Россияда яна бир ўзбекистонлик энага ҳибсга олинган

Россия маҳкамаси таниқли рус ихтирочиси Владимир Бруверга қаровчи сифатида ишга ёлланиб кекса кишини уриб азоблаб келишда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

76 ёшли Владимир Брувер қатор ихтиролар муаллифи, Давлат мукофоти билан мукофотланган.

Альцгеймер ва Паркинстон хасталикларига учраган кекса олим ногирон бўлиб қолган.

Фарзандлари Владимир Бруверга қараб туриши учун энага ёллаганлар.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбекистонлик 36 ёшли энагани Месимба Аджелялова деб тилга олмоқда.

Кекса ногирон инсонларни парваришлаш бўйича мутахассис деб ўзини тақдим қилган ўзбекистонлик аёлнинг исми айрим хабарларда Насиба экани хабар қилинмоқда.

Энага гапиришга, ўзининг аҳволини сўзлаб беришга қобил бўлмаган кекса ногиронни жисмоний, руҳий азоблаб келгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик аёл Владимир Брувер билан Москва вилояти Чехов шаҳридаги хонадонда бирга яшаган.

Кекса ихтирочи фарзандларининг айтишича, энага кунига фақат бир марта овқатлантирган, зарур дориларини бермаган.

Баданида пайдо бўлган моматалоқлардан фарзандлари ҳайрон бўлганлар.

Аёлнинг қилмишлари уйнинг ичига кузатув камераси ўрнатилганидан кейин фош бўлган.

У 12 ой давомида кекса одамни азоблаб келгани маълум бўлган.

Россия матбуоти, телеканалларида хонадондаги кузатув камерасидан олинган тасвирлар намойиш этилмоқда, Интернетда ҳам тарқалиб кетган.

Шундан кейин энага қочиб кетган, 30 май куни унинг қўлга олиниб ҳибсда сақлаш бўйича маҳкама қарори чиқарилгани хабар қилинган.

Бу Россияда ўзбекистонлик энага билан боғлиқ шу йил бошидан буён жамоатчилик эътиборига тушган иккинчи ҳодисадир.

29 феврал куни самарқандлик энага Гулчеҳра Бобоқулова ўз қарамоғида бўлган 4 ёшли ногирон қизчанинг бошини танасидан жудо қилгани, сўнг хонадонга ўт қўйгани хабар қилинган.

Гулчеҳр Бобоқулованинг руҳий соғлом эмаслиги аниқланган, 25 майдагимаҳкама унинг ҳибс муддатини чўзишга қарор қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ