Муносабат: Ўзбекистон давлати нимадан қўрқади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи social media
Image caption "Давлат сиёсатига қарши сўз..."

Би-би-си суҳбатлашган ўзбекистонлик журналистнинг сўзларига ишонадиган бўлсак, Ўзбекистон ҳукумати “восвос” касалига чалингандай иш тутмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати учун инсон ҳақлари ва эркинликларини “хавфсизликни таъминлаш” баҳонаси билан топташ янгилик эмас.

Ўзбекистон транспорт воситалари, хусусан метрода янги эълонлар пайдо бўлган.

Бу каби эълонларда огоҳликка даъват қилинади.

Турфа террорчи амаллар эҳтимолига қарши ҳар бир ўзбекистонлик ҳушёр туриши шартлиги урғуланади.

Аммо айни шу эълонда “давлатимиз сиёсатига қарши сўзлар” айтилганида ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимларига хабар бериш лозимлиги таъкидланади.

Алексей Волосевич ўз интернет нашрида айни шу жумлани мамлакатда қонун билан таъминланган сўз эркинлигини террорчи амалга тенг қилинганидан қайғуради.

Аммо мустақил Ўзбекистон тарихида ҳеч қачон сўз эркинлиги таъминланмагани назарда тутилса, қайғуришга ҳам ҳожат йўқдай...

Шунда ҳам, тасаввур қилинг, “давлатимиз сиёсатига қарши сўз” деганда нима назарда тутилмоқда?

Масалан, Тошкент метросидадаги йўловчилардан бири - асли вилоятлардан келиб, пойтахтда 20 йилдан бери яшаётган шифокор ўз дўстига қарата, “қонунлар ҳам қизиқ, ота-онам келишмоқчи эди қишлоқдан байрамга, энди уларни мелисага олиб бориб, рўйхатдан ўтказар эканман, нима деган гап бу”, деб қолса... Унинг бу айтганлари “давлат сиёсати”га қарши, шундай эмасми?

Чунки бу шифокор, шукр қилмаяпти, норози бўлаяпти метро эшигига давлат ёзиб қўйган эълондан?

Алексей Волосевич: Албатта! Дейлик, Тошкент марказидаги кекса дарахтларни кесиб кетишмоқда, кимдир соя-салқинни қўмсаб, бундан норози бўлиб, нимадир дейди...Бу кишининг айтганларини ҳам давлат сиёсатига қарши гапирдинг деб талқин қилиш мумкин! Яъни, қаердаги ҳукуматни, ҳокимиятни танқид қилсангиз, бу ерда айтиш керакки, нафақат Тошкентда ўтирган ҳукуматни, балки туманлардаги ҳокимиятларга ҳам сал тегиб кетсангиз ва ё танқид қилсангиз, тамом, бу ҳам “давлат сиёсатига қарши” деб талқин қилишини табиий!

Ўзбекистон Шимолий Кореяни ортда қолдирмоқдами?

Image caption "Дарахтлар кесилишидан норозилик ҳам давлат сиёсатига қарши деб талқин қилиниши мумкин..."

Бу мисли кўрилмаган мантиқсизлик билан, кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати Шимолий Кореяни “чанггида қолдирмоқда”. Аммо Алексей Волосевичга кўра, “террорчиликка қарши даъват”га “давлат сиёсатига қарши” деган талқиннинг кириб қолиши, айрим мулозимлар томонидан “салла келтир деса, калла келтириш” қабилида иш кўриш бўлиши ҳам мумкин.

Тошкентдаги транспорт воситаларига ёпиштирилаётган бу огоҳнома эҳтимол, алоҳида бир, тепадан сал пастроқда ўтирган раҳбарларнинг “жонбозлигидир”, лекин Ўзбекистон пойтахтига вилоятдан келганларни беш кундан ортиқ турса, рўйхатдан ўтказиш шартлиги каби мамлакатнинг асосий қонунига ёт бўлган қарорни Вазирлар Маҳкамаси қандай изоҳлайди?

Би-би-си айни саволга жавоб излаб Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасига сим қоқиб кўрди. Уринишларимиз самарасиз кетди.

Алексей Волосевич: Ҳа, шунақа қарор бор. Ўзбекистон ўзига хос бир давлат. Бизда, жамиятимизда “восвос” бир бошландими, тамом, бу фақат авж олади, холос.

Би-би-си: Алексей, бу “восвос” нима билан боғлиқ? Масалан, Тошкентдаги ўғлини ва ё қизини кўргани келадиган 60 дан ошган отахону онахонларни милиция рўйхатга олгани билан нима ўзгаради? Балки ҳукумат кўплаб қишлоқларда қишин ёзин ишсизлик, газу чироқсизлик ва ҳатто сувсизликдан қийналган аҳоли Тошкентга оғирлик қилишидан қўрқаётгандир? Ёки экстремистлар фақат қишлоқларда қолганми?

Алексей Волосевич: Менимча, ҳукуматдагилар вилоятлардан келадиган ишсиз ёшлардан қўрқади. Тасаввур қилинг, катта сондаги ишсиз ёшлар Тошкентга тўпланишади. Иш йўқ. Эҳтимолий норозилик намойишларини назарда тутиш керак. Ҳукумат шундан қўрқади. Рангли инқилобларда асосан ишсиз ёшлар иштирок этишган. Рангли инқилобларда асосан ҳукуматлар йиқитилган. Ўзбекистон ҳукумати буни истамайди. Бунақа сиёсат 1992 йилги талабалар қўзғолонидан бери олиб борилади. Ўшанда Тошкентдан аксарият талабаларни вилоятларга чиқариб юборишганди. Рангли инқилоблар ҳам ўрганилган тепада...Ҳукуматдагилар яхши билишади, одатда намойишларчиларнинг асосий қисми четдан келган ишсиз ёшлар бўлган. Ана шундай қилиб Тошкент ўзбекистонликлар учун “ёпиқ” қолмоқда. Аммо агар Тошкентда 1999 йили “прописка”ни чеклаб қўйишмаганда, ҳозир пойтахт аҳолиси 2 миллион эмас, 5 – 6 миллион бўлар эди. Бу Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарга айлантирарди Тошкентни...Тошкент минтақанинг бизнес ва иқтисодий марказига айланиши мумкин эди...

Қадрли муштарий, Сиз Ўзбекистонда яшайсизми?

Сизнингча, эълонлардаги “давлат сиёсатига қарши сўз” деганда ҳукумат нимани назарда тутмоқда?Сиз метро ёки автобусда ўтирсангиз, “давлат сиёсатига қарши сўз”ни қандай таниган бўлардингиз?Бу ҳақда ҳуқуқ –тартибот ходимларини огоҳлантирган бўлармидингиз?
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ