Би-би-сига айтаман: Тошкентдаги газ фойдаланувчиларига ҳавас қилманг!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Vittorio Zunino Celotto Getty

Бир тошкентлик сифатида шуни айтишим мумкинки, табиий газ муаммоси ҳақида сўз кетганда, мамлакатимизнинг вилоятларида яшовчи ватандошларимиз Тошкентдаги шароитга жуда ҳам ҳавас қилмасалар ҳам бўлаверади. Нега? Чунки Тошкентда ҳам табиий газ муаммоси ўзига хос.

Бир йилча олдин "Тошкент" телеканали бир кўрсатув намойиш этди. Кўрсатувда журналист аҳолини газ тўловларини вақтида тўламасликда айблаб, “саводсизлар”га чиқарди-қўйди. Танганинг бошқа томонини – газ корхоналаридаги муаммоларни ёритиш эса кейинга қолганди чамамда. Газ корхоналаридаги раҳбарларнинг алмашиш тезлиги кейинги вақтларда анча пасайиб қолди. "Назоратчи қамалди" ёки "жаримага тортилди" деган хабарлар камроқ қулоққа чалиняпти. Бу қувончли хабардир балки, чунки бир турғун раҳбарнинг қаттиққўллиги иш берса, туман газ корхоналарининг иши эпақага келиб қолармиди?

Хуллас, ҳалиги журналист бир катта ёшдаги аёлга "шу оқ қоғозни чек деб олиб қолаверибсизда, бунда ҳеч нарса ёзилмаган-ку", деб айблаганди. Ваҳоланки, ўзимизнинг бошимиздан ўтган, инспекторлар томонидан бундай, сал вақт ўтгач, ёзуви ўчиб кетадиган қоғозларга урилган чеклар Тошкент яшовчилари орасида, ҳаттоки инспекторлар орасида ҳам жуда машҳур эди.

Мақсадга ўтадиган бўлсам, мана 4-5 йилдирки, тошкентликларнинг маълум қисми табиий газ тўлови муаммосига “табиий” равишда дуч келиб юришибди. “Табиийлик” шундаки, бу муаммо йил охиридаги худди бир кутилган “катта совға”дек кутиб олинмоқда. Туман газ корхоналарининг эса бу “табиий” муаммога қандай боғлиқлиги бор, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, ушбу корхона ишчилари нонвой ва сомсахоналарда ишлатилаётган табиий газ миқдорини қандайдир йўл билан қоплашнинг турли хил йўлларини “ихтиро” қилишган, десам муболаға бўлмайди ва буни кўпчилик тошкентликлар ҳам маъқуллайдилар.

Сомсачи биродарларга кўра, ҳаттоки газ корхонаси назоратчилари ўчириб кетган газни қайтадан тиклашни “йўли” бор. Ўша инспектор ёки уни “ҳамтовоғи” бу ишни дўндиради. Мисол учун, ушбу инспектор келиб сомсачига газ жўмраги ёпилгандан кейин трубага осилган қутини қандай қилиб очиб, жўмракни қандай бурашни ва табиий газни таралла-бедод ишлатишни ўргатиб кетади. Бунга албатта ўша тошкентлик сомсачи, нонвой фуқаро ёки назоратчи “табиий” айбдор.

Сўнгги 4-5 йилнинг якунида “катта совға” бўлмиш миллион-миллион сўмлик қарз тўловларига дуч келаётган тошкентлик фуқаролар шу бу йил бошқача услубда “жазоланадиган” кўринадилар. "Узтрансгаз" деган катта бир корхонанинг экспертлари хонадонларга кириб уйлар ҳажми ва хонадонда ўрнатилган мосламалар ҳисобини олишни шу йил бошидан бошлаб юбордилар. Шу вақтгача катта, ўрта ва кичик ҳисобдаги тўловларни амалга ошириб келаётган шахслар энди янгитдан “ўрганилган” тафовутлар ҳисобига жабр кўра бошладилар. Ваҳоланки, бундай текширишлар олдинги йилларда ҳам ўтказилган ва ҳисоблагичи йўқ хонадонларга уч ҳисобнинг бири қўлланиладиган қилиб тайинланганди. Дарвоқе, ўша назоратчи ва экспертлар энди ишдан кетишган, маълум “табиий” сабабларга кўра.

Мисол тариқасида оладиган бўлсак, бир танишимиз ҳисоблаб чиқилган 10 метр куб тафовутга 3 йиллик тўловни амалга оширмоқда. Боринг, ойига тахминан 10000 сўмдан ҳисоблаганда 3 йилга бу экспертлар тили билан айтганда “бор-йўғи” 300000 сўмдан ортиқроқ жарима тўланар эмиш. Яна бир танишимиз эндигина қуриб битказилган икки хонали уйининг ҳажми тафовути ҳисобига 3 йиллик тўлов - тақрибан 5000000 сўмни тўлаб берди. Барака топгур бизнинг карточкани ҳам “обналичка” қилиб берди. Дарвоқе, туман газ корхоналарига борсангиз, инспекторларнинг ўзлари сиздан нақд пулни олиб ҳар хил карточкалардан тўловни амалга ошириб юборадилар. Аҳоли эса бунга яхшилик сифатида қарайди, чунки кимнингдир карточкадаги пули нақдга айланади, ҳожати чиқиб хурсанд бўлади-да. Қани энди бу услубдаги “обналичка” ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда иш берса. Афсус, бу турдаги жаримани ҳайдовчилар ўз номларидаги пластик карточка билан амалга ошира оладилар, холос.

Юқоридаги айтилганлар ер участкасида яшайдиган хонадонлар эгаларига тегишли. "Дом"лардаги ҳолат анча тартибли. Миллион-миллион тўласанг, беихтиёр миянгни бир четида бир фикр ялт этаркан - “шу табиий газни боридан-йўғи яхшимикин?”

Албатта, табиий газсиз ва электрсиз яшаётган ватандошларимизнинг аҳволларидан хабардормиз. Юқоридагиларни шунчаки маълумот сифатида қоғозга туширишга жазм этдик. Бу билан биз нонвой ёки сомсачи дўстларимизнинг ишларига путур етишини хоҳламаймиз. Туман газ корхоналарининг муаммони тўғри йўл билан ҳал қилишни ўйлаб кўриб, керакли чораларни кўришларини тилаб қоламиз.

Ҳурмат билан тошкентлик муштарий.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ