Хонандалар давлат тилини билиши шартми?

Қўшиқчи Райҳоннинг ўзбек тилини нега билмаслиги ҳақида берган изоҳидан сўнг, ижтимоий тармоқларда баҳслар авж олган.

Райҳоннинг - мен боғчада ҳам, мактабда ҳам, олий ўқув юртида ҳам рус тилида ўқиганман. Уйда рус тилида гаплашганмиз. Дўстларим ҳам рус тилида гаплашишади. Мен ўзбек тилини ўрганиш ёшидан ўтдим, деган мазмундаги фикрлари қизғин муҳокамалар мавзусига айланган.

Айни пайтда қўшиқчи давлат тилини билиши керак ёки йўқлиги тўғрисида турли фикрлар янграмоқда.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар учун хос хусусият, очиқ айтишга хавотирланадиган мавзулардан фарқли ўлароқ, қўшиқчиларнинг тил билмаслигига таалуқли постлар остида кўплаб изоҳлар қолдирилган.

Бундан олдин хонанда Лоланинг очиқроқ кийими ҳам интернетда кенг муҳокама қилинган эди.

Қўшиқчиларнинг давлат тилини билмаслиги фақат Райҳонга эмас, Шаҳзода, Лола каби бошқа хонандаларга ҳам тегишлилиги эсланади бу сафар ҳам.

Ушбу қўшиқчиларнинг ўзбек тилини билмаслигини қоралаганлар билан бирга улар билан боғлиқ вазиятни тушунишга чорловчилар ҳам бўлган.

Жумладан, Тошкентда ўзбек тилидан кўра рус тилида ўқиганларнинг келажаги бор, деб қарайдиганлар кўплиги айтилади. Чунки рус тилини ўрганиб дунёга чиқиши мумкин, ўзбек тили билан нимага эриша олади, деган фикр устун уларда.

Бироқ ўзбекистонлик тарихчи Анвар Назир Райҳонни тил билмаслигини аҳамиятсиз, деб атаганларга нисбатан Фейсбукда кескин фикрларни айтади:

"Ёшлардан хафа бўлишнинг ҳеч ҳожати йўқ! Мана бу опа, ёш қизга ўхшамайди. Райҳон Ғаниева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонли "санъаткор" ўзбек тилини билмаслигини очиқ-ойдин тан олгани ўша саҳифадаги ўзбекларда мантиқий норозилик уйғотди. Она тилини билиш ва ҳурмат қилиш ҳар бир ўзини ҳурмат қилган ўзбек учун нормал ҳол. Фақат шу норозиликларга қарши мана шу опа мана бунақа гапларни ёзди, дея Наргиза Маҳкамова исми шарифлик театршуноснинг ёзганларини мисол келтиради:

"Қаердан чиқди бу разиллик?! Нима Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлиш учун ўзбек тилини билиши шартми? Истеъдод, иқтидор, халқ орасида муҳаббат каби фазилатлар ҳисобга олинмайдими? Бундай гаплардан национал-шовинизм ва экстремизмнинг ҳиди келиб турибди. Уят сизларга!"- дейди Наргиза Маҳкамова.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Анвар Назирга кўра, давлат тили бўлган Ўзбек тилида гапиришни талаб қилиш ҳеч қандай шовинизм эмас, оддий бурч ҳисобланади. Ўзбек тили давлат тили бўлганига 27 йил бўлди. Камроқ бўлса, ҳа майли ўрганар дейишингиз мумкин, лекин бу оз муддат эмас энди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бу ўзбек тилини билмасам ҳам бўлади, деб очиқ гапириш нимадан дарак? Мамлакатдаги муҳитдан, ўзбек тилига, маданиятига, мухлисларига муносабатдан, ҳурматсизликдан. Балки мухлислари уларни тинглагани учун шундай муносабатга лойиқдир".

Анвар Назир таъкидлайдики, ўзбек тилида ижод қилиб, қўшиқ айтиб даромад қиляпсанми, аудиториянг ўзбек тилида гаплашадими бу тилда гапиришни сен ҳам ўрган. Бўлмаса, ўзбек тилида ижодни йиғиштириб, бошқа тилда қилиш керак. Ачинарлиси, Ўзбекистонда аҳолининг катта қисмини ташкил қилувчи ёшлар ана шу хонандаларга қараб тилга муносабат қилади, "маданият"ни ўрганади. Райҳоннинг ўзи тушунмай туриб гапириб қўйган гапининг фойдаси шу бўлдики, жамиятда ўзбек тилининг аҳволи ҳақида баҳс туғилди. Лекин бундай баҳслар ҳар доим бўлиб келган, аммо натижасиз қолиб кетаверган. Бу сафар ҳам тайинли бир натижа бўлиши гумон, дейди Анвар Назир.

Баъзи фойдаланувчиларнинг фикрича, одамларнинг маънавияти ҳали ҳам ўзгаргани йўқ. Миллийликни тиклаш учун ҳеч қандай иш қилинмаяпти ҳисоб.

Шу ўринда Zailobidin Sirozhitdinov Гулнора Каримовани тилга олади. "Балиқ бошидан айнийди. Гулнора билмаган ўзбек тилини бу отарчилардан қандай талаб қилиб бўлади" деб ёзади.

Таниқли фотограф Умида Аҳмедова эса: "Ўзбек тилини давлат тили бўлгани учун эмас она тилимиз бўлгани учун билиш керак!" Адашмасам, қўшиқчи Гугуша ҳам ўзбек тилида айтмаган! Мен Райҳонни мухлиси эмасман, нафақат Райҳонни... "Фонограммадан фойдаланади" деган ёзувни кўришинг биланоқ энсанг қотади) "мани ерим тошканли" деган қўшиқларни эшитсанг, немис тилида айтмайдими, деб ўйлайсан киши). Ишқилиб, бу форумдан кейин яна "дўппини ўрнига калла"бўлиб кетмаса бўлгани, деб қайд этади Умида Аҳмедова.

Менимча, Райҳон хамма айтган ашулаларидаги сўзларни ёдлаганда, буёққача ўзбек тилини ўрганиб оларди. Буни ҳатто 5 яшар бола бажара олади. Фикримча бу ерда ёлғон бор: ёки Райҳон ўзбек тилини билади, лекин псевдоимиж учун билмаганликка олади, ёки у ростдан хам ўрганишга уқувсиз, деб ёзади Нўъмонжон Асронқулов.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Анвар Назиров буларнинг ҳеч қандай имижи йўқ деб ҳисоблайди. Бу фақат ўзининг ўзбеклигидан уялишдир.

Аксарият ижтимоий тармоқ фаолларининг фикрича, қўшиқчи, артистларнинг давлат тилини билмаслиги жиддий масала, буни муҳокама қилиш вақти аллақачон келган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг