"Бу ҳаётда нимадан завқлансак бўлади ўзи?"

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларда битирув кечалари ўтказилишини тақиқлади. Бу ҳақида мамлакатнинг қатор аҳборот воситалари ҳабар тарқатди.

Жумладан Uz24 веб саҳифасида айтилишича, муаллим ва директорлардан битирув кечаларини ўтказмаслик ҳақида "кафолат хатлари" йиғиб олинмоқда. Мақолада таъкидланишича, таълим вазирлиги 9-синф битирувчиларидан имтиҳон, муаллим ва директорларга совға учун пул йиғишни ҳам тўхтатади.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари бу ҳолатга турлича муносабат билдиришди.

"Чилонзор туманида жойлашган бизнинг 168-мактабда бекор қилишмади, 4-синф ўқувчиларидан имтиҳонлар учун 58,000 сўмдан йиғиб олишди, агарда бермасак имтиҳонлардан йиқитишармиш. Беришга мажбур бўлдик. Балки бу ҳодиса кимнидир қизиқтирар, ёки бефойдамикин?" - деб сўрайди Uz24 сайтида шарҳ қолдирган киши.

"Сергели туманидаги 2-мактабда эса 9-синф ўқувчиларидан имтиҳон ва муаллимлар учун совғаларга 100,000 сўмдан йиғишяпти," - дейди айни сайтда шарҳ ёзган яна бир киши.

"Наҳотки??? Менинг болам 9-синфни битиради ва ота-оналарни 'соғиш' аллақачон бошланди. Имтиҳонлар, битирув кечаси ва винетка учун шу кунгача 250,000 сўм бердим," - дейди Madina Umarova.

Nilufar Turaeva эса ота-оналар ўз ташаббуслари билан пул йиғишларига ишора қилган: "Буни ўқитувчилар эмас, ота-оналар ўзлари ташаббус қилиб пул йиғиш ва битирув кечаларини ўтказиш ҳақида гап очишади," - дейди у.

Таълим вазирлиги мулозимларининг бу каби чиқишлари йилдан-йилга кузатилиб келинмоқда, аммо натижа йўқ. Ота-оналар ҳам бундай қарорларга ишонмай қолишган кўринади.

Светлана Шайхутдинова: "Бўлмаган гап!!!!!!! Йилдан-йилга битта гапни чайнайсизлар. Ҳақиқатда эса ҳеч вақо ўзгармайди!''

"Бекорга қоғозни исроф қилишдан бошқа ишлари йўқ. Менинг ўғлим кетидан қизим битирганида ҳам ҳудди шундай дейишган эди. Лекин, барибир битирув кечаси ҳам бўлган, пулни ҳам йиғишган," - дейди Nilufar Yunusova.

Oybek Kuchkarov ҳам вазирликнинг уринишлари навф келтиришга шубҳа қилган: "Қанча ҳаракат қилишмасин, барибир фойдаси йўқ, пул йиғишда давом этаверишади," - дейди у.

Айрим фойдаланувчилар фикрига кўра, битирув кечасини ўтказиш ё ўтказмаслик бу битирувчи ва ота-оналарнинг шахсий истакларидир ва бу ҳолатни ҳеч ким тақиқлашга ҳаққи йўқ.

Фойдаланувчи Mukaddas Hally: "Битирув кечаси - бу ҳар бир ўқувчи ва ота-онанинг шахсий ишидир," - деб ёзган.

"Фарзандларимиз учун қандай байрам қолди ўзи? Янги йил мумкинмас, охирги қўнғироқ учун 1 соат ажратилган!!! Умр мобайнида бир маротаба бўладиган битирув кечасиниям тақиқлашяпти. Бу ҳаётда нимадан завқлансак бўлади ўзи? Ахир болалар байрам ўтказиш учун таёргарлик кўришган-ку!" - дейди исмсиз шарҳловчи.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг