"Ўзбекистонда ишсизлик 5,2 фоизми ё 52?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил якунида кузатилган ишсизлик даражасини ҳамда 2016 йил 1 январдаги мамлакат аҳолисининг сонини эълон қилди.

Расмий рақамларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 709,400 киши ёки “иқтисодий фаол” фуқароларнинг 5,2 фоизи ишсиздир.

Аҳоли сони эса бир йилда 553,900 (1.8 фоиз)га кўпайиб 31,5 миллиондан ошган.

Айтиш жоизки, ҳукумат даъво қилаётган ишсизлик кўрсаткичи аввалги йиллардаги расмий рақамлардан катта фарқ қилмайди.

Масалан, ишсизлик даражаси Ўзбекистонда 2014 йили 5,1 фоиз, 2013 йилда 4,9 фоиз ва 2012 йили 4,9 фоиз деб эълон қилинган.

Бу рақамлар баъзи ривожланган Ғарб мамлакатларидаги бандлик даражасидан ҳам анча яхшидир.

Хўш, Интернет ижтимоий тармоқлари вакиллари бу рақамларга қанчалар ишонади?

Ижтимоий тармоқлар

Миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари чет элда оғир меҳнат қилиб оила тебратаётган бир вақтда Ўзбекистон расмийларининг ишсизлик ҳақидаги янги ҳисоботи ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс ва кулгиларга сабаб бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Жумладан, Facebook гуруҳларидан бирида расмий рақам ҳақида бу “5.2% ми ёки 52% ми” дея киноя қилинди (Said Sabitov).

Унга жавобан бошқа иштирокчи Отабек Юнусов “ҳойна-ҳой 52% бўлса керак” деб жавоб қайтарди.

Яна бир Facebook фойдаланувчиси Бахтияр Ташкентский ёзади: “Ҳашаматли уйлар қуряпмиз, ўзимизнинг автозаводимиз бор, Туркияда дам оляпмиз – дунёнинг энг қиммат соҳилларида, ва исталган давлатга миллионлаб меҳнат муҳожирларини таъминлаб бера оламиз! Бу катта ютуқ.”

Ижтимоий тармоқларда аҳоли сони ўсишига ҳам муносабат билдирилмоқда.

Баъзилар уни ишсизлик муаммосига бевосита алоқасини таъкидлайди.

“Бу ҳаддан ташқари кўп, бундай бўлиши яхши эмас,” дейди иштирокчилардан бири (Shamsiddin Nabiev).

“Тўғри, ҳаммани иш билан таъминлаш ҳам керак,” деб қўшимча қилди Daniyar Usmanov.

Аҳоли сони кўпайишига электр таъминотидаги узилишлар сабаб бўлгани ҳақидаги бир неча йиллар олдин айтилган ҳажвия виртуал дунёга ҳам кўчган.

“Қоронғуда яна нима билан шуғулланиш мумкин, фақат оила аъзоларини кўпайтириш билан-да,” дея бу ижтимоий муаммони юмор билан изоҳлаган Гавхар Мухамедова.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг