"Ўзбекистонликлар нима учун Россияга боришади?"

Россиянинг "Аргументы и факты" газетаси журналисти Георгий Зотов Ўзбекистонга сафари кузатишларини чоп этган.

Мухбир сафари давомида инқирозга қарамасдан, меҳнат муҳожирларини Россияга етакловчи омил нима эканлигига қизиқади.

"Хрущёв кейинги авлоднинг коммунизмда яшашига ваъда берганди. Аниқ бўлишича, бепул таълим, тиббиёт, деярли текин газ ва чироқ билан биз аллақачон коммунизмда яшаган эканмиз. Ўзбеклар учун Россия Совет Иттифоқи ҳақидаги ностальгиянинг давомидир", деб бошланади мақола.

Журналистни Чорсу бозоридаги миллий овқатларнинг ҳушбўй ҳиди, мазаси ва нархи ўзига тортади.

Бир кишилик ош 6000 сўм (65 рубл.) уни бир мартада ейиш иложсиз, қўй гўштидан шашлик 32 рубл, сомса уч марта арзонлигини мисол келтирган мухбир, одатда арзон нархлар аҳолининг камбағаллиги белгиси саналади. Лекин Ўзбекистон қашшоқ давлат тасаввурини уйғотмайди, дейди у. Кечга томон ресторанлар мижозлар билан тўла, бўш стол тополмайсиз. Топ-тоза кўчалар, янги қўп қаватли бинолар, кўчаларда елиб юрган Деу, Шевроле каби маҳаллий заводда йиғилган машиналар.

Унда нега республиканинг миллионлаб фуқаролари Россияга ишга йўл олмоқдалар?-деб савол беради у.

Доллар ҳукмронлиги

Кўринишича, энг асосий минуслардан бири бу валютанинг "қора бозор"и гуллаб-яшнашидир, саволига жавоб топгандек бўлади мухбир.

"Ўзбекистонда доллар сотиш мумкин, аммо доллар сотиб олиш бу катта муаммо. Ҳар бир бозорда "валютчиклар" айланиб юришади. Сизни кўриб, секингина "ака, алмаштириш керакми?" деб сўрайди. "Қора бозор"да доллар давлат нархидан икки баравар қиммат- 6500 сўм. Ҳаммаси ҳам майли, лекин авиачипталар, автомобил ва квартиралар фақат долларда сотилиб турганда уни қаердан олиш мумкин?"

"Ғалати аҳвол, ўзбекистонликлар иш ҳақларини кардларда олишади. Бироқ пулни банкоматлардан чиқариб олиш яна муаммо: банкоматлар жуда кам ва улар доим бўш. Миш-мишларга кўра, нақд қилиб олиш учун 20-30 фоиз устига бериш керак. Карточкалар фақат қиммат супермаркетларда ўтади, лекин маҳсулотни арзон нархда сотиб олиш учун бозорга нима билан бориш мумкин?" лол қолади мухбир.

"Шунинг учун менинг юртдошларим Россияга боришади, доллар ишлаш учун, дейди у гаплашган бизнесмен Ғулом Алишеров. Ўзбек сўми конвертация қилинмайди, у республикадан ташқарида алмаштирилмайди. Четга чиққанлар у ердан маҳсулот олиб келишга ҳаракат қилади, бу арзонга тушади. Ҳукумат ҳамма нархни назорат қилади. Бензин кўпинча йўқ, қишлоқларда газ, свет йўқ. Қирқ ёшдан ошганлардан сўранг, кўпинча СССРни қўмсаганини гувоҳи бўласиз", дейди ўзбекистонлик суҳбатдош унга.

Россияга муҳожирликнинг иккинчи сабаби, визасиз тартиб борлигида, деб амин бўлади мухбир. Ўзбекистонликлар четга чиқиш учун виза олишлари керак, Россияга эса виза талаб қилинмайди.

Самарқандга саёҳат қилган журналист маҳаллий одамлар билан гаплашган. Ўтган ой Россияда оғир жиноятни содир этган Гулчеҳра Бобоқулова ҳақида одамлар гапиришни исташмайди, дейди у. Руҳий касалхонада ишловчи врачнинг айтишича, охирги йилларда иқтисодий тежаш мақсадида кўп руҳий касаллар шифохоналари ёпилган. Меҳнат муҳожирларининг орасида албатта руҳий касаллари ҳам бўлиши табиий, мижозларимдан бири ҳозир Екатеринбургда таксичилик қилиб юрганини биламан, дейди самарқандлик киши.

Журналист Ўзбекистон муҳожирлик масалалари бўйича агентликка мурожаат қилган. Агентликка кўра, 2003 йилдан бери Россияга борувчи муҳожирлар тиббий справка олишлари мажбурийдир. Муҳожирларнинг соғлигини текшириш россиялик иш берувчиларга ҳам боғлиқ, лекин уларга арзон ишчи кучи керак ва арзимаган пул тўлашдан манфаатдорлар, дейди агентлик вакили.

Россияга ўзбек меҳнат муҳожирларининг бориши фақат кам иш ҳақи ва ишсизлик туфайли эмас, долларнинг "қора бозори" ва маҳсулотларнинг танқислиги туфайли, деб хулоса қилади кўрган, эшитганларидан келиб чиқиб муаллиф.

Россияда иш топиш тобора қийинлашиб бораётган бўлса ҳам, Марказий Осиёдан бораётганлар сони шунинг учун камаяётгани йўқ, дейилади мақолада.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг