Би-би-сига айтаман: Ўзбекистон олий таълимида дефицит сунъийми?

Би-би-си мақолаларини доим ўқиб бораман.

Мени қизиқтирадиган жойи одамларнинг мақолаларга билдирадиган фикри. Шарҳлардаги фикрлар одатдагидек иккига бўлинади - қўллаб-қувватловчи ва қарши фикрлар. Қарши фикрларнинг аксари бир хил - "Сиз бизнинг тинчлигимизни кўролмайсиз… ёки сиз фақат танқид қиласиз, муаммони ҳал қилишга конструктив таклиф бермайсиз" кабилар.

Хуллас, оддий муштарий сифатида, менда ватан олдида ўзимнинг фуқаролик бурчимни адо этиш нияти туғилди. Мен Би-би-си кўтарадиган қатор долзарб муоммоларга жавоб топгандайман. Ҳар бир ақлли фикр жўн бўлади деганларидек...

Менинг ғоям ҳам жуда содда, лекин анча масалани ижобий ҳал қилади, деган умиддаман. Масалан, сўнгги пайтда мамлакатда валюта етишмовчилиги анча сезилмоқда, сабаби халқаро пластик карталарга доллар сотиб олишнинг умуман имкони қолмаяпти. Ёки бўлмасам бошқа муаммо - ўқитувчиларнинг паст ойлиги. Ундан ташқари - ёшлар орасида ишсизлик, ҳар ҳил оқимларга қўшилиб кетиш, таълим тизимидаги порахўрлик... Шуларнинг барчасини ҳал этиш чораларини излаб ҳукумат боши берк кўчага кириб қолгандек, назаримда. Муаммолар ҳақида етарли айтдим. Энди буларни қандай ечиш мумкин?

Сунъий дефицит

Тассавур қилайлик, ҳар йили тахмиман 550 минг абитурент ўқишга киришга ариза беради. Аммо ўқиш жойи атиги 55 минг атрофида. Демак, оддий арифметика асосида ҳар 10 кишидан бири ўқишга кириш имконига эга. Қолган 9 таси йил мобайнида бекорчи бўлиб қолади дегани бу. Уларнинг аксари лоақал контрактга илинишга тайёр. Бозор иқтисодига асосланган жамият қуриш йўлида эканмиз, унда асосий таъмойил - талаб ва таклиф бўлиши керак. Билим олиш ҳуқуқига ҳар ким эга бўлиши керак. Илм бу бамисоли бир продукт - уни сотиш керак. Чунки Ўзбекистонимизнинг ўзида ўқишга кира олмаган кўпгина ёшлар яқин ва узоқ чет элда пул тўлаб ўқишмоқда. Шу пулларни ўзимизнинг олийгоҳларга тўлатиб, ўқитувчиларнинг ойлигини ҳам рақобатбардош қилиш мумкин.

Энди савол туғилиши аниқ - шунча дипломлик мутахассисга қаердан иш таъминлайди давлат деган. Лекин бунинг ҳам йўли осон. Худди банклар доллар курсини эълон қилганда, "ушбу курсда сотиб олиш ёки сотиш мажбуриятини олмайди" дегандек, талабанинг контрактига "давлат диплом эгасига иш таъминлашни кафолатламайди" деган жумлани ёзиб қўйса бас. Талаба ўқишни битиргач, ўз мутахассислиги бўйича ишламаса ҳам - такси ҳайдовчиси ёки фаррош бўлган тақдирда ҳам - зиёли бўлса, бундан фақатгина жамият ютади. Вақти келиб иқтисод яхши бўлиб кетганда, ўша таксист ёки фаррош ўз касби бўйича ишлайверади.

Буларни айтишимга сабаб, бошдан ўтган табиб деганларидек… ўз фарзандим ўтган йили ўқишга кира олмади. Ҳозир инглиз тили бўйича халқаро тестни топширишга навбатда турибди. Навбат ҳам жуда узун экан. Камида 3 ой кутиш керак экан. Демакки, Ўзбекистон олийгоҳларига киришга кўзи етмаганлар ва чет элда ўқишни ният қилганлар сони анча-мунча. Яна ҳисоб-китобга қайтсак - шу юқоридаги 500 минг абитурент ўқиш учун йилига тахминан 2000 доллардан тўлаганда ҳам, қанақа катта пул четга чиқиб кетмоқда? Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам бундай пул тўлашга қурби етмайди. Дейлик, уларнинг ярми, барибир бу жуда катта миқдор.

Масаланинг моливий тарафидан кўра, руҳий тарафи ҳам ўта муҳимдир. Яъни, ўқишга кира олмаган ёшларнинг руҳий ҳолатини бир тасаввур қилинг…

Бундай ғояни амалга оширишнинг эҳтимоли жуда кам бўлса керак. Чунки агар ҳамма нарса шундай жўн бўлса, бу фикр ҳозирги таълим тизимдаги чекловлардан баҳра олаётган кам сонли шахсларнинг чўнтагига зарар етказиши мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш керак.

Нима бўлган тақдирда ҳам, фарзандинг ўз уйингда, ота-онаси олдида илм олганига нима етсин?! Шунда четда юриб "радикаллашишга" ҳам ҳеч қандай имкон қолмасмиди? Сиз нима фикрдасиз?

Ўзбекистонлик муштарий.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ