

Ҳуқуқ фаолларига маълум бўлишича, диний экстремистик фаолият олиб бориш, тақиқланган ташкилот тузиш каби айбловлар билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган Ҳамидқориевга у сақланаётган Навоийдаги қамоқхонада ҳам қийноқлар қўлланилмоқда. У озиб кетган, тишлари синдирилгани учун овқат ейиши қийин. Тиббий ёрдам олиш имкони йўқ. Бундан ташқари у тез-тез жазо изоляторига ташланади.

Amnesty International 20 йилдан бери Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан ҳолатларни мураккаб шароитларда ўрганиб келади. Ташкилотнинг қамоқхоналарни бориб кўриш ҳақидаги яқинда қилган илтимосини Ўзбекистон ҳукумати яна рад этган.

Бироқ кўп йиллик кузатишлар, ҳуқуқ фаолларининг маҳкумларнинг яқинларига таяниб берган маълумотлари ва қамоқхоналардан қутулиб чиққан инсонларнинг кўрсатмалари Ўзбекистонда Тоштурма, Миллий Хавфсизлик Хизмати жазо изолятори ва Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида қийноқлар мунтазам равишда қўлланилишини кўрсатади, дейди Amnesty International.

Шу боисдан Amnesty International бошланган қийноқларга қарши кампанияга бутун дунёдан фаолларни қўшилиб, бу жазо бериш муассасаларига "Биз биламиз, бу ерда қийноқлар қўлланилмоқда. Қийноқларни тўхтатинг!" деб мурожаат қилишга чақирган.

Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиш учун Тоштурма, Жаслиқ ва МХХ СИЗОсининг ер сунъий йўлдоши орқали суратлари акс этган маркалардан фойдаланилади.

Ташкилот милиция, МХХ қийноқларни қўллашдан воз кечиши, қийноқларга масъуллар эса жавобгарликка тортилиши керак, дейди.

2007 йилда қурилган МХХ нинг тергов изоляторига кириш деярли имконсиз. У ердан амаллаб чиқишга муваффақ бўлганлар ўзларининг қийноққа солинганларини айтишга қўрқадилар.

Бироқ 2011 йилда ҳибсга олинган Турк бизнесмени Вохит Гунеш у ердаги қийноқлардан гувоҳлик берган. У 10 ой МХХ ертўласида ҳибсда қолган ва қийноқларга тутилган.

Гунешнинг айтишича, аёл ва эркаклар тергов хонасида, ванна ва туалетда, махсус овоз чиқармайдиган, деворлари резина билан қопланган хоналарда қийноқлар амалга оширилади.

Жаслиқ қамоқхонаси эса қийноқларнинг ақл бовар қилмайдиган турлари ва ходимларнинг шафқатсизлиги даҳшатга солади, деб келтиради ташкилот.

У ерда аксарият диний ва ҳокимиятга қарши жиноятда айбланган маҳкумлар сақланади. Жаслиқдан чиқарилган мактуб ва хабарларга кўра, маҳкумлар яланғоч ҳолда полда судралиб юришга мажбурланади, улар икки томонда турган турма ходимлари томонидан дубинка ва темир трубалар билан калтакланади, совуқ хоналарда яланғоч бир неча кунлаб сувсиз ва туалетга чиқиш имкониятисиз қамаб қўйилади. Ўнлаб маҳкумлар оғир қийноқлар ортидан ўлгани маълум.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилоти янги кампания орқали Ўзбекистон ҳукуматини қамоқхоналарда қийноқларга барҳам беришга чақиради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ