Латвия "пул ювиш" хизматлари ёпилмоқдами?

Хабарларга кўра, Латвияда ноқонунуий пулларни "ювиш" амалларига қарши кураш бошланган. Бу эса собиқ Иттифоқ мамлакатларидан бўлган мижозларга таъсир қилиши кутилмоқда.

Латвия собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудида ўзига яраша молия марказига айланган бўлиб, мамлкат банклари орқали миллионлаб шубҳали йўлда келган пуллар ўтиши ҳақида анчадан бери айтиб келинади.

Латвиядаги банклар Марказий осиёлик, хусусан ўзбекистонлик мижозлар орасида ҳам энг кўп фойдаланиладиган хорижий молия институтларидир.

Аслида Латвияда Россия, Украина, Молдова ёки бошқа МДҲ давлатидан бўлган пулларни қўштирноқ ичида "ювиш" ёки қонунийлаштириб олишга қарши кураш 10 ларча йиллардан бери давом этиб келаётгани айтилади.

Лекин бунга қарамай, Латвия Шарқий Оврўподаги энг "самарали ва ишончли" "пул ювиш" макони деган номни орттириб олган.

Латвиядаги қатор банкларнинг бошқарувида ишлаган Гирт Рунгайниснинг айтишича, "Латвиядаги банкларда ҳисоб очиб, Оврўпонинг бошқа мамлакатларида имконсиз бўлган молиявий амалларни бемалол бажариш мумкин".

"Масалан бошқа ҳеч жойда россиялик ишбилармон келиб чиқиши шубҳали бўлган пуллар билан борди-келдини бу ердаги каби тез амалга ошира олмайди", дейди Рунгайнис.

Унинг айтишича, балки бундай ҳолатлар бошқа мамлакатларда ҳам юз берар, лекин Латвияда бу мунтазам муаммога айланган.

"Банк соҳасининг деярли ярми "ноқонунуий пулларни ювиш" дан бошқача таърифлаб бўлмайдиган амаллар ортидан кун кечиради. Бу соҳада ишловчилар буни билишади ва ими-жимида сўз юритишади", дейди Гирт Рунгайнис.

Латвияга "мижозлар"ни икки асосий омил тортади. Биринчиси, мамлакат Оврўпо Иттифоқи аъзоси, ва иккинчидан бу ерда рус тилида гапирадилар ва собиқ Шўродан бўлган мижозларга ишонадилар.

Банклар мижозлари пулларида муаммо кўрмайди

Молия соҳасида ишловчи Инесис Фейферисга кўра, албатта баъзи пулларнинг келиб чиқишини текшириш керак.

"Лекин биринчидан маблағнинг келиб чиқишини текшириш осон иш эмас ва иккинчидан, узоқроқ текширсангиз мижозни йўқотиб қўйишингиз ҳам мумкин", дейди Фейферис.

Латвия банклари эса ўз навбатида бутун соҳани деярли 20 йилдан бери иш билан таъминлаб келаётган ва мамлакатни минтақавий молия марказига айлантирган мижозларига содиқлар.

Сиёсатчилар эса яқин-яқингача банк лоббиси талабларига ён бериб, шубҳали амалларга кўз юмишга мажбур бўлганлар.

Латвиядаги йирик банкларнинг мижозлари асосан хориждан. Банкларнинг ўзлари хорижлик мижозларнинг пулларида муаммо кўрмайдилар.

"Латвиядаги шубҳали мижозлар сони бошқа жойдагидан кўп эмас"

Латвиядаги Rietumu bankининг президенти Александр Панковнинг Би-би-сига айтишича, агарда мижозлар пулларининг келиб чиқиши ҳақида ишончли маълумот тақдим эта олмасалар, бундай мижоз билан иш кўрилмайди.

"Пулларни ювишга қарши кураш жуда муҳим. Шунинг учун биз ва бошқа банклар ҳам кураш усулларини мустаҳкамлаш йўлида ҳаракат қиладилар", деб айтган Александр Панков.

ABLV банки вакили Илмарс Янгарс ҳам Латвия банкидаги шубҳали мижозлар сони Австрия, Люксембург ёки Швецария банкларидан кўра кўп эмас, дейди.

"Ҳамма қонун-қоидаларга биз ҳамиша риоя қилганмиз ва ҳеч қандай эслатмаларсиз риоя қилиб борамиз", деди у Би-би-си билан суҳбатда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти нима дейди?

Латвиянинг иқтисоди катта эмас. Лекин молиявий соҳа қамрови ва ошкораликнинг йўқлиги мутахассисларнинг хавотирларига сабаб бўлган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳисоботида айтилишича, Латвия банкларининг хорижий мижозлар билан ишлашлари хорижда шубҳали йўлда топилган пуллар мамлакат ичкарисида "ювилиши" имконини туғдирмоқда.

"Депозитларнинг катта қисми коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатлардан келмоқда," дейилади ҳисоботда.

Латвия банк ҳисобларидаги пулларнинг 53 фоизи хорижийларга тегишли.

Бу пулларнинг 80 фоизи собиқ Иттиифоқ давлатларидан келган.

Пул ўтказмалари асосан долларда амалга оширилгани учун бу ҳолат бир томондан АҚШни ҳам хавотирга солган бўлса, иккинчи томондан, терроризмни қувватлаш йўлида ҳам фойдаланилаётгани борасидаги хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Қонунларга ўзгартириш. Хўжакўрсинга

Латвия парламентининг Коррупцияга қарши кураш, Мудофаа ва Ички Ишлар комиссияси раҳбари Айнар Латковскисга кўра, ҳозирда мамлакатда терроризмни қўллаш йўлидаги молиявий амалиёт гумони билан 6 иш очилган.

Латвия АҚШ ва Халқаро ташкилотлар хавотирларини назарда тутаётганлиги айтса-да, хорижий мижозлар кўламини ўзгартирмай келмоқда.

Лекин халқаро хавотирлар туфайли пулларни ювишга қарши кураш борасидаги қонунларга 2014 йилдан буён баъзи ўзгартиришлар киритилди.

Аммо 2015 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳисоботида айтилишича, мамлакатда бу борадаги аҳвол рисоладагидан ҳали анчайин узоқда ва олиб борилаётган кураш расмиятчиликдан бошқа нарса эмас.

Ташкилотга кириш илинжида бўлган мамлакат сиёсатчилари учун бу жиддий огоҳ эди.

Ҳисоботда пулларни ювиш ҳолатларининг аниқ далиллари келтирилган. Масалан, Канада ширкати Қирғизистонга пуллар ўтказган, АҚШ ширкати эса Россияга.

Молдовадан миллиардлаб доллар олиб чиқилиб, Латвиядаги банкларда "ғарқ" бўлган.

Жарималар

Бу фактлар баъзи ўзгаришларга етаклаган. Молия ва капитал комиссияси деб номланган ташкилот раҳбари ўзгартирилган.

Латвия собиқ бош вазири ва Сейм депутати Лаймдот Страуюмнинг Би-би-си га айтишича, эндиликда айнан хорижлик мижозлар пулларига катта эътибор қаратилади.

"Албатта бу баъзи банкларда пул айланиш миқёсининг тушишига олиб келиши мумкин. Лекин банк соҳасидаги инқирозга етаклайди, деб ўйламайман", дейди у.

Молдовадан пулларнинг "ғойиб" бўлишига алоқадар банклардан бири - PrivatBank ка 2 миллион евро жарима солинган.

Trasta Komercbank лицензиясидан айрилган, Baltic International Bank 1,1 миллион евролик жаримага тортилди.

Бу банкларнинг ҳаммаси хорижлик мижозлар билан иш юритишган ва пулларни ювишга қарши қонун-қоидаларни бузганлиги айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг