Муқимий кўчасида трамвай излари бузилмоқда

Сўнгги трамвай қатнови тўхтатилиши ортидан Тошкентдаги Муқимий кўчасидаги темир изларни қўпориш ва йўл четидаги дўконларни бузиш бошланган.

Муқимий кўчасидан "Бешқайрағоч-Отчопар" йўналишидаги 17-трамвай қатнар эди.

Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари хабар қилишларича, 17-трамвай охирги марта 2 май куни эрталабдан қатновга чиққан.

Аммо трамвайлардан бири темир йўлидан чиқиб кетгани боис эрталабки 9 ларда барча ҳайдовчилар депога қайтиш буйруғини олганлар.

Шу билан Тошкент трамвайининг бир асрлик тарихига нуқта қўйилган.

2012 йили Ўзбекистон пойтахтида электрли трамвай қатнови йўлга қўйилганининг 100 йиллиги нишонланган эди.

Тошкент трамвайи фаолиятини тўхтатишга қарор қилингани аксар оддий ўзбекистонликлар ва хориждаги инсонлар томонидан салбий қаршиланди.

Бутун дунёда экологик тоза транспорт тури сифатида трамвай танланаётган бир пайтда Ўзбекистон пойтахтида ундан воз кечилгани танқидларга ҳам сабаб бўлди.

Бироқ Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги транспорт вазияти шуни тақозо этишини, трамвай ўрнига метробуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилганини эълон қилди.

4 майдан бошлаб Муқимий кўчасидаги темир изларни жойидан кўчириб олиш бошланган.

Шунингдек, йўлнинг икки четидаги дўкон, қаҳвахона ва автобус бекатларини, бошқа эски биноларни бузишга ҳам киришилган.

Дарахтларнинг шохлари буталган.

Муқимий кўчаси Тошкент Чилонзорига яқин.

Чилонзорда бундай кенг миқёсдаги бузиш ва қайта қуриш ишлари ўтган йили августида бошланган.

Бу 2016 йил июнида Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтказилиши режалаштирилгани билан боғлиқ.

Йил бошида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам дарахтлар кесилди, трамвай йўллари олиб ташланди.

"Олой", "Эски Жўва" ва Миробод бозорларида бошланган қайта қуриш ишлари ҳам ШОС саммити билан боғлиқ экани ҳам хабар қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ