Афғон-Ўзбек чегара ҳудудига илк ҳужум қайд этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи sodiqlar.info
Image caption Чегарага кўз тиккан жангарилар..ми?

Афғонистоннинг Балх вилояти полициясидаги манбаларга кўра, Ўзбекистон билан чегара ҳудудига илк бор қуролли ҳужум амалга оширилган.

Калдор тумани душанба куни тонгда номаълум жангари гуруҳлар, аммо бошқа манбаларда айтилишича, Толибон кучлари томонидан нишонга олинган.

Би-би-си суҳбатлашган маҳаллий мулозимлардан бири айни ҳужум Афғонистон ҳукумати аскарлари бўлган иккита постга қаратилганини даъво қилган.

Маҳаллий қўмондонлардан бири Ариана телевизион тармоғи билан суҳбатда “Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегаралар мустаҳкам қўриқланаётгани ва жангарилар бу ҳудуддан кесиб ўтолмаслигини” урғулаган.

Тахминларга кўра, жангарилар Қундуз вилоятидан келишган бўлиши мумкин.

Калдордаги икки текширув нуқтасига ҳужум қилганлар қочиб кетгани айтилади.

Қўшнилар хавотирда

Ўтган йил сентябр ойида Толиблар Афғонистон шимолидаги йирик стратегик шаҳар Қундузни босиб олиши нафақат Кобулни, балки қўшни давлатлар дохил Ғарбдаги иттифоқчиларини ҳам ташвишга солган эди.

Ўтган ой эса Туркманистоннинг Афғонистон билан чегарада юзага келган вазият боис, Мари ҳудудида мамлакат қуролли кучлари жанговор ҳолатга келтирилгани хабар қилинди.

Аввалроқ, Толибон, "Исломий давлат" жангари гуруҳи ва кичик маҳаллий қуролли гуруҳлар Марказий Осиё билан чегара ҳудудларда тўплана бошлаганлари ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалганди.

Туркманистон ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар мамлакат ҳудудига ўтишидан хавотирда.

"Хроники Туркменистана" нашрининг ўз манбаларига таяниб айтишича, айни пайтда чегара ва ҳарбий бўлинмалар кучайтирилган шароитда туришибди.

Шунингдек, қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам чегара қўшинлари тайёргарлик ҳолатига келтирилгани хабар қилинади.

Хавотирлар асослими?

Image caption Тожик-Афғон чегара ҳудуди

Афғонистон шимолидаги вазият яқин тарихда ҳеч қачон тўла барқарор бўлгани йўқ.

Аммо сўнгги бир неча йил Афғонистоннинг бевосита қўшнилари, хусусан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегара оша хавфсизлик вазиятидан анча хавотир ичида қолгани рост.

Минтақадаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган журналистларнинг фикрича, ҳар қандай жангари гуруҳ учун Марказий Осиё чегараларини бузиб кириш осон бўлмайди.

Ҳамма гап Марказий Осиёда Толиблару ИШИД каби гуруҳларнинг тарафдорлари қанчалар фаол эканлари билан боғлиқ.

Ўзбекистон ва Тожикистондаги абгор иқтисодий ҳолат, порахўрликнинг мисли кўрилмаган даражада кенг тарқалгани, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан бедодлик оддий халқ орасида ҳам норозиликка асос бўлаётгани айтилади.

Мустақил журналистлардан бирининг айтишича, халқнинг ҳукуматдан норозилиги аслида чегара ортидаги бир неча йиллардан бери олабўжига айлантирилган жангарилардан кўра хатарлироқ бўлиши мумкин.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ