Фридом Ҳаус ҳисоботи Ўзбекистонни қоралади

АҚШда жойлашган "Фридом ҳаус" ноҳукумат ташкилотининг анъанавий йиллик "Ўтиш давридаги давлатлар" ҳисоботида Ўзбекистон яна ночор аҳволда пайдо бўлади.

2016 йил учун чиқарилган ҳисоботда Ўзбекистон марказий ва маҳаллий бошқарув, фуқаролик жамияти, эркин матбуот, адлия ва коррупция бобида баҳоланган.

Иқтисод бобида, ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирларидан келадиган пулга қаттиқ таяниб қолган. Унда айтилишича, Россиядаги рубл инқирози ва кучайтирилган иш чекловлари Ўзбекистон иқтисодига ёмон таъсир қилди ва қора бозорда сўмнинг қадри тушиб кетишига олиб келди.

Шунингдек, ҳисоботга кўра, мамлакат Гулнора Каримованинг коррупция можароларидан жабр чекди, чунки Швециянинг ТелиаСонера телекоммуникацион компанияси каби йирик сармоядорлар Ўзбекистонни айланиб ўтадиган бўлдилар.

Каримова хонимнинг бир неча бизнес шериклари қўлга олиниб қамоққа ташланган бир вақтда, унинг ўзи уй ҳибси остида қолди.

Айни дамда, Фридом Ҳаус ёзишича, президентнинг қизини жиловлаган прокурор ва миллий хавфсизлик хизмати зобитларининг ҳибсга олиниши ўзбек элитасидаги ички қудрат талашишга ишора қилди.

Ўтган октябрда 1 доллар қора бозорда 5700 сўмга чиқиб кетди. Расмий курс эса бунинг таҳминан ярми - 2836 сўм эди. Матбуотда сўмнинг бу каби тез суратларда қадрсизланишидан юзага келган ваҳима ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати сўмнинг инқирози бўйича бирон муносабат билдирмади, аммо айни дамда, ҳисоботда айтилишича, ўнлаб бизнеслар касодга учради.

Пахта ва таҳдидлар

Баъзи халқаро ташкилотлар Ўзбекистон мажбурий меҳнат борасида ижобий қадамларни қўйганини хабар қилган бўлса-да, Фридом Ҳаус Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётганини айтади.

"Ўзбекистондаги маҳаллий раҳбарларга пахта далаларидаги ҳукумат белгилаган режа тўлдилиши учун маҳаллий яшовчиларни ишлатиш вазифаси юкланган. Миллий пахта саноатини қўллаб-қувватлашдек бурчини бажармаган раҳбарлар жазоланиши мумкин", - дейди ҳисобот.

Ҳисоботга кўра, 2015 йилда ижтимоий мулоқот сайтларида мажбурий пахта теримидан нолиш кенг тус олган.

Тобора кўп одамлар ўзларининг бошидан кечган ҳикоялар билан ўртоқлашар эканлар, мажбурий меҳнатни сир сақлаш мумкин эмаслиги аён бўлди, дейилади Фридом Ҳаус ҳужжаттида.

"Кўплаб ўзбек фуқаролари Рейтерсга пахта тажрибаси шафқатсиз бўлиб қолаётгани, товламачилик, сиқувга олиш ва ишдан ҳайдаш таҳдиди билан пахта даласига ҳайдашлар юз бераётганини айтишган", - дейди ташкилот.

Адолатсизлик

2015 йилда, ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистондаги адлия ижрочи ҳукуматнинг бир қуроли сифатида амал қилишда давом этди.

"У инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатга эришилишини таъминлаш ўрнига президент ва давлатнинг манфаатларига хизмат қилишда давом этди", - дейилади унда.

Фридом Ҳаус 2015 йил апрелида "безорлик"да айбланган ва уйига ўлик ҳолда қайтарилган 26 ёшли Камолиддин Қўзиевнинг мисолига тўхталади.

"Ўзбек милициясига кўра, Қўзиев ҳибсда бўлган вақти ўзини ўлдирган. Унинг акаси Бобомурод Қўзиевнинг Озодлик радиосига айтишича, милиция Камолиддиннинг жасадини унинг оиласига олиб келган, у ҳибсда ўзини осиб қўйганини айтган ва "зудлик билан" кўмишни буюрган. Милиция ҳатто унинг гўрини қазиб қўйган экан", - дейилади ҳисоботда.

ИД ва диний таъқиб

Фридом Ҳаус ёзишича, ўтган йил февралида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Исломий Давлат баҳорда Ўзбекистон бўйлаб бир неча ҳужумларни амалга оширишни режалаётганини эълон қилди.

Мазкур эълон Каримов жаноблари сайловдан бир ой олдин аҳоли ўртасидаги қўрқувни кучайтириш ва шу билан халқнинг хавфсизлик кучларига тобеълигини таъминламоқчи бўлгани борасида таҳлилий қарашлар юзага келди, дейилади ҳисоботда.

"Исломий Давлат ҳужумлари амалга ошмади ва Ўзбекистонда Исломий Давлат борлигига далил-исбот кам", - дейди Фридом Ҳаус.

Ноябрда ҳукумат гўёки "ИД ҳайриҳохлари" деб кўрилган 200 кишини ҳисбга олди. Уларнинг аксари Россиядан қайтаётган меҳнат муҳожирлари эдилар.

"Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, мақсад - Исломий жангарилик ваҳимасини юзага келтириб, террорчиликка қарши кураш учун яна кўпроқ пул олиш эди", - дейди ҳисобот.

Айни дамда диндорликка қарши кураш давом этган. "Апрелда миллий хавфсизлик хизмати зобитлари бозорларни айланиб, ҳижобли аёлларни ҳижобларини ечишга мажбурлади. Сенятбрда ҳукумат Ҳайит вақтида болаларнинг масжидга боришини тақиқлади. Бунга йўл қўйган ота-оналарга 750 доллар жарима солиниши билан таҳдид қилинди", - дейилади ҳисоботда.

Фридом Ҳауснинг ёзишича, 2015 йилда собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг дунёдан ўтиши билан ҳукумат назорати остидаги Исломий раҳбариятда бўшлиқ юзага келган ва ҳозирча уни ҳеч ким тўлдира олмаган.

2016 йил башорати

Ташкилот башорат қилишича, Россиядаги иқтисодий инқироз чуқурлашар экан, Ўзбекистон ўзида ва хорижда тобора қисқариб бораётган иш ўринларидан жабр чекади.

Унга кўра, меҳнат муҳожирлардан келадиган пулнинг камайиши мамлакатдаги хорижий валютани камайтирган, шундай экан қора бозордаги ўтган йилги валюта инқирози давом этади.

"Иқтисодий беқарорлик эҳтимол жойларда тартибсизликларга етаклар, аммо авторитар Ўзбекистонда оммавий норозилик намойишлари юзага келишининг эҳтимоли жуда кам", - деди ҳисобот.

Фридом Ҳауснинг башорат қилишича, эркин фикр ва диний эркинликларга босимлар давом этади.

Халқаро саҳнада эса, ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон Россия билан яқин иқтисодий алоқаларни ушлаб қолиш билан бирга, изоляцион мавқеини сақлаб қолади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг