Ўзбекистон ва Тожикистонда уруш фахрийларини қандай қадрлашади?

Image caption Айни пайтда Ўзбекистонда уч мингдан ошиқроқ фахрийлар қолгани айтилади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 18 апрелда чиқарган фармонига кўра, Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларига давлат бюджетидан 800 минг сўм ("қора бозор"да 124 АҚШ доллари, расмий курсда 276 доллар)дан бир марталик пул мукофоти ажратилади.

Мукофот 9 май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда 1941-1945 йиллар Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан ғалабанинг 71 йиллиги муносабати билан топширилиши айтилади фармонда.

Кўрсатилган маблағни тантанали ва байрамона вазиятда эгаларига топшириш Молия вазирлиги ва Марказий Банк билан ҳамкорликда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МХХга юклатилган.

Бундан ташқари фахрийлар шарафига байрам тадбирлари, маърифий-бадиий учрашувлар ўтказиш кўрсатмаси берилган.

"Нуроний" жамғармаси маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда уч мингдан ошиқроқ Уруш фахрийлари ва 70 мингга яқин меҳнат фронти қатнашчилари қолганлар.

Урушда Ўзбекистондан жами 1,4 млн киши қатнашган, ундан 400 минги ҳалок бўлган, 130 минги бедарак йўқолган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг 9 май Ғалаба куни эмас Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилинади.

Мустақилликдан сўнг собиқ Иттифоққа тегишли кўпгина сўзлар, жумладан Иккинчи Жаҳон урушига нисбатан ишлатиладиган Улуғ Ватан уруши ва Ғалаба байрами иборалари қўлланилмасликка қарор қилинган.

Ҳукуматнинг совет анъаналарини унутиш йўлида қилган ушбу амали бугун Россия ўзини империя сифатида ҳис қила бошлаган даврда қўл келаётгани таъкидланади.

Ўтган йилларда Россияда ва МДҲ давлатларидаги Россия элчихоналари томонидан ғалаба рамзи сифатида Георгиев тасмаси тарқатилиши ҳам баъзи бир машмашаларга, интернетда баҳсларга сабаб бўлганди.

Бу йил ҳам ҳукуматнинг фахрийларга 120 доллар ёки 800 минг сўм мукофот пули ажратилиши эълон қилингач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдиришган.

Кўпгина фаолларга кўра, бугунда атиги уч минг нафар қолган уруш фахрийларга давлат томонидан кўпроқ моддий ёрдам бериб, эътибор кўрсатилса яхшироқ бўларди. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Нарх-наво, маиший хизмат ҳақлари кундан-кун ошиб бораётган бир пайтда ватан олдида ҳиссаси улкан фахрийларга йилда бир марта бўлсада етарли моддий кўмак бериш керак, дейди улар.

Жумладан, Amaliya Toravaeva: Машина бериш мумкин эди... ҳеч бўлмаганда кир ювадиган... ёки идиш ювадиган, деб ёзади.

Алексей Сухининга кўра, "оддий милиционерга бир ярим миллион сўм тўланади, қизиқ, улар ҳам урушадими?"

Olimjon Yuldashev: "Порадан қайтарилган пулларни ветеранларга тарқатиш керак" деб ҳисоблайди.

Azizbek Rakhmonov эса ўзбекчасига "борига барака!" деб қўяди.

Narimmat Yuldashev: Ҳукуматни сўкиш ёки у қилаётган ишларини танқид қилиш осон, айниқса компютер олдида ўтириб, ўзингиз-ўзингизга савол бериб кўрингчи - қачон охирги марта яқинларингизга, бобонгиз ё момонгиз, дадангиз ё онангизга ҳеч бир сабабсиз совға-салом бергансиз, қўшни қари кампир ё чолгачи? Бирорта ногиронга таниш-нотаниш ногиронгачи? Оиладан ортиб бирор яхшилик қилибмидингиз .............. Улуғ Ватан қанашчиларига қанча яхшилик қилсангиз ҳам кам .... уларнинг бола-чақаси, невара - чеваралари қани, давлатни берган уч сўмини ёнига улар ҳам ўз улушини қўшса бирор жойи камайиб қолмайди!-дея кўп ундов белгилари қолдирган.

Khait Khaitov: Бу ғалаба баҳосими? Ғалабанинг баҳоси қанча?

Қўшни Тожикистонда фахрийлар кўпроқ қадрланадими?

Image caption Қўшни Тожикистонда фахрийлар кўпроқ қадрланадими?

Аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчилари, жабҳа орти меҳнаткашлари ва урушда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига Ғалаба куни муносабати билан 2000 сомонийдан мукофот пули берилсин деб буюрган эди.

2000 сомоний 250 АҚШ долларидан кўпроқ ва қора бозор нархлари билан солиштирганда президент Каримовнинг туҳфасидан икки карра ортиқроқдир.

Тожикистонда Ғалаба куни муносабати билан бериладиган мукофот пули 3000 кишига тақдим қилинади.

Бугунги кунда Тожикистонда 633 нафар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилади.

Ўтган йил эса уларнинг сони 810 нафар бўлган.

  • BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - http://bbc.in/1Si6GlC
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ - BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1WCQHUC)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ