Муқаддас қадамжоларда не ҳол? Ёхуд зиёрат одобини биламизми? 2-қисм

2-қисм.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино деганларки: ”Илм – илги(эътибор) ва илтифот истар. Илтифот кўрмаган – ер(жой)ни тарк этар.”

Қадрламаганимиз – илмнинг кўтарилганлиги авлодларни одобдан узоқлаштирмоқда. (Сидқидилдан илм ўрганаётганлар ва ихлосли ёшлар бундан мустасно, албатта.) Бу ҳол нафақат кўча-кўйда, бозорларда, муассасаю корхоналарда, балки дину-диёнат, илму-фан устуни бўлишга эришган авлиё-у уламоларнинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишимиз жараёнида ҳам кўзга ташланаётир.

Зиёратгоҳларга борилганда Каъба атрофини тавоф қилиб айлангандек йўл тутиш, қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилинишини талаб қилиш ва уларга атаб жонлиқлар сўйиш ҳамда мозор атрофидаги дарахтларга турли ботил эътиқодлар – иримлар билан латта ё иплар боғлаб кетиш ҳоллари ҳануз мавжуд.

“Занги ота”, “Ҳаким-ат Термизий” сингари улкан зиёратгоҳларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни учратиш мумкин. Олтинсойдаги “Халифа бобо” номи билан машҳур зиёратгоҳда эса қабр тупроқларидан бир чимдим олиб, уни рўмоллари учига тугиб олиб кетаётган баъзи аёлларга кўзингиз тушиши эҳтимолдан ҳоли эмас...

Табаррук масканга ихлос билан келганлар турфа жароҳатлар, тошма ва сўгаллардан фориғ бўлиши ҳақида эшитмаган одам кам бўлса керак. Лекин кимлардир зиёрат қилиб бўлишгач, бир чимдим-бир чимдим тупроқ олиб кетишни ҳам канда қилмаганликларидан баъзи қабрлар ўйилиб қолган...

Инсонлар жоҳилиятга чуқур кетган паллаларда, хусусан, Шўро даврида ғайбнинг сири ва қудрати намоён бўлган зиёратгоҳни вайрон этиш истаги рўёбга чиқмаган ғаройиб, сир-синоатли воқеа-ҳодисалар юртнинг, минтақанинг кўпгина гузарларидаги қадамжоларда рўй берган. Буни ўз кўзлари билан кўрганлар ва гувоҳлардан эшитган инсонлар оз эмас.

Ислом маданияти, маънавиятини тарғиб қилишда ўз ҳиссаларини қўшган, инсоний камолот учун таянч бўлгувчи зоҳирий ва ботиний илмларни ёзиб қолдирган кўплаб алломаларимизнинг ибратли асарлари мавжудки, биз улардан тўла тўкис баҳраманд бўла олмаяпмиз, афсус. Чунончи, бугунги кунда бутун дунёда юртимизда яшаб ўтган алломаларнинг китоблари ўқитилмайдиган бирор бир дорулфунун топилмаса керак.

Хусусан, кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда араб, форс, туркий тилда маҳорат билан ижод этган, тасаввуфий асарлари билан машҳур бўлган Сўфи Оллоёрнинг «Маслакул-муттақийн» (мазкур асарнинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда кенг ёйилган) номли асарида ҳам зиёрат одоби хусусида байтлар битилган.

Мазмуни будир: “...Шайхлар (азиз-авлиёлар) ва шаҳидлар қабри олдида жонлиқ сўядиган жоҳиллар бордир. Агар “фалон касалим тузалсин” деб ёки бундан бошқа ишлар учун жонлиқ сўйсалар, бу ҳақда хабар борки: “Аллоҳдан бошқасига атаб сўйилган ҳар бир нарсада, гарчи сўйиш чоғида Аллоҳнинг исмини айтган бўлса ҳам, ширкка кетадилар. (Эй инсон!) Бундай ёмон феъллардан сақлан!!!”

ХVIII асрда янграган бу хитоб ҳануз зиё аҳлининг бўғзида экан, бунинг сабаби не?

Тарихий алломаларимизнинг асарларини жаҳон дорилфунунларида ўқитишаётган бир паллада ўз юртимизда динга қўйилаётган чеклов-таъқиқларнинг оқибати эмасмикин бу?

Қабрни қўл билан сийпаш, ушлаш, ўпиш, кўзга суриш, айланиб тавоф қилиш мумкин эмаслигини бобою-бувиларимиз кўп таъкидлашади. Шунга қарамай, бугун қабр устида ўтириб ёки мақбаралар ёнида туриб суратга тушиш “урф”га айланаяпти.

Худди томошага, сайр-саёҳатга чиққандек, мозору мақбараларда юксак сасда, хушчақчақлик ила гаплашаётганларга кўзингиз тушади.

Зотан, қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, тазарру қилмоқ, дунё муҳаббатини кетказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланиш, ҳаёсизлик, мунофиқлик каби зарарли одатларни тарк этмоқ учун машруъ қилинган экан, бизнинг янгича “урф”лар жорий қилишимиз нимани англатади?

Кези келганда яна бир гапни айтишни жоиз деб ўйладим. Воҳалик ҳамда водийлик бир гуруҳ кекса онахонларнинг таъкидлашларича, баъзи юқори мансабдаги амалдорлар муқаддас қадамжолар ва юртимизда халқ саломатлигини тиклаш учун мўлжалланган санаторийлар, сўлим манзарали тоғли масканларга оилалари билан эмас, аксинча, ёшроқ хотин-қизлардан иборат бўлган “яқин таниш”лари билан ташриф буюришиб, баъзан зиёфат ва маишатлар уюштиришаётгани маҳаллий ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти.

“Ўзбекчилигимизда ҳам, динимизда ҳам бу нарса уят-ку, ахир? Бу воқеалардан кейин бошқалари ҳам эс-ҳушини йиғиб олишлари керак эмасмиди? Тўрт-беш сўм топиб, чўнтаги қаппайиб, босар-тусарини билмай қолган ва шу каби номаъқул ишларни қилаётган баъзи лавозимдор шахслар эртага қайси юз билан чиқиб, миллат маънавияти, ёшлар тарбияси ҳақида оғиз кўпиртиришаркин?” – дея эътирозларини изҳор этишди ҳамсуҳбатларим.

Бу не ҳол?...

Мамлакатдаги ҳар бир муборак қадамжога, дам олиш масканларига нафақат юртдошларимиз, балки қўшни мамлакатлар ва баъзан ҳатто хорижий мамлакатлардан ҳам зиёратчилар, саёҳатчилар ташриф буюришини ҳисобга олсак, бундай хунук ҳодисалар уларнинг ҳам назаридан четда қолмайди, албатта. Бу, ҳарҳолда, яхши эмас...

Маънавият, маданият, маърифат хусусида матбуот, телевидения, радиода тинмай гапирилади. Насиҳатлар қилинади, китоблар ёзилади. Лекин.... бу томонда бойваччалар-у баъзи лавозимдор кишиларнинг айнан гапирилаётган гапларга зид ҳатти-ҳаракатларни содир этаётганлиги, янаям очиқроқ айтсак, маиший бузуқлиги аҳоли ўртасида оғиздан-оғизга кўчиб, овоза бўлиб турганлигини қандай тушуниш мумкин? Шундай шароит, шундай муҳитда гапирилаётган гаплар, насиҳатларнинг, хусусан ёшларга қанчалик таъсири бор деб ўйлайсиз?

Зеро, фарзандлар, хусусан ёшлар насиҳатлардан кўра кўпроқ реал ҳаётдан андоза олаётганликлари аччиқ ҳақиқат. Буни доим ёдда тутмоқ керак.

...Муқаддас қадамжолар, дам олиш масканларида, айниқса ёз ойларида зиёратчиларнинг кўпайиши кузатилади. Бу ўз ўрнида бир қатор тартибсизлик ва антисанитария ҳолатларини келтириб чиқаради. Санаб ўтилган муаммоларнинг олди олиниб, бунинг ўрнига экотуризмни ривожлантириш йўлга қўйилса, ҳам маънавиятни юксалтириш ва ҳам давлат бюджетини бойитиш учун фойдалироқ эмасми?

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ