"Палов" китоби халқаро пазандалик танлови совриндори бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpstalic.livejournal.com

Ўзбекистонлик таниқли ошпаз Сталик Ханкишиев Хитойда бўлиб ўтган халқаро пазандаликка бағишланган танловда яна бир мукофотни қўлга киритган.

Хитойнинг Янтай шаҳрида бўлиб ўтган "Гурман" конкурсида Сталик Ханкишиевнинг "Палов" китоби "Жаҳон ошхонаси" деб номланган категорияда энг яхши китобдеб топилган.

"Палов" танловнинг "Буюк Ипак йўли ошхонаси ҳақидаги энг яхши китоб"и бўлган.

Янтай шаҳрида туриб Би-би-си билан суҳбатлашган Сталик Ханкишиев бу совриндан жуда фахрланганини айтди.

"Мен жуда ифтихордаман. Ўйлайманки, мендаги фахр туйғусини Ўзбек халқи, Озари халқи ва дунёда палов пиширадиган ҳамма халқлар ҳам ҳис қиладилар", деди Сталик Ханкишиев.

Пазандачиликка бағишланган "Гурман" танлови кино санъатидаги "Оскар" мукофотига қиёсланади.

"Гурман" асосчиси Эдуардо Куантронинг айтишича, бу йилги танловда дунёнинг 53 мамлакатидан 500 меҳмон қатнашган.

Уларнинг 200 дан ортиғи ошпаз муаллифлар бўлганлар.

Эдуардо Куантро дунёга машҳур брендлар - Куантро" ликёри, "Реми Мартин" коньягига асос солган қадимги Оврўпо сулоласи вакили бўлиб, пазандаликка бағишланган танловга 1995 йили асос солган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpstalic.livejournal.com

Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида 1962 йили туғилган Сталик Ханкишиев, "50 йилдан буён ош ейман, 40 йилдан буён ош пишираман, 10 йилдан буён Ўзбек ва Озари таомлари ҳақида китоблар ёзаман", дейди.

У сўнгги йилларда Россияда яшаб, ижод билан шуғулланади.

2015 йил Россиядаги АСТ нашриётида чоп этилган "Палов" китоби дунёдаги ош турларига бағишлаган ва бу китоб Сталик Ханкишиевнинг 6-китоби бўлган.

Бундан олдин у уч марта халқаро ошпазлик танловларида ғолиб бўлган.

Ўтган йили Олмониянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган китоб кўргазма-ярмаркасида Сталик Ханкишиевнинг "Бозор, қозон ва дастурхон" китоби сўнгги 20 йилдаги миллий ошпазликка бағишланган энг яхши китоб деб топилган.

Сталик Ханкишиев ошпаз, ёзувчи ва фотоижодкор. У қатор Россия телеканалларида пазандаликка бағишланган кўрсатувларга бошловчилик қилган.

Би-би-си меҳмони сифатида муштарийлар саволларига жавоб қайтараркан, Сталик Ханкишиев, мусиқа ва тасвир санъат бўлганидек, таомдан завқ олиш ҳам санъат, деб айтган.

Сталик Ханкишиев: мусиқа ва тасвир санъат бўлганидек, таомдан завқ олиш ҳам санъат Сталик Ханкишиев Жонли Журналини варақлаганда...
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ