500 минг сўмга бир ой қандай яшаш мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ASIATERRA.INFO

Ўзбек талаба қизнинг 500 минг сўмни 1 ойга етказиш бўйича ўтказган тажрибаси ижтимоий тармоқларда анча шов-шувга сабаб бўлмоқда. "500 минг сўмга бир ой қандай яшаш мумкин?" деб сарлавҳаланган мақолада талаба қиз 10 кун давомида қандай қилиб пул тежаб яшагани ҳақида ёзган. The Voice of Tashkent сайтида чоп этилган ушбу мақолани 18 майгача 23 мингдан зиёд киши ўқиган.

The Voice of Tashkent ўз Facebook саҳифасида мақоланинг кимгадир ёқмагани учун узр ҳам сўраган. Бу каби эксперимент мақолалар ушбу саҳифада кўп чоп этилганини таъкидлаб туриб, таҳририят бу сафарги экспериментда мақола муаллифи ўзининг молиявий имкониятларини чеклаган ҳолда, ўртача ойлик иш ҳақига 10 кун давомида амал-тақал қилиб тирикчилик қилганини ёзган. Талаба қиз ота-онаси билан бирга яшагани учун коммунал тўлов ва бошқа уй-рўзғор харажатларидан озод эканини ҳам эслатган, яъни 500000 сўмни фақат ўзининг эҳтиёжларига сарфласа ҳам 10 кунга аранг кифоя қилганини таъкидлаган.

Унинг бу тажрибаси баъзи ҳукуматпараст томонларга ёқмаганининг сабаби, эксперимент мақола жамиятдаги анча долзарб ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари кўтармайдиган муаммони ижодий ёндашиб очиқлаб қўйган. Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда аҳолининг аксар қисмининг ойлик маоши 500-600 минг сўмни ташкил қилади.

Саҳифада эълон қилинган мақола баъзилар томонидан салбий қабул қилинганига қарамасдан, Facebook ижтимоий тармоғида кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлди.

"Унинг ёзганларини ўқиб бир кулгим келган бўлса, бир жаҳлим чиқди. Қисқача айтганда ота-онаси билан яшайдиган талаба-журналист кунлик 16 минг сўм харажат билан қандай яшаш мумкинлиги бўйича ўзига ўхшаган арзандаларга тажриба улашган. Ҳар куни таксида борадиган ўқишига “қаҳрамонлик” кўрсатиб метро ва автобусда боришни йўлга қўйибди. Аммо материал давомида энг кўп мурожаат қилган масала – овқатланиш борасида анча нўноқлигини исботлаб қўйибди. Кунлик харажатларининг асосий қисмини еб-ичишга сарфлаган" деб ёзади "Sanjar Said" ўз блогида.

"Кейинги сафар шу каби тажриба ўтказишдан олдин эса оддий тенгдошлари, оддий одамлар билан маслаҳатлашсин, ҳаётни ўргансин ва оддий одамларнинг устидан кулмайдиган даражада мақола ёзсин" деб қўшимча қилган блоггер. (bit.ly/1TnkzSp)

Бунга жавобан бошқа бир талаба ўз ҳаётини аълочилар стипендияси - 440 минг сўмга, Orbit сақичини иккига бўлиб чайнаб, тушликда учта перашкани борида чой билан, йўғида соус билан еб, яшаш мумкинлигини ўз блогида изоҳлаган. (bit.ly/1TZ5erf)

Facebook ижтимоий тармоғида "Sanjar Said" ўз блогига қуйидагича жавоблар олган (bit.ly/1Tfklj7): "Буюртма мақола шекилли ака....(500 мингга кўникиш туйғусини уйғотишга қаратилган)," деган "Xurshid Daliyev". "Халқнинг даражасига тушиб ёза бошлабсиз. Қандайдир кўтаринкилик, "эртанги кунга ишонч" кўринмаяпти," деб қўшимча қилган "Musannif Adham".

"Javlon Almurotov" эса шундай деган: “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивалининг катнашчиси сифатида бунақа гапларни ёзманг, акс ҳолда "Камолот" дан ҳайдаб юборишмасин. Кеча ким эдигу бу кун ким бўлдик деб юраверинг".

"Қандай қилиб бир ойда 500 минг сўмга яшаш мумкин? Ҳозирги кунда керак бўлса бутун бошли бир оила энг кам ойлик иш ҳақига ҳам кун кечиришяпти!" дейди "Rafiqjon Turg'unov".

"Fotima Mirzaakhmedova" шуни қўшимча қилади: "Кўп бўлса кетади, кам бўлса етади. Инсон табиатан кўникувчан қилиб яратилган. 500.000 сўм тугул ундан камига ҳам яшайди агар бошига тушса".

Voice of Tashkent Facebook саҳифасида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир нечта "Баракалла"ни йўллашган ва бундай тажриба ҳақиқат эканлигини айтишган. "Бу мақола шунчаки аҳолининг турли табақаларининг даромади ўртасидаги тафовут ҳақиқий муаммо эканлигини фош қилди," дейди "Kobilov Kamoliddin".

"Stay Young" эса шуни айтган: "95 фоиз аҳоли шу миқдорга кифояланиб тирикчилик қилишга мажбурлиги ва фақатгина 5 фоиз аҳоли таралла бедод қилиб яшашини ўйлай туриб ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг. Қизиқ, бу ҳолат нима билан тугар экан-а?".

Унга жавобан "Jalil Tajiev" шуни қўшимча қилади: "Бу нима билан тугар эди - бу ерда бу каби вазият асрлар оша кузатилган: амир ва унинг шотирлари доим мазза қилиб яшашган, қолганлар эса бир амаллаб тирикчилик қилишган. Бунинг отини генетика дейдилар".

Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ