Ўзбекистон армиясини дунёнинг 48-қудратли армияси деб топдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz

globalfirepower.com веб-сайти дунё мамлакатларининг жанговор қобилиятини намойиш этадиган навбатдаги Global Firepower Index рейтингини эълон қилган ва унда 126 мамлакат орасида Ўзбекистон армиясини 48-ўринга жойлаштирган.

Бу рейтингда жаҳоннинг энг қудратли армияси деб АҚШ ҳарбийлари топилган.

Иккинчи ўринда Россия, учинчи ўринга Хитой армияси қўйилган.

Рейтингни тузувчилар у ёки бу мамлакат армиясининг қудратини баҳолашда 50 дан ортиқ омилларга таянганларини айтадилар.

Буларга қўлига қурол олишга имконли инсонлар сони, ишга яроқли аҳоли, қуруқлик, ҳаво ва денгиз флотлари ва бу йўналишдаги қуролли кучлари ихтиёридаги қурол-аслаҳа ва техника, нефть ёки сув сингари ресурсларга эгалиги, мудофаа мақсадига ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағ, жўғрофий жойлашиши, денгизга чиқиш имкониятига эга ёки йўқлиги сингарилар кирган.

Рейтингни тузишда мамлакатнинг ядровий қуролга эгалиги инобатга олинмагани таъкидланган.

Жанговор рейтингни тузишда АҚШ Марказий Истиҳборот агентлиги веб-сайти, АҚШ Марказий Истиҳборот агентлигининг World Factbook маълумотномаси, Wikipedia веб-сайти ва оммага очиқ домен ва матбуот маълумотларидан фойдаланилгани, расмий маълумотлар мавжу бўлмаган бўлимларда тахминий ҳисоб-китобларга таянилгани айтилган.

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг 420 танки, 715 зирҳли техникаси, 880 замбараги бор.

Ўзбекистон ҳаводан мудофаа тизимида 166 учоқ, 69 тикучари, фойдаланишга яроқли 53 та аэропорти бор.

Рейтингда Ўзбекистон аҳолисининг сони 29 миллион 199 минг киши деб берилган.

Ҳолбуки, Ўзбекистон расмийлари мамлакат аҳолисининг сони 31 миллиондан ошгани ҳақида бундан икки йил олдин эълон қилган эдилар.

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясиниг мунтазам ҳарбийлари сони 65 минг кишини, захирадаги ҳарбийлар сони 20 минг кишини ташкил этади.

Global Firepower Indexга кўра, Ўзбекистоннинг йиллик мудофаа харажатлари 70 миллион долларни, мамлакатнинг ташқи қарзи 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

Ўзбекистон мамлакат мустақиллигидан кейин профессионал армия тузишга қарор қилган, сержантлар мактабларини ташкил этган.

Собиқ Шўро республикалари орасида илк бор ҳарбий бўлмаган шахсни мудофаа вазири этиб тайинлаган.

Таниқли ўзбек шоири Ғафур Ғуломнинг ўғли, ядро физикаси бўйича олим Қодир Ғуломов Ўзбекистон Мудофаа вазири лавозимини эгаллаганди.

2005 йилги Андижон қирғини пайти Қодир Ғуломов ушбу лавозимда эди, қирғиндан кейин унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Айни Андижон ҳодисаларида Ўзбек армиясини аксариятини қуролсиз инсонлар ташкил этган оломонга қарши пала-партиш ўт очиб юзлаб бегуноҳ инсонларни ўлдиришда айблайдилар.

Global Firepower Index рейтинги шу йил февралида ҳам эълон қилинган, унда Ўзбекистон армияси 54-ўринга қўйилган эди.

Global Firepower Index рейтингида собиқ СССР республикаларидан Украина 30-, Беларус 49-, Қозоғистон 53-, Озарбайжон 60-, Гуржистон 80-, Туркманистон 86-, Арманистон 94-, Литва 97-, Латвия 103-, Эстония 109-, Қирғизистон 110- ва Тожикистон 112-ўринни эгаллаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ