Каримов Рамазонни муносиб кутиб олиш учун қарор чиқарди

Ўзбекистонда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи 6 июнь куни бошланиши хабар қилинди, шу муносабат билан Президент Ислом Каримов махсус қарор имзолаган.

Ўзбекистон президентининг мусулмонларнинг муқаддас ойига бағишланган бу йилги қарори “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” деб номланган.

Қарор қуйидаги кириш матнлари билан бошланган:

"Бугунги кунда она юртимиз, Ўзбекистонимизнинг жадал тараққий этиб, барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганини, диёримизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз авваламбор Яратганимизнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда. Шу борада эл-юртимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

1. 2016 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин."

Ўзбекистон президентининг бу галги қарорида яхшилик, меҳр-оқибатли бўлишга чорлаш ўрин олгани билан олдинги сиёсий ҳужжатлар матнидан фарқланиши кўпчиликнинг эътиборини тортган.

"... муқаддас Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амаллар ва тарғибот ишлари ташкил этилсин.

Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин", дейилади Президент Каримовнинг қарорида.

2015 йили Ўзбекистонда Рамазон ойи 18 июнь куни бошланган эди.

Ўзбекистонда Рамазон ойини бошлаш, Рамазон Ҳайити ва Қурбон Ҳайити кунларини белгилаш Президент Каримовнинг фармон ва қарорлари билан амалга оширилади ва баъзи йиллари Ўзбекистон мусулмонлари ва қўшни мамлакатлардаги Ҳайит байрами кунлари фарқ қилиб қолади.

Ушбу саволга аниқлик киритиш мақсадида Би-би-си Ўзбекистон расмийлари билан боғланганида, улар мусулмонлар учун муҳим кунларни белгилашда аниқ астрономик маълумотларга таянишларини айтганлар.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси янги ойнинг мамлакат ҳудудида аниқ кўринишини айтиб беришни сўраб Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институтига мурожаат этади.

Астрономия институти берган тавсия асосида диний идора юқори идораларга таклиф билан чиқиши хабар қилинган.

Рамазон ойи 29 ми ёки 30 кундан иборат?

Сўнгги йилларда Рамазон ёзги жазирама кунларига тўғри келмоқда ва рўза тутган инсонлар ҳаво ҳароратининг иссиқлиги ва чанқоқлик ўзларига мушкуллик туғдирганини айтадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ