Назарбоев Тошкентга борди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифи билан 14 апрелда Тошкентга хизмат сафари билан борган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевни аэропортда Бош вазир Шавкат Мирзиёев кутиб олган.

15 апрелда Каримов ва Назарбоев учрашиб, музокаралар ўтказганлар.

Олдинроқ, икки мамлакат раҳбарлари турли соҳаларда Қозоқ-Ўзбек муносабатларини ривожлантириш ва истиқболлари, шунингдек, муҳим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама этишлари айтилганди.

Бугун тарқалган хабарларга кўра, президентлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сув- энергетика, транспорт- логистика ва маданий-инсонпарварлик соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар.

Президентлар минтақадаги хавфсизлик масаласи ва Тошкентда июн ойида ўтказилиши режалаштирилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг йиғилишига доир масалаларни гаплашганлар.

Бундан олдин, Ислом Каримов 13-14 апрел кунлари Тошкентда ўтган ШҲТ хавфсизлик кенгаши раҳбарлари йиғилишида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти охирги йилларда ўзининг аҳамиятини кўрсатганини айтган.

Йиғилишда терроризм, бўлгинчилик ва экстремизм, қурол ва наркотик савдосига қарши кураш, шунингдек, қўшни Афғонистондаги вазият муҳокама этилган. Интернет ва замонавий алоқа воситаларидан терроризм мақсадларида фойдаланишни бартараф этиш тўғрисида сўз борган.

Қозоғистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни алоҳида таъкидлагани айтилган. "Мустақиллик йилларида биз нафақат бу алоқаларни сақлаб қолдик, балки давлатларимизни ҳам яқинлаштирдик. Бу нуқтаи назардан қараганда, бизнинг ортиқча расмиятларсиз, қўшнилар сифатидаги учрашувларимиз катта аҳамият касб этади. Мен сиз билан дўстлигимдан ҳамда қозоқ ва ўзбек халқларининг биродарлигидан фахрланаман. Бу муносабатларни мустаҳкамлаб, келгуси авлодларга етказиш керак", деб айтган жаноб Назарбоев.

"Ҳозир биз осон бўлмаган даврда яшаяпмиз. Ҳозирги ҳолат юзасидан биргаликда фикр алмашиш учун Нурсултон Назарбоевнинг ташрифи зарур эди. Жаҳон иқтисодиётида инқироз давом этмоқда, бирор давлат муаммолардан холи эмас. Биз тўғри йўлдан боришни ва доимий тарзда "соатларни солиштириб туришни" хоҳлаймиз", — деган Ислом Каримов ҳам.

Назарбоев келишига "тайёрлик"

Назарбоевнинг Тошкентга сафари олдидан пойтахтда бошланган шошилинч тадориклар мустақил нашрлар томонидан хабар қилинганди.

Мустақил AsiaTerra веб-сайтига кўра, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга ташрифи арафасида пойтахт билан Қозоғистон чегарасини боғлайдиган кўча ва йўлларда зудлик билан таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

AsiaTerra сайти ёзишича, 13 апрел куни Тошкентнинг Юнусобод туманига деярли бутун шаҳардан техникалар, қурилиш ва таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари сафарбар этилган.

Бир кеча-кундуз давомида транспорт қатновлари тўхтатилган.

Таъмирталаб бўлиб қолган кўчаларга асфальт ётқизилиб, йўл четларига гуллар ўтқазилган.

Гулларнинг кўринишидан "улар беш-олти кундан ортиқ яшамайдилар".

AsiaTerra ёзишича, Президент Назарбоев Қозоғистон ҳудудидан Тошкентга кириб келмоқчими ёки Тошкентдаги олиймақом учрашувлардан кейин Қозоғистон ҳудудига ўтиб уйига қайтмоқчими, номаълум.

Мустақил веб-сайт Ўзбекистонда хўжакўрсинчилик оддий ҳолга айланиб улгурганига эътибор қаратган.

"Олий меҳмон шарафига ётқизилган идеал текис асфальтга боқиб, афсуски, Назарбоев Тошкент чеккаларида сайр қилиб, Чилонзор ёки Юнусободга ўхшаган аҳоли зич ёшайдиган мавзелари билан танишиш истагини билдирмапти-да", деган фикр ўтади хаёлдан, деб ёзади мустақил веб-сайт.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ