“Янадафобия” ва ё бунақаси фақат Ўзбекистонда!..

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption "...янада ривожлантириш..."

Ота-боболаримиз эркак кишининг ҳақиқий кучга тўлган ҳаёти 40 ёшдан кейин бошланади деган гаплари қулоққа чалинганди.

Бироқ ҳали бу ёшга кирар-кирмас ўзимни бели букилгандек ҳис қилмоқдаман. Албатта жисмонан эмас, балки руҳан шунақа кайфиятдаман.

Буни фан тилида "депрессия" дейилар экан. Шунга руҳшуносга мурожат қилдим. Лекин у ҳам дардимга даво топишга ожизлик қилди. Сабаби менда ўзига хос ваҳима тури - "фобия" мавжуд экан.

Буни ҳали фан кашф этмаган экан. Сизга кулгули туюлар, лекин менда сўздан қўрқинч пайдо бўлган. У ҳам бўлса "янада" деган сўз. Шу калимани эшитсам, ҳолсизланиб беҳуш бўламан.

Авваллари эътибор қилмасдим, лекин сўнги пайт бу дардим яна ҳам ривожланмоқда.

Сабаби ҳукуматнинг янгидан янги қарорлари чиқса, айни шу сўз билан "чирой" берилади. Яъни, "янада демократизациялаш", "янада ислоҳотларни чуқурлаштириш", "янада либераллаштириш" кабилар.

Бироқ бу қарорлар менинг шахсий ҳаётимда, фақат бир хил таъсир кўрсатиб, тескари эффект бермоқда. Турли тўлов ва жарималар миқдори ёки чекловлар ортиб бормоқда.

Мисол учун мана бу қарорни олайлик: Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида.

Image caption "Янада"нинг кони

Бу қарордан кейин валютанинг олдига умуман яқинлашиб бўлмай қолди. Ўзбек тилидан сал хабари бор одамга маълум - "янада" сўзи кучайтириш маъносини беради.

Демакки, бизда демократия, ислоҳотлар ва либераллаштириш ўзининг максимал даражасига етган - бундан ортиғининг имкони йўқ дегани.

Лекин меҳрибон ҳукумат қўшимча чора-тадбирлар кўриб, мавжуд шарт-шароитларни янада яхшиламоқда.

Бошқача қилиб айтганда, иқтисод бамисоли бир машина бўлса, у ўз тезлигини энг юқори даражасида кетмоқда - газ педаллари машинанинг полига тиралиб турибди.

Лекин ҳукумат ўзининг саъй - ҳаракатлари билан шу полни тешиш имконини излаётгандек.

Тунов куни турмуш ўртоғимнинг тиши оғриб қолганди. Шошиб тиш дўхтирга обордим. Юзлаб машина турган экан, мен ҳам шу бир чеккада тўхтадим. Кетимдам ғизиллаб ДАН ходимлари келди. Тўхташ мумкинмас, хужжатларни беринг, деди.

Мен уларга ана шунчаси турибди-ку, уларни ҳам бир текис жаримага тортинг, қонун ҳаммага бирдек ишласин десам, ҳалиги мелиса менга "сен менга қандай ишлашни указ қилаяпсан, ҳозир подкрепление чақираман, чунки сен низо туғдириш ҳаракатидасан, қонунга бўйсинмаяпсан", деди.

Шунинг орасида бир мўйсафид отахон чиқиб Матизларига ўтирмоқчи эдилар, мелиса уларнинг хужжатларини олиб қўйиб "мана бу сизни ҳам оформит қилгин деб талаб қилаяпти," деди баланд овоз билан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru
Image caption "Мелиса"лар

Бекатда турганлар ҳаммаси бирдан менга қарашди.

Мен довдираб "майли, бобони қўйиб юбораверинг, менда уларга эътирозим йўқ, мени хужжатимни расмийлаштираверинг", дедим.

Ҳайдовчилик гувоҳномамни пул тушганда бориб оларман деб юраверибман, борсам ДАН уни аллақачон судга ошириб юборибди.

Қўлимга повесткасини тутқазди. Уни ўқиб лабимга учуқ чиқай деди.

Қисқаси, сўзлари аниқ ёдимда эмас, маъноси шунақа "давлат божини тўлашдан бўйин товлагани учун..."

Хуллас, бир сўз билан айтганда уни ўқисанг, ўзингни қип-қизил муттаҳам жиноятчидек ҳис қиласан.

Судга борсам, минимал ойликни 10 бараваридан бошлади ёш суд ижрочиси. "Эээ, ака доимий иш жойим бўлмаса, кўп болали бўлсам", деб нолидим унга.

У эса "унда сизга енгиллик яратамиз мана шу идорамизнинг газетасига 5та обуна қиласиз", деди.

Бешта бир хил газетани нима қиламан десам, “билганингизни қилинг, агар хозир тўлаб, хайдовчилик гувоҳномангизни олмасангиз, жарима пеня (фоиз) тугади, кейин обший информацион базага тушса, чет-петга ҳам бориш ҳуқуқидан маҳрум бўласиз”, деди.

Бориб 400 минг атрофида 5 та бир хил "Ҳуқуқ" газетасига битта адресга обуна бўлиб квитанциясини олиб келиб бердим.

Хозир 2-хонали квартирамда, ҳар бир хонага биттадан бир хил газетани қўйиб қўйганман - бири меҳмонхонада, бири ётоқхонада, бири ошхонада, ҳожатхонага бир эмас иккитаси! Кирсам-чиқсам қўлимга тушади ноилож ўқийман, ҳар ҳолда пулим куйган, аччиқдан бўлса ҳам ўқийман.

Лекин 5 марта ўқисанг наф бераркан, сўзларнинг асл маъносига етаркансан.

Мана қарорларни хозир бошидан эмас, охиридан ўқишни ўргандим. Чунки кириш қисми доим чиройли сўзлар билан бўрттирилади.

Қарорнинг асл моҳияти охирида... яъни жарималар миқдори янада каттароқ, жазо ва чекловлар янада кучайтирилганига амин бўласан киши.

Нима бўлса ҳам ўқиган кони-фойда экан, мана "Ҳуқуқ"ни ўқиб ўз ҳақ-ҳуқуқларимни англамоқдаман. Агар кашфиётни ўз вақтида патентласанг, унда гонорар олар экансан. Шуни билиб олдим газетанинг савол-жавоб рукнидан. Шу мақсадда мазкур янги дарднинг номини қўйиб жўнатмоқдаман - "янада-фобия".

Ажабмас, мазкур ўзбек сўзи ҳалқаро сўзлар луғатига кирса. Мана курашдаги - "чала, ёнбош, ҳалол..." сўзларини чет элликлар ишлатмоқда-ку. Қолаверса, бутун жаҳонда иқтисодий кризис авжига чиқмоқда, депрессияга учраётганлар кўп. Шу халқаро руҳшунослар уюшмаси бу терминни тан олса, балки қалам ҳақи юборар.

Гонорарни олсам у-бу жаримамга яраб қолармиди?!

Ўзбекистонлик муштарий
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ