Замонавий таксичилик киракашнинг нонини ярим қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Замонавий технологияларга асосланган хизмат кўрсатиш ҳозирги замоннинг энг йирик кўринишларидан биридир.

Масалан UBER такси хизматини кўрсатиш тизимини олайлик. Uber Technologies Inc. дея аталувчи, АҚШнинг Сан Франциско шаҳрида асос солинган мобил алоқа ёрдамида ишловчи бу такси хизмати саноатни мутлақо ўзгартириб юборди.

Бу мобил қурилмага эга бўлган мобил телефон ёки планшет соҳиби эндиликда такси чақирмоқчи бўлса, кўчага чиқиб қўлини кўтармайди ёки телефон ҳам қилиб ўтирмайди.

Телефонидаги нуқтани босади, шу яқин атрофдаги энг яқин машина келиб уни истаган ерига олиб кетади. Манзилга етгандан сўнг, чўнтак кавлаб, кира ҳақи чиқариш ёки ҳайдовчига чой чақа- каби анъанавий олди-берди ҳам йўқолган. Тўловларнинг ҳаммаси худди шу апликация орқали амалга оширилади.

Атиги 6 йил аввал фаолият кўрсата бошлаган UBER ширкатининг ҳозирги кундаги бозор нархи 62 миллиард доллардан кўпроқ.

Хабарларга кўра, келиб чиқиши Ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновнинг ширкатда каттагина ҳиссаси бор.

Ана шу манзарада Ўзбекистонда такси хизматининг даражаси қандай?

Фарғона вилоятининг Риштонида таксичилик қилувчи ҳайдовчининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича таксичилик мамлакатда энг кенг тарқалган даромад манбаларидан биридир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

2010 йили асос солинганидан бери UBER такси хизмати ҳозирга келиб жаҳоннинг 60 мамлакатида мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

Ўзбекистонга ҳам охирги йилларда бу турдаги такси хизмати кириб келмоқда.

Би-би-си билан суҳбатлашган маркетолог Ферузхон Ёқубхўжаевнинг айтишича, улардан бозорга илк кириб келгани taxi.uz тизими эди.

"Лекин баъзи сабабларга кўра taxi.uz муваффақиятсизликка учради, менимча сабаб хизматни йўлга қўйган лойиҳа раҳбарларининг хатоси эди", дейди маркетолог.

Би-би-си: Тaxi.uz Uber тизимига монанд хизмат эди, деб айтяпсиз. Банк тизими ва нақд пулсиз тўловлар у қадар ривожланмаган Ўзбекистонда бу каби тизим қандай ишлайди?

Ферузхон Ёқубхўжаев: Аслида такси хизматини кўрсатиш схемаси ишлаши учун ўта яхши ривожланган банк тизими у қадар ҳам керак эмас. Тaxi.uz нақд пул тўлаш асосида иш юритарди. Ёки банк ҳисобига эга бўлган ташкилот-можозларнинг пул ўтказмалари йўли билан ҳақ тўлаш усулида ишларди. Такси.уз мобил телефон оркали ишлатиш мумкин бўлган Ўзбекистондаги илк такси апликацияси эди. Ўтган йили феврал ойида бошқа бир хизмат пайдо бўлди: Мytaxi.uz. Бу ширкат Ўзбекистон янги технологиялар бозорида 2004 йилдан бери фаолият юритиб келаётган Newmax Technologies ширкатига тегишли. Улар Ўзбекистон бозорида илк бор Ярмарка. уз онлайн дўкон хизмати билан пайдо бўлишганди. Бу ширкатнинг қатор бошқа технологик схемалари бор ва баъзилари интеллектуал маҳсулот сифатида бошқа давлатларга ҳам солтилади. Ҳозирги унда Мytaxi.uz бу каби хизматлар бозорида энг муваффақиятлиси ҳисобланади.

Би-би-си: Бу хизмат айнан қандай ишлайди?

Ферузхон Ёқубхўжаев: Мобил телефон, ёки дейлик планшетга бу апликацияни юклаб оласиз. Такси керак бўлган вақти ўша апликация орқали такси чақирасиз, улар ўз геолокация воситасида қаерда эканлигингизни аниқлаб, машина юборади. Сиз қаерда кутиб туришингиз, ёки айнан қачон кераклиги борасида ҳудди шу апликация орқали қўшимча маълумот беришингиз мумкин. Тўлов эса турли йўлда. Ҳозирда Клик.уз номли тўлов тизими ҳам ишга туширилган. Бу тизимдан миллионга яқин киши ҳозирда фойдаланмоқда. Бу тизимга банкдаги ҳисобингиздан тўлашингиз мумкин. Яъни, нақд пулсиз мобил телефон орқали тўловни амалга ошириб кетаверасиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си: Бу каби такси хизматидан ҳозирда қаерларда фойдаланиш мумкин? Фақатгина Тошкентдами?

Ферузхон Ёқубхўжаев: Мytaxi.uz ҳозирча Тошкентда. Лекин яқин орада Фарғона водийси ва Самарқандда ҳам йўлга қўйишмоқчи. Яқиндагина Ўзбекистон бозорида InDriver.ru ҳам пайдо бўлди. Икки ҳафтача аввал бу ширкат атрофида можаро келиб чиқди. Гўёки бу ширкат на Россияда ва на Қозоғистонда солиқлар тўлагани учун Қозоғистонда фаолиятини тўхтатишди. Ҳозирда бу борада текширувлар олиб борилмоқда, аниқлаштирилгунга қадар хизмат ишламай турибди. Бу хизмат Қозоғистон шимолида анчайин оммабоп эди ва ҳозирда Ўзбекистон бозорига кириб келмоқда. Мytaxi.uz билан InDriver.ru ўртасидаги асосий фарқ шуки, InDriver сиз ўзингиз хоҳлаган баҳони ҳам қўйиб, шунга рози бўлган ҳайдовчини чақиришингиз мумкин. Ҳудди ким-ошди савдосига ўхшаб кетади. Сиз айтган ҳаққа ҳеч ким рози бўлмаса, секин аста ошириб боришингиз мумкин. Лекин ҳали бу хизмат ишга тушмади, фақатгина 3-4 ширкат вакили келиб, йўлга қўйиш ҳаракатларини амалга оширишмоқда.

Би-би-си: Бу хизматларда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар улар тўлиқ ишга олинган ходим сифатидами, ёки ҳар ким бўш вақтида ҳудди киракашлик қилгандек, бу хизматга қўшилиб, хизмат кўрсатиши мумкинми?

Ферузхон Ёқубхўжаев: Йўқ, ҳамма ҳам ишлаб кетавера олмайди. Чунки унда албатта такси хизматини кўрсатиш учун лицензияси бўлиши керак. Чунки солиқ хизматлари бу ҳолатни ҳозирда қаттиқ назорат қилишади ва лицензиясиз киракашлик ноқонуний ҳисобланади.

Би-би-си: Яқин вақтларгача мижозлар орасида ўта оммабоп бўлган ва Ўзбекистондаги кўплар учун иккинчи даромад манбасига айланган киракашликни бу янги турдаги такси хизматлари бозордан сиқиб чиқармоқда, деб айтишимиз мумкинми?

Ферузхон Ёқубхўжаев: Киракашлик бозори ҳануз бор. Психологик жиҳатдан ҳали ҳам кўплар кўчада киракашлик қилиб юрган ҳайдовчи хизматидан фойдаланиш арзонроқ, деб биладилар. Лекин мен шахсан ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу арзонроқ эмас. Аммо одамларнинг дунёқараши ўзгармагунга қадар киракашлар бозори ҳам сақланиб қолаверади. Лекин замонавий технологиялар асосида ишловчи ширкатлар пайдо бўлган сари ва улар бу хизматлар ҳам қиммат эмас, яхши хизмат кўрсата олишини исботлаган сари киракашлик бозори йўқолиб бориши мумкин. Лекин бунга ҳали анча бор, менимча.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг