"Афсус Назарбоев Тошкент маҳаллаларини айланмайди-да"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мустақил AsiaTerra веб-сайти хабар қилишича, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга ташрифи арафасида пойтахт билан Қозоғистон чегарасини боғлайдиган кўча ва йўлларда зудлик билан таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Президент Назарбоевнинг Ўзбекистонга сафари 14- ва 15-апрел кунларига мўлжаллангани ҳақида бундан олдин хабарлар тарқалган эди.

13 апрел куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Истамбулда "Ислом Ҳамкорлик ташкилоти" саммитида иштирок этган, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашган.

AsiaTerra сайти хабарига кўра, 13 апрел куни Тошкентнинг Юнусобод туманига деярли бутун шаҳардан техникалар, қурилиш ва таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари сафарбар этилган.

Бир кеча-кундуз давомида транспорт қатновлари тўхтатилган.

Таъмирталаб бўлиб қолган кўчаларга асфальт ётқизилиб, йўл четларига гуллар ўтқазилган.

Гулларнинг кўринишидан "улар беш-олти кундан ортиқ яшамайдилар".

AsiaTerra ёзишича, Президент Назарбоев Қозоғистон ҳудудидан Тошкентга кириб келмоқчими ёки Тошкентдаги олиймақом учрашувлардан кейин Қозоғистон ҳудудига ўтиб уйига қайтмоқчими, номаълум.

Мустақил веб-сайт Ўзбекистонда хўжакўрсинчилик оддий ҳолга айланиб улгурганига эътибор қаратган.

Айниқса, чет давлатлар раҳбарлари Тошкентга бориб қоладиган бўлишса, ёхуд шу йил ёзида Тошкентда ўтказилиши мўлжаллангани хабар қилинган Шанхай ташкилоти саммити арафасида бўлганидек, қурилиш-таъмирлаш ишлари авжига чиқади.

Бунинг мисоли сифатида AsiaTerra 2003 йилги Оврўпо қайта тиклаш ва тараққиёт банкининг кўчма мажлисини эсга солади.

Ўшанда "Эски Жўва" бозорига тушган меҳмонлар кўзига картошка-пиёзларнинг нархларини паст қилиб ёзиб қўйишгани аскияга ҳам айланиб улгурган.

Веб-сайт, шунингдек, 2008 йили Латвия президенти ташрифи муносабати билан ҳодисаларни ҳам ёдга олган.

"Лекин бизга маълум бўлишича, Нурсултон Назарбоев бозорларни бориб кўришни режалаштиргани йўқ", деб ёзади AsiaTerra.

"Олий меҳмон шарафига ётқизилган идеал текис асфальтга боқиб, афсуски, Назарбоев Тошкент чеккаларида сайр қилиб, Чилонзор ёки Юнусободга ўхшаган аҳоли зич ёшайдиган мавзелари билан танишиш истагини билдирмапти-да", деган фикр ўтади хаёлдан, деб ёзади мустақил веб-сайт.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг