Арамаис Авакян ҳукми ўз кучида қолдирилди

Жиззахдаги аппелляция маҳкамаси 5 йилдан 12 йилгача қамалган Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Акмал Матмуродовларнинг 19 февралда ўтган маҳкама ҳукми устидан шикоят аризаларини кўриб чиққан.

Судланувчилар Жиноят Кодексининг Терроризм, Конституцион тузумга таҳдид қолиш, қўпорувчилик, ўғирлик, жиноятни содир этилганини яшириш, хавфсизликка таҳдид солувчи материалларни тарқатиш, экстремистик диний ташкилотларни тузиш ва раҳбарлик қилиш моддалари бўйича айбдор деб топилган эдилар.

Маҳкамада ўнлаб милиция ходимлари, ҳарбийлар ва формасиз кийимдаги шахслар ҳозир бўлишган.

Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари деб кўрилганлар маҳкамада иштирок этиш учун келганларни мобил телефон орқали тасвирга олганлар.

Маҳкамада қатнашган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, ўтган галги маҳкама жараёнидан фарқли тарзда барча келганлар ичкарига киритилган.

Улар орасида судланувчиларнинг оила аъзолари, ҳуқуқ фаоллари ва АҚШ элчихонаси вакиллари бўлганлар.

Дилшод Алимов иши алоҳида кўриб чиқилиши хабар қилинган.

Суръат Икромовга кўра, судланувчилар ўзларининг айбсиз эканликларини таъкидлаганлар. Ўзларига нисбатан қийноқлар амалга оширилиб, кўрсатмалар олингани, тоза қоғозларга қўл қўйдиришганини айтганлар.

Жумладан, Фурқат Жўраев қийноқлар остида ҳаммага қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтган ва у билан бирга турганлар айбсиз эканликларини, фақат ўзини жазолашларини сўраган. Шундан сўнг у баданидаги қийноқ изларини кўрсатган.

Арамаис Авакяннинг айтишича, милиция ва МХХ ходимларининг қийноқлари остида мусулмонман дейишга мажбурланган. У қийноқ излари бўлган қўлларини очиб кўрсатган.

"Мен насронийман ва насроний бўлиб қоламан, мен эътиқодимни, ватанимни сотмайман", деган у.

Ҳимоячилар ҳам судланувчиларнинг айбини исботлайдиган бирорта ҳам дилил йўқлигини айтганлар ва уларни маҳкама залидан озод қилишни сўраганлар.

Бироқ қоралов томони 19 февралда чиқарилган маҳкама ҳукмини ўзгартиришсиз қолдиришни сўраган.

Маҳкама қораловнинг талабини қондирган.

Суръат Икромовнинг билдиришича, 26 февралда судланувчилар ҳимоясига тузилган "Авакян+4" халқаро жамоатчилик қўмитаси БМТ, ОИ, Human Rights Watch, Amnesty International, Freedom House инсон ҳақлари ташкилотлари, Ўзбекистон жамоатчилиги ва Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, адолатли ҳукм чиқарилишига таъсир ўтказишга чақиради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ