“Гумроҳмисан, сотқинмисан, хоинмисан... нимасаан?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Диққат! Суратга олмоқдамиз!

Ўзбеккино деганлари олаётган филмларни моҳиятан инкубаторга ўхшатиш мумкин, биласизми нимага? Албатта биласиз, ҳаммаси бир хил бу киночиларнинг “закказ киноларида”! “Ўзга юртда шоҳ бўлгандан кўра, ўз юртингда гадо бўл” деган шукроначиларнинг мақолини киночиларга шиор қилиб беришган шекилли, ҳар бир кино ўзбекистонликларни...қўпол қилиб айтсам, гадо бўлсанг ҳам, хор бўлсанг ҳам шу ватанни сев, ҳукуматни ҳурмат қил, қўрқ ва чурқ этма ... деган қарашга тобе қилишга уринади. Шунинг учун бу кинолардаги “гумроҳ”ларга ҳатто “ўз уйида ўлиш ҳам насиб қилмайди”... Бу қарғишу нафрат ёғида ўзлари қовурган таомни ҳаммага “едиришмоқчи” бўлади. Рост, бунақа таомни еб кўрадиганлар бор, маза қилиб, орқасидан кўк чой дамлаб ичиб, беш-олти кун кўча – куйда мақтаниб юрмаса ҳам, бир чуқалаб қўйишади. Маъқуллашади. “Яхши, яхши, боплабди...” дейилади. Айримлар эса шундоқ кўчага чиққани билан нима кўрганишини унутишади. Ташвиш тиқилиб ётибди чор атрофда чунки... Аммо киночилар ҳам чарчашмайди, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг учоқлари ҳам ... Бири, бу киноларга ишонадиган бўлсак, чет элдан фақат мурда ташийди, иккинчиси, яъни киночилар эса шу мурдаларни суратга олиб, кино қилиш банд! Яна қизиғи, узоқроқдан, Америкадан учоқда келадиган бечора ўзбекнинг мурдаси, айрим ҳолатларда Россия ўрмонларида қолиб кетади! Қўрқмай бўладими, азизлар!? Бу кинолар ғирт олабўжи (ужас) кинолар, ахир! Кейин киночиларни ҳам, уларга “закказ” берганларни ҳам ҳурмат қилиш керак, шундай эмасми? Ана шу ҳурмат юзасидан ҳам қилмаган ишингиз учун “вой товба, бошқа такрорланмайди, вой ўлмасам, кечиринглар, ман ватанимни севаман, қурбон бўламан” деб алжираб берасиз, қутуласиз!

Илҳом келдими ва ё “юқдими”?

Тўғриси, билмадим, ё илҳом келди ва ё бу киночиларимизнинг, келинг, ростини айтай – сохта ва бачкана, ғирт ёлғон ватанпарварлиги менга ҳам “юқиб” қолди...Ишқилиб, мен ҳам ўтирволиб сценарий ёзиб ташладим.

Аммо ёзишдан аввал бизда ишланаётган киноларга муносабатларни яхшилаб ўргандим. Вой, елкасида бўйиннинг давоми эмас, калла кўтариб юрганлар бу киноларни шунақа сўкишибди, шунақа сўкишибди...Товуқ бўлса патига қўшилиб, пўсти ҳам шилиниб тушарди!

Айримлар бу режиссёрлар вақти келса, халқ олдида жавоб беради, деб пўписа қилибди.

Лекин, очиғини айтсак, айрим турдаги одамлару ижодкорлар шунақа мослашувчан бўлар эканки, ҳамма замонларда маза қилиб яшашар экан!

Бир пайтлар коммунист тузумни ётволиб ҳам, турволиб ҳам, ўтирволиб ҳам мақтаганлар бугун “мустақиллик” деб томоқ йиртишмоқда! Майли, келинг, менинг сцеранийимни ўқиб кўринг, қани нима каму, нимам кўп?

Филм номи: “Гумроҳмисан, сотқинмисан, хоинмисан, нимасаан?”

Филм ижодкорлари: ( режиссёр межиссёр ва чироқ устасига қадар) ОИЛАВИЙ ПУДРАТ нуқта уз!Бош ролларда: Режиссёр ва унинг фарзандлари

Тасвирда НАМУНАЛИ УЙ. Математика ўқитувчиси уйига кетмоқда. Уйи тупканинг тагида. Мактаб ҳам тупканинг тагида. Ўқитувчининг ойлиги 700 000 сўм. Уни ҳам пластикка ўтказиворишади. Кунлардан бирида қўлига калкулаторни олиб, ҳисоб-китоб қилади. Ҳамма харажатларини ҳисоблаб кўрса, ўзидан ўзи 700000 қарз бўлиб қолади! Калкулаторни кўттариб урмоқчи бўлади. Аммо ...бу ҳам бир буюм. Нимага қўлимга тушдинг, калкулатор, дейди...Нимага ҳисоб қилдим! Шартта ишдан бўшаб келади. Бир – икки ҳафта уйда бекор қолади. Хотини роса койийди. Койишда ўзбек халқ мақолларидан, мамлакатимизнинг намунали қишлоқларида фаоллар аёлларимизнинг сўз бойликларидан исталганча фойдаланилади. Кейин эса математика ўқитувчимиз шартта ўрнидан туради. Дуога қўл очади... ( Бу ёғини аниқ цензура деганлари кесади! Қанақа дуо, дейди соқол мўйловини қони чиққанча қиртишлаб олган амаки, ҚАТТА ЯШАВОССИЗ? АФҒОНИСТОНДА, СУРИЯДА, ИРОҚДА НИМА БЎЛГАНИНИ БИЛАСИЗМИ? ҚАНАҚА ДУО?!!)…Математика ўқитувчимиз худди шу ерда бир чўчиб тушади ва дуога очилган қўлларини ...бир-бирига ёпиштириб, ҳиндларники каби яъни ва ...намасте! йўқ, унақамас, ишқилиб, бир илож қилиб, осмонга қарайдию, нола қилади... “Менинг косам қачон оқаради???”

Осмон бирданига ёришиб кетади. Эртаси куни газетада янги қарор пайдо бўлади.

Қарорда эса... давлат нархида исталганча доллар сотиб олиш мумкинлиги ёзилган! Ҳамма банкка боради, виза карта очиради, кеча туғилган ва эртага туғиладиган чақалоқларга ҳам чекловсиз равишда виза карточкалари берилади.

Буёқдан долларни олиб, бозорга олиб бориб...биласиз, нима қилишларини... Ана шу қарорнинг ўзи халқнинг азалий дардларига малҳам бўлгани ҳақида, ҳукуматнинг бунёдкорлик ишлари тўғрисида нафақат математика ўқитувчиси, балки...ҳамма сайрашга тушади.

Кейин эса бу кинода бош ролларни ўйнаганлар дам олишга Дубайга, Туркияга жўнаб кетишади, қимматбаҳо дўконлардан харид қилишади, данғиллама участкалар қуришади, жип мошинлар миниб маза қиворишади...Аммо...ҳар бир ўзбек киносида бўлгани каби, “тўқликка шўхлик” қилинмаса, ўхшамай қолади!

Шунинг учун математика ўқитувчимиз босар тусарини билмай қолади. Янги хотин олади. Яна олади, яна, яна ва бундан Осмоннинг қаҳри келади. Момақалдироқ! Эртасига эса яна намунали уй...Супа. Iphone. Ўқитувчи не кўз билан кўрсинки, янги қарор чиқиб турибди. Терроризмни молиялашга қарши кураш чора-тадбирлари сифатида БАА ва Туркияда халқаро пластик карталарида хорижий валюта тўловлари тўхтатилиши ҳақида янги қарор! Энди нима қилсин?!

Шартта ўғилчаси ( ҳаётда ҳам!) Қўчқорнинг қўлига пластикни бериб, қўшни Қирғизистоннинг Қорасув ва Дордой бозорларига жўнатади. Ҳалиги 110 метрлик туннел орқали Қўчқор смартфонларни Ўзбекистонга олиб ўтар экан...адашиб қолади.

Кенг дала. Тоғ ёнбағирлари. Шоқолларнинг овозлари эшиталади. Ярим тун. Даҳшатли манзара! Шунда узоқроқдан бир нур кўринади. Борса ўтов экан. Ўтовда бир чол “Манас” куйлаб ўтирибди. Чол қизини чақиради. Чўлпоной Қўчқорга қимиз узатади...Қимизни ичиб у ширакайф бўлади.

ОРАДАН ИККИ ОЙ ЎТДИ.

Қўчқор хотини Чўлпонойга нимадир демоқда. Кенг дала...Бирданига осмонда бургут пайдо бўлади. Мағрур бургут. Қўчқор ватанини эслайди... Эсига тушади. Смартфонлар, ватан, намунали уй, отаси ва пластик...

(Давоми бор)

Ўзбекистонлик киносевар муштарий
  • PS ( муштарийдан) : сценарийнинг давомини ёзишворадиганлар бўлса, марҳамат, аммо унутманг, бугун мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, қурилишлар ва порлоқ келажакнинг қарийб яқинлашиб қолгани ҳақида кўтаринки руҳият унда акс этиши шарт!
  • PPS (муштарий муаллифдан): Ўзбеккино режиссёрлари! Сценарий ҳуқуқлари ҳимоя қилинади! Кўчириб босиш тақиқланади! Сиз учун давом эттириш ҳам тақиқланади! Умуман яқин йўламанг!

Бу мавзуда батафсилроқ