Ўзбекистонда янги ижтимоий тармоқ очилган

Ўзбекистондаги интернет нашрларига кўра, республикада янги Davra.uz. ижтимоий тармоғи ишга туширилган.

Хабарда айтилишича, Davra.uz. ўзида замонавий воситалардан фойдаланишнинг уйғунлашган усулларини ўзида намоён этади. Davra.uz. нинг бош саҳифаси миллий йўналишда безатилган.

Ўзбекистонда асосан Facebook, Одноклассники каби ижтимоий тармоқлар оммабоп саналади. Айни пайтда маҳаллий тармоқларни ҳам ривожлантириш ёшларнинг келажаги учун муҳимлиги айтилади.

Технология янгиликларини ёритувчи ICTnews нашрига кўра, янги ижтимоий тармоқнинг очилиши турлича қаршиланган. Билдирилган фикрларга қараганда, охирги пайтларда фойдаланувчиларнинг сони бўйича мессенжерлар ижтимоий тармоқлардан илғорроқ саналмоқда. Шу боис, янги ижтимоий тармоқдан кўра мессенжерлар кўпроқ самаралидир.

UZINFOCOM марказининг маълумотлари бўйича, ҳозир Ўзбекистонда 38 миллий ижтимоий тармоқ мавжуд бўлиб, 8 таси фаол ҳисобланади.

Улар орасида 172 фойдаланувчиси бўлган Muloqot тармоғи етакчи. Myjob.uzнинг 60 мухлиси бор, Адабий-маърифий портал Ziyonet - 57 минг фойдаланувчига эга. Бундан ташқари кўплаб ўқувчиларига эга ўзбек тилидаги интернет блоглар бор.

Кузатувчиларга кўра, янги ижтимоий тармоқнинг очилиши ижобий бўлсада, лекин унинг аҳамияти қанчалик эркин фаолият олиб боришига боғлиқ албатта.

Чунки Ўзбекистон ҳамиша интернетга чеклов қўйилган давлатлар сафида ва бу ҳолат маҳаллий ижтимоий тармоқларга таъсир қилмай қўймайди, дейди улар.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар таъкидлашича, Фейсбук, Твиттер, Однокласники тармоқларга киришда у қадар муаммо бўлмасада, ўзбек тилидаги қатор мустақил веб сайтлар ва ҳукумат сиёсатини танқид қилувчи нашрларга кириб бўлмайди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони ўн миллиондан ошади.

Бироқ ўта фаоллашиб кетган ҳар қандай интернет фойдаланувчиси Ўзбекистон махсус хизматларининг назарига тушиши мумкин.

Ўзбекистондаги аксар интернет кафеларда "Ўзбекистон конституциясига зид, экстремистик ва порнографик веб саҳифаларга кириш ман қилинади," деган ёзувлар ёпиштирилган.

"Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистонни "интернет ашаддий душманлари" бўлган мамлакатлар қаторига киритган.

Бир неча кун олдин Президент Ислом Каримов имзолаган қонунга асосан, Интернетда диний мазмундаги материал эълон қилиниши ёки бошқалар билан бўлишиш диний-экстремистик адабиёт тарқатишга тенглаштирилиб 8 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Фаолларнинг фикрича, бу каби чоралар ҳозирги информация даврида аҳолини доимий назоратда ушлаб туриш йўллари сифатида кўрилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг