Жамол Камол: Ҳаммом йўқ жойда бассейнга чикора?

Фото муаллифлик ҳуқуқи catrionagray

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси республиканинг барча туман марказларида бассейнлар қуриш ташаббуси билан чиқди. Бир қарашда, яхши ташаббус. Туманларимизда бассейнлар қурилса, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларимиз чўмилиб, сузишни ўрганса, соғлигини ўнгласа, бунинг нимаси ёмон? Аммо, чуқурроқ ўйлаб қаралса, мавруди эмас, ортиқча машмаша...

Мен хотин-қизлар қўмитаси раҳбарларидан сўрагим келади: сингилларим, шу ташаббусни кўтаришдан олдин халқнинг эхтиёжини ўргандингизми? Сўраб кўринг, қишлоқларда яшаётган аҳолидан, аҳволингиз нечук деб? Мустақиллигимиз ёши йигирма бешга етибдики, ҳамон электр ўрнига шам, газ ўрнига ўчоқда тезак ёқамиз, деб жавоб беришади. Уларга, хафа бўлманг, биз сизларга бассейн қуриб берамиз, дейсизми?

Халқ саломатлигини ўйлаган раҳбарлар биринчи галда ҳаммом қуришади. Бобомиз Алишер Навоий Ҳирот шаҳри ва унинг атрофларида ўнлаб ҳаммомлар бунёд этганини эсланг. Ҳаммом - тозалик, озодалик демак. Тозалик, озодалик - саломатлик гарови.

Эсимда бор, кечагина, ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларида, Бухоро вилоятининг барча туманлари марказида биттадан ҳаммом бўлар, бир кун эркакларга, эртаси кун аёлларга хизмат қилар эди. Бухоро шаҳридаги ҳаммомларни айтмайсизми? Улар орасида тарихи узоқ асрларга туташ, қадимий ҳаммомлар бор эди. Иссиқ, совуқ хоналарда чўмилиб, жонимиз кирар, ҳаммом ҳузуридаги ошхонада бир коса қайнатма шўрва ичиб, тану-жонингиз яйраб кетар, терлаб, ҳар қандай шамоллашдан асар ҳам қолмас эди. Қани ўша ҳаммомлар?

Бу ҳам етмагандай, Бухоро шаҳри ёнбошидаги биргина кўлни ҳам кўп кўришди. Кўмиб, тупроқнинг ўтиришини ҳам кутмай, театр қуришди. Ёзда ҳарорат элликдан ошиб, олтмишга етганда шўрлик бухороликлар қаерда чўмилиб, жон сақлайди, деган савол собиқ ҳокимнинг хаёлига ҳам келмади. Театр майдонига Голландиядан қимматбаҳо арчалар келтириб экишди. Бухоро иқлими шароитида арча эмас, чинор, чинни гужум, тол, терак экиш лозимлигини ҳисобга олишмади. Ҳозир театр деворларига дарз тушиб, арчалар етарлича ўсмай, жиккайиб ётганмиш...

Image caption Жамол Камол: Аввал ҳаммом қуринг, кейин бассейн қурсангиз, ярашади.

Менимча, бассейнлар қурилиши масаласида ҳам шундоқ бўлади. Эҳтимол қишлоқ қизлари орасидан сузиш бўйича битта-иккита чемпион чиқиб қолар. Аммо бу билан халқнинг соғлиги ўнгланмайди. Халққа ҳаммомлар керак. Минишга оти йўқ кимса бозорга тушиб, эгар-жабдуқ харид қилмайди. Айтмоқчиманки, ҳаммом йўқ жойда бассейнга чикора? Аввал ҳаммом қуринг, кейин бассейн қурсангиз, ярашади.

Балки шунда, бутун дунё деманг, уят бўлади, сизу-бизга ҳавас билан қарайдиган бир-икки қўни-қўшни топилса, ажабмас...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ