"Коррупция Ўзбекистон барқарорлигига таҳдид солади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Open Society Foundations ташкилоти "Ўзбекистондаги коррупцияга қарши кураш" номли ҳисобот чиқарди. Ташкилотнинг мазкур ҳисоботида коррупция билан боғлиқ муаммолар ёритилади ва улар қандай қилиб Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий турмушида илдиз отгани таҳлил қилинади.

Жорий йил февралида Амстердамда жойлашган "Вимпелком"(Vimpelcom) ширкати Ўзбекистонда бизнес юритиш учун пора тўлаганликда айбдор топилиб, АҚШ ва Голландия ҳукуматларига қарийб 800 миллион доллар жарима тўлади.

Мазкур ишдан ташқари Ўзбекистонда бизнес, бошқарув ва иқтисодга путур етказаётган коррупция бўйича қатор бошқа халқаро терговлар амалга оширилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

“Ўзбекистонда норасмий қарор қабул қилиш, хуфёна келишувлар ва мустақил текширув бўлмаган муҳит ҳукм суради. Бу шароит тобора ўсиб бораётган тенгсизликка ҳисса қўшади ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий раҳбарлари ўртасидаги қудрат учун курашни авж олдиради. Буларнинг бари мамлакатнинг узоқ муддатли барқарорлигига таҳдид солади”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга қарши амаллари иш бермаган. Аксинча, ҳисоботга кўра, бу қонунлардан мансабдор шахслар кимдандир қутулиш ё ўч олиш учун фойдаланади. “Ҳукумат коррупцияни ёритмоқчи бўлган фуқаролик жамияти фаоллари ва мустақил журналистларнинг овозини сўндириш учун уларни босим остига олади, судга тортади ва қамайди”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжат муаллифи Дейвид Люиснинг ҳисоботда ёзишича, хорижий сармоядорлар Ўзбекистонда мураккаб лицензиялаш тизими, мужмал солиқ қонунлари ва ўта чекланган чегара-оша савдо ва валюта қоидаларига юз тутадилар. Мазкур бюрократик тизим порахўрликка замин яратиб, хорижий сармоялар истиқболига зарар етказади ва маҳаллий тадбиркорликни бўғади.

Коррупциядан, ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги ҳукмдор доира ўзини бойитиш ва хўжайин-мижоз тармоқлари орқали сиёсий назоратни ушлаб туриш учун қўлланади. Халқаро молиявий идоралар, БМТ ва Оврўпо Иттифоқи тўғри бошқарув бўйича турли дастурлар ташаббуси билан чиққанлар, аммо Ўзбек ҳукумати ислоҳотлар бўйича ташқаридан қилинадиган босимларга қарши чиқиб келди, дейилади ҳужжатда.

Шундай экан, Ўзбекистон дунёда порахўрликка энг чуқур ботган мамлакатлар орасида қоляпти. Халқаро Транспаренси ташкилотининг йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 168 та давлат ичида 153-ўринни олган. Жаҳон банкининг ҳисоботида ҳам у энг коррупцион 10% давлатлар гуруҳига киритилган.

Ҳисоботда айтилишича, қудратли тармоқларни қаттиққўл президентнинг ўзи бошқаради. “Президент ким сиёсий ва иқтисодий захираларга эгалик қила олиши ва ким ниҳоят қудратга эга бўла олишини ҳал қилади. Бу каби тизим доирасида коррупцион амаллар қоидадан ташқари ҳолат эмас, балки қоидага айланган”, - дейди муаллиф.

Ўзбекистонда, ҳисоботга кўра, ижтимоий фикр камдан-кам ҳолда сўралади. 2013 йилда ҳукумат Савдо ва саноат палатаси Бош прокуратура билан 10 минг ишбилармон орасида коррупция ва бизнес муҳити ҳақида аноним сўров ўтказганини даъво қилган, аммо бу сўровнинг натижалари оммага тақдим қилинмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty
Image caption Ҳисоботда айтилишича, қудратли тармоқларни қаттиққўл президентнинг ўзи бошқаради.

Ҳужжатда ёзилишича, Ўзбекистонда коррупцияни сиёсий қудрат тизимидан айри ҳолда таҳлил қилиб бўлмайди. Президентнинг оила аъзолари аралашган охирги коррупция машмашалари узоқ ўтмишга эга бўлган сиёсий бошқарув тизими қандай ишлашидан далолат берди, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот Ўзбекистондаги кланлар тизимини ҳам таҳлил қилган. “Қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик ва бизнес ришталари қудратли норасмий гуруҳларни келтириб чиқаришда роль ўйнайди”, дейилади унда.

“Вақти-вақти билан вилоятларда коррупция орқали марказий бошқарувдан мустақил тарзда амал қиладиган тармоқлар юзага келади. Марказий ҳукумат маҳаллий мансабдор шахсларни мунтазам равишда ҳайдаш билан бу каби тармоқларни назорат қилишга уринади”, дейилади ҳужжатда.

Унда айтилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари бизнес можаролари орқали ширкатлар эгалари ёки уларнинг шериклари ва ходимларини “гаров” сифатида ушлаб жазолайдилар.

“2009 йилда Президент Каримов ўз мамлакатида “олигархлар”нинг юзага келишига қаршилигини айтиши ортидан, Ўзбекистон бўйлаб ишбилармонлар мунтазам равишда четлатилганлар. 2010 йилда бир неча таниқли етакчи бизнесменлар судга тортилди. Бу суд ишлари коррупцион амалларга асосланишдан кўра, кўпроқ элита ичидаги қудрат учун курашни акс эттирди”, - дейди ҳисобот.

Ҳисоботга кўра, бу “коррупция билан кураш” кампанияси чоғида президентнинг қизи Гулнора Каримовага боғлиқлиги айтилган "Зеромакс" ширкати фаолияти ҳам тўхтатилди, аммо Каримова хонимни бу можаро айланиб ўтди.

Аммо, 2012 йилда бошланган “тозалашлар”нинг иккинчи раундида Каримова хонимнинг бизнес империяси қулади.

МТS, Uzdunrobita, Сoca-cola, TeliaSonera каби ширкатларни қамраган кўп миллион долларлик машмашаларнинг кўпчилиги Гулнора Каримовага келиб тақалди ва, ҳисоботда айтилишича, ниҳоят 2014 йили Швейцария расмийлари пул ювиш тергови эндиликда Гулнора Каримованинг шахсига қаратилганини эълон қилди.

Каримова хонимнинг қатор шериклари иқтисодий жиноятларда айбланиб қамоқ жазоларига ҳукм этилдилар, 2014 йил сентябрида эса унинг ўзи уй ҳибсига олингани айтилди.

Миллиардлаб долларлар ҳақида гап кетар экан, ҳисобот муаллифи ёзишича, бу воқеаларнинг кўп жиҳатлари ноаниқлигича қоляпти ва турлича талқин қилиняпти. “Ўзбек расмийлари бу терговлар ва суд ишлари борасида жуда кам маълумот бердилар”, дейилади ҳужжатда.

Аммо, тадқиқотга кўра, бу ҳибсга олишлар турли тармоқлар орасидаги кенгроқ қудрат учун кураш контекстида кўрилиши керак. “Айни вақтнинг ўзида бошқа қудратли гуруҳлар тарқатилди, хусусан Фарғона вилоятида бизнес империясини қурган Президент рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаевнинг йирик бизнес тармоғи йўқ қилинди”.

“2013-2015 йилги ҳибсга олишлар қудратни президент маъмурияти атрофида қайта тўплашга қаратилгани эҳтимоли катта. Бу каби кампанияларга қарамай, сиёсий ва иқтисодий тизимга сингиб кетган коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилаётганига далил-исбот йўқ”, дейди ҳисобот.

Унга кўра, солиқ қўмитаси ширкатлар, ноҳукумат ташкилотлар ва шахсларга қарши қўлланилувчи энг кучли қурол бўлиб қоляпти. Ҳатто Гулнора Каримованинг ўзи ҳам ўз ширкатлари босим остига олингач, прокуратура “сеҳрли” солиқ жиноятларини ўйлаб топган.

Ҳисобот якунида Ўзбекистонда коррупцияга барҳам бериш борасида қатор ислоҳотлар тавсия этилган.

“Мамлакатда коррупцияга қарши курашда қандайдир силжишга эришиш учун ҳам иқтисод, ва ҳам сиёсий тизим ислоҳ қилиниши лозим, мустақил адлия тизими ва қонун устиворлиги ривожлантирилиши керак, матбуотга кенгроқ эркинлик берилиб, фуқаролик жамиятига босимлар тўхтатилиши лозим”, - дейилади хулосада.

"Ўзбекистондаги коррупцияга қарши кураш" номли ҳисоботнинг муалифи- Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Дейвид Люис билан суҳбат:

Би-би-си: Коррупция бутун бунё бўйлаб тарқалган. Нима учун айнан Ўзбекистон борасида махсус ҳисобот чиқаргансиз?

Дейвид Люис: Эътиборимизни қаратганимизнинг сабабларидан бири - Ўзбекистон коррупцион схемаларга аралашгани борасидаги хабарлар халқаро матбуотда тарқалгани бўлди. Яъни, Ўзбекистонда фаолият юритган қатор телеком ширкатларининг йирик маблағлари Ғарб банклари ҳисобларига бориб тушган ва бугунда АҚШ Адлия департаменти Ўзбекистон ҳукумати билан баҳсда мазкур маблағларни ҳибс этишга уринаетгани каби ҳаракатлар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бу ҳаракатлар ҳозир фақат Ўзбекистонга тааллуқли эмас, Оврўпо оша Америкага ҳам тарқалиб улгурган. Биз бунинг ўзаро ришталарини тушунишга уриндик, холос.

Би-би-си: Ҳисоботингизда Ўзбекистонда тарқалган бизнес ва давлат схемалари қандай бир бири билан мулоқотда бўлгани тушунтириб берилган. Бу ўта мураккаб схема бўлиши керак. Ташкилотингизда Ўзбекистонда коррупцияни енгиш йўлида бирор бир йўриқ ёки тайёр андозалар ишлаб чиқилганми?

Дейвид Люис: Бу жуда ҳам мурраккаб иш, албатта. Ўзингиз айтганингиздек, ҳамма нарса бир-бири билан боғланиб кетган ва ҳаммаси ягона тузумга бориб тақалади. Улар орасида шахсий сектор, бизнес, сиёсий ҳокимият, давлат каби манфаатлар мавжуд, уларни сиёсий ирода бўлмаса осонгина ислоҳот қилиб бўлмайди. Ўзгаришлар бир зумда содир бўлиб қолмайди, уларга вақт керак. Бироқ, Ўзбекистонда биз ислоҳотлар томон бирор бир силжишни кўрмаяпмиз ва шунинг учун бу вазиятни жуда аянчли деб айтиш мумкин. Бошқа, постсовет мамлакатларида муаммолар бир хил бэканига қарамасдан, биз бошқарувда структуравий ўзгаришларга гувоҳ бўлаяпмиз. Демак, келажакда бу ўзгаришлар йирик илоҳотларга асос бўлиши мумкин. Ўзбекистонда эса, биз ҳеч қандай ўзгаришларни кўрмаяпмиз, айрим ҳолларда вазият янада ёмонлашиб кетяпти. Бу катта нуқсондир. Ўзбекистон ичида коррупция билан боғлиқ вазиятни ўзгартириш учун, сиёсий ирода билан бирга туб ўзгаришлар ҳам керак бўлади.

Би-би-си: Ҳисоботингизга мувофиқ Ўзбекистон режими шу даражада кўррупцион бўлса, нима сабаб Жаҳон Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси ва қатор бошқа глобал молия муассасалари Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик олиб бормоқда?

Дейвид Люис: Сиз бу саволни уларнинг ўзига йўллашингиз керак. Назаримда, бундай ҳамкорликда ҳам салбий, ҳам ижобий томонлар бор. Мазкур ташкилотлар ҳамма ерда ишлаш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳамма жойда бўлишни истайдилар. Бошқа томондан, улар ўзбек ҳукумати билан мулоқотни ушлаб туриш орқали, ислоҳотларни амалга оширишга рағбатлантиришни назарда тутишни хоҳлайдилар. Яъни яккалаб қўйишдан кўра, танқидий мулоқотда бўлишни афзал кўрадилар. Ўтмишда айрим халқаро ширкатлар коррупцион ҳаракатларда иштирок этишган ва бу албатта мамлкат учун фойдали бўлмаган. Шунинг учун нафақат ёлғиз Ўзбекистон ҳукумати, балки халқаро ташкилотлар ҳам бу масъулиятни ўз бўйниларига олишлари керак.)

Би-би-си: Панама қоғозлари Путин ва Назарбоев каби давлат раҳбарларининг коррупцияга боғлиқлиги борасидаги иддаоларни фош қилган, бироқ Ўзбекистон раҳбарининг номи умуман ҳеч қаерда кўрсатилгани йўқ. Сизнинг назарингизда, Ислом Каримов коррупциядан холи деб айтсак бўладими, яъни у фақат сиёсий ҳокимятни қўлида ушлаб туришга интилган арбобми?

Дейвид Люис: У ҳамиша кўпроқ сиёсатга берилган президент сифатида танилган. У моддий манфаатдорликка қизиқмаган сиёсий авлоддан келиб чиққан. Унинг бирор бир маблағга аралашгани ҳақида далиллар йўқ. Унинг яқинлари ва мавқеъ учун курашаётган яқин доирадаги амалдорлар коррупцияга боғлиқликлари борасида айрим хабарлар чиқиб туради. Шунинг учун минтақа раҳбарларидан Каримов шу маънода анчайин ажралиб туради. Лекин, энг муҳими, бу билан тизим ўзгармаётгани катта муаммо бўлиб қолмоқда. Чунки алалоқибат, бутун муаммо шахсиятларга эмас, тизим ва ислоҳотларнинг йўқлигига бориб тақалади. Соғликни сақлаш ва таълим тизимларига бюджет пуллари етарлича ажратилмаётгани, ойликлар ўз вақтида тўланмаётгани сабаб оддий ўзбеклар азоб чекмоқдалар ва булар бутун иқтисодга катта зарардир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02◾
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek◾
  • Instagram - BBC UZBEK◾
  • Twitter - BBC UZBEK◾
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK◾
  • Facebook - BBC UZBEK◾
  • Google+BBC UZBEK◾
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)◾
  • Skype - uzbekbbclondon◾
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ