Тошкентни дунёнинг ҳаёт сифати энг ёмон шаҳарлари рўйхатига киритдилар

Яшаш яхши ва ёмон шаҳарларнинг рўйхатини Mercer ширкати тузган, бу ширкат яшаш сифати индексини ҳар йили тузади.

Бу йил ҳам ширкат дунёнинг 450 шаҳри аҳволига назар ташлаган ва яшаш учун яхши ва ёмон шаҳар деган таъриф беришда қуйидагилар мезонларга таянган:

Сиёсий ва ижтимоий муҳит. Бунда сиёсий барқарорлик, жиноятчилик аҳволи ва қонунлар нақадар ишлаши эътиборга олиниши айтилган.

Кейинги мезон иқтисодий муҳит. Бунда валюта айирбошлаш билан боғлиқ тартиб-қоидалар ва банк хизматлари нақадар тараққий этгани ҳисобга олинган.

Ижтимоий-маданий муҳит: матбуот нақадар имконли экани ва цензура, шахсий эркинлик чеклангани.

Тиббиёт нақадар ривожлангани, инфекция тарқалгани миқёси, сув-оқова тизими қанчалар яхши ишлаши, чиқиндиларни тозалаш тизими йўлга қўйилгани ва ҳаво ифлослангани.

Мактаблар ва таълими тизими ривожлангани.

Жамоат транспорти, электр ва таъминоти қанчалар яхшилиги, йўлларда автомобил “пробка”лари кўп ёки камлиги.

Ресторан, театр, кино ва спорт билан боғлиқ ҳордиқ масканлари фаолияти нақадар яхши ёки ёмон йўлга қўйилгани.

Кундалик истеъмол моллари, озиқ-овқат таъминотининг сифати, автомобилга эга бўлиш имконияти.

Уй-жойни ижарага олиш, уй учун мебел ва бошқа зарур жиҳозларга эга бўлиш, уй-жойга хизмат кўрсатиш сифати.

Атроф-муҳит, табиий офатлар рўй бериши билан боғлиқ вазият.

Mercer дунёнинг 230 мамлакати ичидан 33 шаҳарни яшаш учун энг ёмонлари деб топган.

Бу 33 шаҳар ичига Қозоғистондан ташқари барча Марказий Осиё республикалари пойтахтларини киритган.

Яшаш учун энг ёмон шаҳарлар рўйхатидаги биринчи ўринга Ироқ пойтахти Бағдод қўйилган.

Бу рўйхатда 19-ўринга Тожикистон пойтахти Душанбени қўйишга қарор қилинган.

Mercer таърифича, "қашшоқлик ва энергия тақчиллиги шаҳар ва бутун мамлакат учун катта муаммо. Шунингдек, Жаҳон Банки мутаносиб инфраструктура етишмаслиги боис бизнес билан шуғулланиш мушкуллигидан огоҳлантирган".

Фото муаллифлик ҳуқуқи social media

Қирғизистон пойтахти Бишкекка 21-ўринни берганлар ва Бишкек яшаш учун ёмонлигининг сабаби "мамлакат иқтисодий марказида қашшоқлик даражаси юқори" экани билан изоҳланган. "Айни пайтда ҳукумат ИШИД ёки ДОИШ номи билан танилган "Исломий Давлат" аъзоларининг давом этиб келаётган ҳужумлари билан курашиб келаяпти", дейилади Mercer ҳисоботида.

Ашхобод шаҳри 23-ўринга қўйилган ва Туркманистон пойтахтига шундай таъриф берилади:

"Шаҳар ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинади, иш билан таъминланганларнинг аксар фоизи давлат назоратидаги корхоналарга тўғри келади. Афсуски, шаҳар мунтазам сув тақчиллигидан жабр кўради, бу давлатнинг уқувсиз бошқарувининг оқибатидир, бундан 2015 йили ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 47,2 даражагача чиққан пайтда одамлар азобланадилар".

33 ёмон шаҳар орасидан Тошкентга 26-ўрин берилган.

"Марказий Осиё марказидаги пойтахт сўнгги йилда терроризм ўчоғига айланди. 2015 йили Тошкентдаги АҚШ элчилиги сўнгги 11 йил мобайнида биринчи марта ҳужумга учради ва ҳукумат ўсиб бораётган исломий экстремизмга қарши курашишга ҳаракат қилиб келмоқда".

Аксар кузатувчилар Mercer ширкатининг Тошкентдаги хавфсизлик вазиятига берган баҳосига қўшилмайдилар.

  • Сиз-чи?
  • Фикр-мулоҳазаларингизниuzbek@bbc.co.ukэлектрон почтасига йўлланг ёки BBC UZBEKнинг социал тармоқлари орқали бўлашинг!
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ