Халқаро Амнистия:“Россия ўзбекистонлик қочқинларни мажбуран ватанига қайтармоқда”

Image caption Халқаро амнистия ташкилотининг ишонишича, Ўзбекистонда ҳибсга олинганларнинг бари қийноққа солинади.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, юзлаб ўзбекистонлик бошпана изловчи қочқинлар ва муҳожирлар мажбуран Россиядан Ўзбекистонга қайтарилмоқда.

Ўзбекистонда эса улар қийноққа солинадилар, дейилади ташкилот номасида.

“Қийноқлар томон йўл: Россияда муҳожирларни ўғирлаш ва Ўзбекистонга мажбуран қайтариш” деб номланган бу ҳужжатда Россия мулозимлари Ўзбекистон хавфсизлик кучлари билан ҳамкорликда юзлаб бошпана изловчиларни ватанга қайтаргани борасида сўз кетади.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистонда бу қочқинларни қийноқлар кутаётгани аниқ.

Айрим алоҳида ва жуда кам ҳолатларда Россия Ўзбекистоннинг экстрадиция талабларини қондирмаган.

Аммо Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари ходимларига Россиядаги муҳожирларни ўғирлаб кетишга рухсат берилган, дейилади ташкилотнинг матбуот баённомасида.

“Россия мулозимлари Ўзбекистондаги қийноқлар ва адолатсизликларга кўз юмибгина қолмай, уларга (Ўзбекистонга ҳукуматига – таҳ.) ёрдам бермоқда”, дейди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори Жон Далҳизен.

Жон Далҳизенга кўра, Россия бу каби қочқинларни ўғирлаб кетиш ва депортация қилиш амалларига чек қўйиши, ўзининг инсон ҳуқуқлари борасида олган мажбуриятларини бажариши керак.

“Россия Ўзбекистонга қийноқ қўлламаслик, барча маҳкамалар адолатли ва халқаро меъёрларга мувофиқ ўтиши учун босим қўллаши керак”.

Ўзбекистонда қийноқ қўллаш тўхтагани йўқ

Ўзбекистондай ёпиқ бир мамлакатда инсон ҳуқуқлари фаолларининг арзлари, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва дипломатларнинг ҳикояларига асосланса, қийноқларни бартараф этиш учун ҳукумат деярли ҳеч қандай амалий чораларга қўл ургани йўқ.

Халқаро Амнистия ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг вақти-вақти билан ўтказиладиган “терроризмга қарши кураш”, “давлатга қарши фаолият” каби кампанияларини тилга олади.

Бу каби кампаниялар ҳукуматнинг ўз мухолифлари, танқидчилари ва ноқонуний диний оқимларга ҳайриҳоҳларни жазолаш учун оқлов бўлади, дейилади баёнотда.

Ташкилотнинг ишонишича, ҳибсга олинганларнинг бари қийноққа солинади.

2013 йилда Россия мулозимлари ўзбекистонлик режиссёр Мирсобир Хамидхўжаевни экстрадиция қилиш ҳақида Ўзбекистон талабини қондиришмайди.

У аёлларнинг рўмол ўраши уларнинг ҳуқуқидир деганини кимдир эшитиб қолгани учун “ноқонуний диний гуруҳ” тузишда айбланган эди.

Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, 2014 йилнинг июн ойига келиб уни ўғирлаб кетишади.

Россия Федерал хавфсизлик кучлари Ҳамидхўжаевни Ўзбекистон хавфсизлик ходимларига топширишади.

Уни мажбуран Ўзбекистонга қайтаришади.

Халқаро Амнистияга кўра, Ўзбекистонда Мирсобирни калтаклашади ва у “айбига иқрор” бўлади.

“Тишларини қоқиб олишади, икки қобирғасини синдиришади ва қамоқхоналарнинг жазо ҳужраларида бир неча ҳафта ўтириб чиқади”.

Қийноқлар оқибатида олинган иқрорномадан кейин уни саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишади.

Оилалар ҳам таҳдид остида

Image caption Арамаис маҳкамага ўзининг гўё “ИШИД ҳайриҳоҳи” эканига қийноқлар остида иқрор бўлганини айтади.

Ўзбекистон мулозимлари учун “шубҳа остида бўлган” шахсларнинг қаердалигини билиш учун уларнинг оила аъзоларини таҳқирлаш одатий ҳолга айланган.

2016 йилда Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари Артур Авакиянни ҳибсга олишади.

Қийноққа солишади ва ниҳоят, Артур ўз акаси, балиқчи Арамаисни “террорчи фаолиятига иқрор бўлади”

Амнестига кўра, Артурни милиция ходимлари электр токи билан то тили танглайига ёпишиб қолганига қадар қийнашади.

Арамаиснинг дўстлари ва оила аъзоларига кўра, унинг қамоққа ташланишига балиқчилик фермасига айрим маҳаллий мулозимларнинг кўз олайтириши сабаб бўлган.

Қарийб беш ой ҳибсда ушлаб турилгач, уни маҳкамага тиббий замбирда олиб келишади.

“Террорчиликда” айбланган Арамаис, Амнестига кўра, Жиззах вилояти маҳкамаси томонидан етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Арамаис маҳкамага ўзининг гўё “ИШИД ҳайриҳоҳи” эканига қийноқлар остида иқрор бўлганини айтади.

Ўзбекистонда қамоққа ташланган шахсларнинг яқинлари қийноқлар ҳақида арз қилишга қўрқишади, дейилади баёнотда.

Бунга сабаб, Амнестига кўра, аксарият ҳолатларда маҳбус ва маҳкумларнинг оила аъзоларига уларнинг ҳоли баттар бўлиши борасида таҳдид қилинади.

  • BBC O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - http://bbc.in/1Si6GlC
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ - BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1WCQHUC)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ