Замонавий аёллар қандай бўлиши керак?

Фейсбук ижтимоий тармоғида фаол Абдуқодир Сатторнинг замонавий аёллар ҳақида ёзган пости кўпчилик фойдаланувчилар орасида баҳсга сабаб бўлган.

Унинг замонавий аёлларга берган нисбати ижтимоий тармоқ фаолларининг қарама-қарши фикрларини уйғотган.

Баҳсга қўшилганларнинг аксарияти аёллар бўлсада, эркаклар ҳам муаллифнинг фикрига салбий муносабат билдиришган.

Дастлаб Абдуқодир Саттор шундай ёзади:

"Замонавий аёллар- таҳорат олишади, тирноқлари ўстирилган ва лак қўйилган! Замонавий аёллар, қўшиқлар кўйлаб, эшитиб иш қилишади, аммо зикрни унитишади.

Замонавий аёллар, рўмол ўрашади. Қошлар терилган, соч олди қисми (чёлка) кўринган. Рангдор, безалган ва тор-танқис кийимда юришади.

Замонавий аёллар, эрларидан руҳсат сўраб сўрамай, кафе бар шунга ўхшаш жойларда ўтиришади. Тўй тантаналарда рақсга тушишади. Интернет орқали номаҳрамлар билан дўст тутиниб, ёзишадилар ва тортишадилар. Замонавий аёллар, атир ва пардоз воситаларидан фойдаланиб, эркаклар олдида бемалол юрадилар.

Бир уйлаб кўринг,-дейди у, ёпинчиқ ўраб юришимизга замон йўл қўймаса ҳам, аммо пардоз қилиб, ясан-тусан қилишимизга мажбур қилолмайди!

Бир ўйлаб кўринг, замон бизни тўй-тантана, дугоналар билан учрашишга ундаса ҳам, Аллоҳ таоло уйда ўтиришликни буюрган! Бизни судраб уйимиздан олиб чиқолмайди! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (магар бирон ҳожат учун чиққанларингда эса ) илгариги динсизлик (даври) даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!" дея Қуръондаги (Азҳоб 33) сурасидан мисол келтиради.

Абдуқодир Сатторнинг юқоридаги фикрлари кўпчилик аёлларни норози қилган. Улар замонавий аёллардан кўнгли тўлмаган муаллифга қатор сабабларни мисол келтиришади.

Таниқли фотограф Умида Ахмедова шундай ёзади: Замонавий аёллар мардикор бозорида туришади, бир-бирини уради ва мелисадан калтак ейди. Замонавий аёллар маошдан-маошгача кун кўради, ҳамшира бўлсада, иш кунини кўча супуришдан бошлайди. Замонавий аёллар кундошга ҳам рози бўлади, замонавий аёллар эрини гўё урушдан кутгандай, Россиядан келишини пойлайди, замонавий аёллар институтни битирган бўлсада, саҳар туриб сут-қатиқ олиб, бозорга олиб боради ёки шаҳар домларини ичида сотади..... Бир замонда яшаймиз ва ҳаммани ўзини "деразаси" бор! Эътиборингиз учун раҳмат! Илтимос фақат музокара бошламанг, мен замонавий песионер аёлман, бола-чақам ташвиши етарли! Камдан-кам коммент ёзаман, агар ақллироқ одам музокарани бошласа, қон босимим ошиб кетади, замонавий касаллар кўп",- дейди у.

Бу фикрни ёқловчилар кўпчиликни ташкил қилган.

Ehrkinay Sultonova: Бардам бўлинг, азизам, мен ҳам ўша замонавий аёлман - бошдан оёқ ширин ташвишларга кўмилган, деб муносабат билдирса,

Саодат Муҳамедова: Аёлнинг аёл киши сифатида шаклланишида эркак киши айбдор бўлади. Эркак кучли бўлган оилада ҳеч кайси аёлнинг муаммоси бўлмайди, дейди.

Nadira Murray: Замонавий эркаклар ҳақида ёзинг аввал, кейин жавобини топасиз берган саволингизни, деган фикр қолдирган.

Баҳсга қўшилган Dilshoda Matchanova: Замонавий эркаклар уйда, замонавий эркаклар аёлининг қарамоғида, замонавий эркаклар ҳай-ҳай демасанг, шими иккита бўлса, хотинни бешта қилади, замонавий эркак оила боқиш дардида йиллаб хотинини кўрмайди, замонавий эркаклар аламини ароқдан олади, ишсизлиги сабаб, иложи бўлса хотини туғмаса, боқиш оғир! Замонавий эркак Одам бўлса, хотин ҳам Момо бўларди. Хотин ўзига қарамаса жамият қабул қилмаяпти, эрни мошини бўлмаса эл писанд қилмаяпти, ортиқча пули бўлмаса қизини ҳеч ким олмаяпти....Дунё кўрсанг номутаносибликни кўриб ҳайрон қоласан... Ҳаммани ҳижобга киритинглар-да, эркакларни ишлатинглар. Умуман уйдан чиқмасин аёл зоти. Эрка хотин бўлиб уйида яшасин. Ким хоҳламас экан? Борми шунақалар?-дея савол беради.

Унинг гапларига қувватлаган Лола Хамидовна, "нафақат аëллар, балки эркаклар ҳам жуда ўзгарган. Нега энди фақат аëлларни ëзишади, эркакларни ҳам ëзишсинда", деб норози бўлади.

Беш қўл баробар эмас албатта, турли хил замонавий аёлларимиз бор, оилам, бола-чақам, рўзғорим деб чопиб юрган замонавий аёлларимиз қанчадан қанча? Рўзғорим бутун бўлсин, оилам ҳеч нарсага зор бўлмасин, ўғил-қизимни орзу-ҳавас билан узатай, уйлантирай, ўғлимга уй қурай деб турмуш ўртоғини ёнида тик турган замонавий аёлларимиз қанчадан қанча? Илоҳим рўзғори учун чопиб юрган замонавий аёлларимиз бор бўлсин, деб ҳаммага инсоф тилайди Муқаддас Ибрагимова.

Баъзи аёллар Абдуқодир Сатторовдан ёзганларига ўзи амал қилиб, ибрат бўлишни маслаҳат беришса, бошқалари аёлнинг кўчага чиқмаслиги учун эркак нормал шароит яратиши кераклигини таъкидлашган.

Уларнинг фикрича, ҳар қандай аёл уйда тинчгина, бола ўстириб ўтиришни хоҳлайди. Лекин замон бунга йўл қўймайди. Уйда ўтирса рўзғорни ким қилади, дейди улар.

Шоира Акбутаевна Умарованинг фикрлари анча кескинроқ янграган: "Замонавий эркаклар аёлини пул топиб кел, деб кўчага ҳайдамокда. Замонавий эркаклар аёлини пулини ўғирлаб ичиб келмоқда. Ичиб келиб, калтаклаб хор қилмоқда. Замонавий йигитлар қизларнинг отаси қанака сеп қилишига қараб уйланмоқда. Қайнота совға қилган машинани миниб, чалқайиб юришга уялмаяпти. 3-4 мартадан уйланиб, хар кайсисидан туғилган боласини тақдири билан қизиқиш у ёқда турсин, мендан эмас деб тониб кетмоқда. Замонавий эркаклар ўзининг ҳалол аёлини талоқ қилиб, эрига хиёнат қилган бойвучча хотинга уйланмоқда. Ўзи уйда ўтириб 2 ёки 3 йиллаб Россияда ишлаб келган аёлининг пулига уй қуриб, тўй қилиб, тўйда яна туяна олиб турибди ғўдайиб. Замонавий эркакнинг ўз аёлига ''ўрнак'' бўладиган хислатларини яна қанча ёзиш мумкин бўлса шунча ёзиб берайликми?"-деб мурожаат қилади аёл.

Абдуқодир Сатторнинг замонавий аёллар ҳақида танқидий кузатишлари жамиятда кўпчилик учун ҳаёт тарзига айланиб, кўринмасдек бўлиб қолган муаммоларни, балки минглаб ўзбек аёлларининг дардларини қайта тилга чиқаришга туртки берган уларга.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ