Ўзбекистон баҳсли ҳудуддан ҳарбийларини олиб чиқди

Бир ҳафталик тарангликка сабаб Ўзбекистоннинг Қирғизистонга туташ баҳсли ҳудудга олиб кирган аскарлари ва ҳарбий техникаси 26 март эрталабдан чиқариб кетилган.

Бу 25 март куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачиларининг "юзма-юз" учрашувидан кейин кузатилган.

Қирғиз тарафи учрашувнинг "Ўзбек томони ташаббуси" билан ташкиллаштирилганини хабар қилган.

Бугун эрталабки соат 8 гача барча Ўзбекистон ҳарбийлари баҳсли ҳудуддан чиқиб кетган.

"Наврўз тугади. Блок-пост олиб ташланди", деб айтган Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Қурбонбой Искандаров.

Ўзбекистон томонининг можарони конструктив, мулоқот йўли билан ечишга ҳаракат қилганини олқишлаганини айтган жаноб Искандаров "биз энди 2000 йиллардаги Қирғизистон эмасмиз", деб айтган.

"Мен қирғизистонликларга мурожаат қилиб шуни айтмоқчи эдимки, чегараларни делимитация қилиш масаласида мамлакатимиз 2000 йиллардагидан фарқ қилади. Биз йўллар қурдик, биз электр транзитида бошқаларга қарам эмасмиз, бизнинг сувимиз бор. Келишилмаган ҳар бир участка бўйича музокара олиб борамиз", деб айтган бош Қирғиз чегара музокарачиси.

18 март куни Қирғизистоннинг Олабуқа ва Ўзбекистоннинг Чортқ туманлари ўртасидаги баҳсли ҳудудга Ўзбекистон 40 нафарча аскар ва ҳарбий техника киритди.

Бунга Қирғизистон норозилик билдираркан, Ўзбекистон Наврўз байрами муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтди.

Президент Атамбоев Ўзбекистон қўшинларини баҳсли ҳудудан олиб чиқиб кетмаса, Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитига бормаслиги шартини қўйди.

Ўзбекистон аъзолигидан чиқиб кетган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги можародан ўз "хавотирини" изҳор қилиб чиқди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон 1400 километрлик умумий сарҳадга эга.

Шундан умумий чегаранинг 300 километри демаркация қилинмаган.

26 март куни Қирғизистондаги Интернет нашрларида Қирғизистонники экани айтилган, бироқ Ўзбекистонга фойдаланиб туришга берилгани айтилган иншоотларнинг рўйхати пайдо бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ