Рустам Мадумаров номи "Панама ҳужжатлари"да

Журналист-тадқиқотчиларнинг халқаро консорциуми "Панама ҳужжатлари" бўйича икки юз минг офшор ширкатлари ҳақидаги маълумотларни чоп этган.

Улар ичида 104 нафар ўзбекистонлик офшор эгалари ҳам бор.

Жумладан, Панама ҳужжатларидаги ўзбекистонликлар орасида президент қизи Гулнора Каримованинг фуқаролик эри Рустам Мадумаров номини кўриш мумкин.

Рустам Мадумаров ва Гулнора Каримованинг яна икки шериги Ўзбекистонда 2014 йил катта миқдорда пулларни ўғирлаш, қаттиқ валютани экспорт қилиш, ноқонуний фаолият юрғизиш, ва солиқдан бўйин товлаш каби моддалар билан айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра унинг жазо муддати олти йилга қисқартирилган эди.

Панама ҳужжатларидан аниқ бўлишича, Stockbridge Plus Ltd. ва Trident Overseas Management Ltd, ширкатлари Мадумаровнинг номига рўйхатга олинган.

Мадумаров тилга олинган ҳужжатлар мамлакат номи, унинг ширкатлари манзиллари ва уларнинг бир-бирига боғлиқлигини кўрсатади.

Гулнора Каримова Панама ҳужжатларида номлари акс этган 100 дан ортиқ ўзбекистонлик орасида кўринмайди.

Тадқиқотчи журналистларнинг айтишларича, Гулнора Каримова ўз исмини ҳужжатларда кўрсатмаган ва айланма йўллардан фойдаланган.

Апрел ойида Гулнора Каримовага қарши АҚШ маҳкамаси жиноий иш очган. АҚШ Адлия департаменти Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ва бошқаларга йўллаган расмий сўровларига жавоб олмаганидан кейин Каримова хонимни маҳкамага тортишни талаб қилган.

Нью-Йорк Жанубий Дистрикт маҳкамасидаги мазкур жиноий ишга тегишли ҳужжатлар орасида АҚШ ҳукумати томонидан таинланган прокурор Мари М.Далтоннинг Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров дохил унинг ҳамкорларига 2015 йил 26 ноябрда йўллаган хати ҳам бор. Унинг хатида кўрсатилган манзиллар билан Панама ҳужжатларидаги Мадумаровга тегишли манзили бир хил экани кўринади.

Унда Рустам Мадумаровнинг уй манзили- Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги хонадон кўрсатилган.

Ўтган йилнинг 29 июнида АҚШ Адлия департаменти АҚШнинг порахўрликка қарши қонунлари асосида тергов ҳужжатларида тилга олинган мол-мулкни музлатишни сўраган.

Сўнг АҚШ Адлия департаментининг адвокатлари мусодара этилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг эгаларига мактуб йўллаб, уларга ўз режалари борасида маълумот берганлар.

Мактуб юборилган шахслар орасида Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳамда унинг икки шериги - Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров ҳам бўлганлар.

Авакян билан Мадумаров 2014 йили Ўзбекистонда маҳкамага тортилиб, узоқ муддат қамоққа ҳукм этилганлар. Гулнора Каримова уй қамоғида деб ишонилади.

Панама ҳужжатлари

Mossack Fonseca ширкатидан Британия, Руминия, Гонконгда рўйхатга олинган бир қанча офшор ширкатларга алоқадор 11,5 миллион ҳужжатлар сиздирилган.

Журналистларга кўра, уларнинг кўлами жуда катта.

Олдинги сиздирилган ҳужжатлардан фарқли тарзда Панама ҳужжатларининг ҳозиргилари кўплаб сиёсатчиларнинг офшор махинацияларини батафсил кўрсатади.

"Панама ҳужжатлари" Панаманинг офшор ширкатларни рўйхатга олиш билан шуғулланган Mossack Fonsecaнинг сиздирилган миллионлаб ҳужжатларини ўзида акс эттиради.

Ушбу сиздирилган ҳужжатлар Журналист-тадқиқотчиларнинг халқаро консорциуми(ICIJ ) нинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази иштирокида тадқиқотларига асос бўлган.

Панама ҳужжатларига асосланган мақолалар дунёнинг ўнлаб нашрларида 3 апрелдан бошлаб чоп этилиб келинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ