Ўзбекистон телевидениеси Арамаис Авакян ва дўстлари ҳақида

"Тошкент" телеканали "Исломий давлат" жангари гуруҳига алоқадорликда айбланиб узоқ йилларга қамалган жиззахлик беш фуқаро ҳақида "GTA ёхуд ўйинга айланган ҳаёт" деб номланган филм намойиш этган.

Филмда айтилишича, армани фермер Арамаис Авакян ва Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар Ўзбекистонда Конституциявий тузумни ағдариш йўлида махфий гуруҳ тузишга ҳаракат қилганлар.

Феврал ойида Жиззах шаҳар маҳкамаси Арамаис Авакян ва тўрт ўртоғини Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш каби қатор оғир жиноятларда айбдор деб топиб, 5 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Россия матбуоти бундан олдин асосан марказий осиёликлардан иборат "Банда GTA" гуруҳи тузилгани ва қатор қотилликларни содир этгани ҳақида хабарлар тарқатган.

Хабарда айтилишича, гуруҳ Россияда "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" учун одам ёллаган ва тайёрлаб келган.

Филмда гапирган маҳкум Фурқат Жўраев ўзининг Россия қамоғида ўтиргани ва у ерда жангари гуруҳ аъзолари билан учрашганини айтади.

Фурқат Жўраев қамоқдан чиққач, Жиззахга қайтгани ва у ерда экстремистик гуруҳ тузиш учун ҳаракат қилгани таъкидланади.

Бунга мисол қилиб Фурқат Жўраев ва Арамаис Авакяннинг ўзаро танишганлиги, қурол сотиб олганлари келтирилади.

Кўрсатувда кўрсатма берган Жўраев Россияда диний экстремистик ғояларга берилганини тан олади.

Март ойида бўлиб ўтган аппеляция маҳкамасида эса Фурқат Жўраев қийноқлар остида ҳаммага қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтган ва у билан бирга турганлар айбсиз эканликларини, фақат ўзини жазолашларини сўраган. Шундан сўнг у баданидаги қийноқ изларини кўрсатгани айтилганди фаоллар томонидан.

Филмда беш жиззахлик маҳкум билан бирга асли жиззахлик, айни пайтда Канадада муҳожиротда бўлган журналист Улуғбек Ҳайдаров тўғрисида ҳам сўз боради.

Улуғбек Ҳайдаров касбий фаолияти туфайли Ўзбекистонда тазйиқларга учраган, қамалиб, озодликка чиққач ватанини тарк этишга мажбур бўлган.

Жиззахлик беш фуқаро экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланиб, маҳкамага тортилгач, уларнинг ҳимоясига Улуғбек Ҳайдаров онлайн петиция ташкил қилган, халқаро жамоатчиликни уларнинг тақдирига эътибор беришга чақирган эди.

Фильм муаллифларига кўра, Улуғбек Ҳайдаров 2014 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган.

Улуғбек Ҳайдаровнинг ўзининг айтишича, бу филм Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати буюртмаси билан қилинган туҳмат ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати ўзгача фикрлайдиган ёки ўз ҳақини талаб қиладиган фуқароларидан шу тариқа ўч олади.

Арамаис Авакян ва Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимов ва Акмал Маматмуродовлар ҳақидаги фильм АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюмнинг Тошкентга қилган сафаридан сўнг намойиш этилган.

Арамаис Авакяннинг рафиқаси, онаси, Фурқат Жўраевнинг яқинлари ўтган ҳафтада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида қабул қилинганлари айтилганди.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Арамаис ва ўртоқлари тақдири ҳақида Ўзбекистон ҳукумат расмийлари билан гаплашишга ваъда бергани хабар қилинганди.

26 февралда судланувчилар ҳимоясига тузилган "Авакян+4" халқаро жамоатчилик қўмитаси БМТ, ОИ, Human Rights Watch, Amnesty International, Freedom House инсон ҳақлари ташкилотлари, Ўзбекистон жамоатчилиги ва Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, адолатли ҳукм чиқарилишига таъсир ўтказишга чақирганди.

Авакян иши

Насроний динига эътиқод қилувчи Арамаис Авакян ИШИДга аъзоликда айбланиши мантиққа тўғри келмаслиги айтилган ҳуқуқ фаоллари томонидан.

Авакянга сохта айбловлар қўйилишига аслида унинг фермерлик хўжалиги ва Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

"Миллати арман Ўзбекистон фуқароси икки йил аввал балиқчилик фермер хўжалигини барпо этган. Балиқлар катта бўлиши билан Арамаиснинг олдига туман ҳокими маъмуриятидан одамлар кела бошлаганлар ва балиқчилик хўжалигининг бир қисмини талаб қилганлар. Арамаис маҳаллий ҳокимликдаги рейдерларга ўзининг балиқли ҳовузларини беришдан бош тортганидан сўнг, фермер ва унинг тўрт дўстини "диний экстремизм, бўлгинчилик, фундаментализмни тарқатадиган гуруҳни ташкил этиш, бошқариш"да, шунингдек, "конституциявий тузумни ағдариш" ва "талон-тарож"да айбламоқдалар", дейилган Авакян ҳимоясига чиқарилган мурожаатда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ