Петиция: Тошкент - дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири

Ўзбекистон пойтахтини дунёнинг ҳаёт сифати энг паст шаҳарлари рўйхатидан чиқариб ташлаш талаби билан онлайн-петиция бошланган.

21 май куни Британияда нашр этиладиган "Independent" рўзномаси Mercer ширкатининг жаҳон шаҳарларидаги яшаш сифати индексиасосида мақола эълон қилди.

Тошкентни дунёнинг ҳаёт сифати энг ёмон шаҳарлари рўйхатига киритдилар

Бу мақолада 230 мамлакатдаги 33 шаҳар яшаш учун энг ёмон шаҳарлар деб топилгани хабар қилинган.

Ана шу 33 шаҳар ичига Қозоғистондан ташқари барча Марказий Осиё республикалари пойтахтлари киритилган.

33 ёмон шаҳар орасидан Тошкентга 26-ўрин берилган.

"Марказий Осиё марказидаги пойтахт сўнгги йилда терроризм ўчоғига айланди. 2015 йили Тошкентдаги АҚШ элчилиги сўнгги 11 йил мобайнида биринчи марта ҳужумга учради ва ҳукумат ўсиб бораётган исломий экстремизмга қарши курашишга ҳаракат қилиб келмоқда", дейилади Mercerнинг Ўзбекистон пойтахтига берган таърифида.

Онлайн-петиция ташкилотчилари "Independent" рўзномаси ва Mercer ширкатига мурожаат билан чиққанлар, Тошкентни дунёнинг ҳаёт сифати паст шаҳарлари рўйхатидан олиб ташлашни талаб қилганлар.

Онлайн-петицияни бошлаган Шерзод Шерматов шундай ёзган:

"Тошкент хорижий меҳмонлар учун дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан биридир. Шунга қарамасдан, уларнинг аксари шаҳардаги хавфсизлик ҳақида ҳаддан зиёд нохолис нуқтаи-назарга дуч келадилар ва бу аҳволни холислик билан текширишни ўзига эп кўрмасдан ёмон хабарни тарқатишга ҳаракат қилаётган Mercerга ўхшаган консалтинг ширкатларининг турли рейтинглари ва Independentга ўхшаган матбуотнинг юзаки таҳлилари оқибатидир. Шу сабабли Тошкентдаги хавфсизлик ҳақидаги ҳақиқатни тарқатишга кўмаклашинг ҳамда бу ширкатларни ўз рейтингида зарур ўзгаришларни ясашларини талаб қилинг!", дейилади мурожаатда.

23 май куни кечга яқин петицияни қарийб 400 киши қўллаб-қувватлаган.

Аммо айримлар "Тошкентни яшаш яхши шаҳар деб бўладими?", деган саволни ҳам кўтарганлар.

Петиция остида ўз муносабатини қолдирган Murod Bayev шундай ёзади:

"прописка" деб номланган тизим сабабли бу ерда қонунан яшай олмаётган минтақалардаги юз минглаб Ўзбеклардан сўраб кўринг. Улар худди жиноятчидек ёки иккинчи даражали фуқародек шаҳардан ҳайдаб чиқариладилар ва мунтазам босим билан юзма-юз келадилар. Бу ҳақиқий уят”.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас