Bloomberg: ‘Энг бой россиялик – Потанин’

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россиянинг асли ўзбекистонлик миллиардери Алишер Усмонов эса, дунё бойларининг янги рўйхатида Владимир Потаниндан 36 ўрин қуйида келган.

Bloomberg $14.7 миллиард доллари билан “Интеррос” ва “Норильский никель” ширкатлари соҳибини 56-ўринга қўйган.

Алишер Усмонов эса, $ 11.3 миллиард долларга баҳоланган бойлиги билан 92-ўринда келган.

Яқинда Британиянинг “Daily Telegraph” нашри миллиардернинг жорий йил бошидан буён 910 миллион долларга яқин маблағини йўқотгани ҳақида ёзган.

Аммо Алишер Усмонов жаҳонда хом-ашё маҳсулотлари нархларининг тушишидан жабр кўрган россиялик ягона миллиардер эмаслигини ҳам таъкидлаганди.

Британ нашри бунга мисол ўлароқ Роман Абрамовични келтирган, у қисқа вақтнинг ичида мосуво бўлган маблағ 800 миллион доллардан ошишини билдирганди.

Умумиятла олганда эса, бу мақоладан бор-йўғи икки ҳафтанинг ўзида Россиянинг энг бой 13 одами жаъми 11 миллиард доллар йўқотишгани маълум бўлганди.

‘Daily Telegraph’ буни Россияда олигархлар даври тугаётганига йўйган, мамлакатдаги сиёсий мавҳумлик сабаб, кўплаб бойларининг ўз пулларини ташқарига олиб чиқиш ҳаракатида эканликларига эътиборни тортганди.

Ўшанда Bloomberg бугун Россиянинг энг бой одами, деб топган Владимир Потаниннинг қарийб бир ярим миллиард долларидан маҳрум бўлгани ҳам маълум бўлганди.

Янги рўйхат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо, шунда ҳам, Bloomberg нинг янги бойлар рўйхатида 15 россиялик миллиардернинг борлиги маълум бўлган.

Владимир Потанин ва Алишер Усмоновдан ташқари, бу рўйхатга яна Леонид Михельсон, Виктор Вексельберг, Алексей Мордашов, Михаил Фридман, Роман Абрамович, Дмитрий Риболовлев, Михаил Прохоров, Владимир Лисин, Герман Хан, Геннадий Тимченко, Вагит Алекперов, Андрей Мельниченко ва Сергей Галицкийлар ҳам киришган.

Алишер Усмонов сўнгги йилларда Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчиликни эгаллаб келаётган эди.

2013 йилда у Британияда чоп этиладиган Sunday Times рўзномасининг энг бой одамлари рўйхатида пўлат магнати Лакшми Митталдан ўзиб, биринчи ўринни эгаллаган.

Ундан бир йил аввал эса, барча ҳиссаларини ягона холдинг остида бирлаштиргач, ўзи ортиқ бизнесларини бошқариш ниятида эмаслигини баён қилганди.

Яқинда Усмонов Хитойнинг онлайн чакана савдо ширкати Alibaba га сармоя киритган ва унинг вакили миллиардер бундан буён асосий эътиборини Хитойнинг технологиялар бозорига қаратишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи interfax.ru

Усмоновнинг ўзи Alibaba даги сармоясининг даромадлилигини 500 фоиз деб баҳолаган, аммо ундаги ҳиссалари миқдорини ҳеч қачон очиқламаган.

Миллиардер Alibaba билан бир қаторда Хитойнинг смартфонлар ишлаб чиқарувчи Xiaomi ширкатига ҳам сармоя киритган.

У яқинда Американинг Apple ва Facebook ширкатларидаги ҳиссаларини сотганини маълум қилган эди.

Аммо ўтган йили Алишер Усмоновнинг "Форбс" нашри таснифида Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчиликни қўлдан бой бергани маълум бўлганди.

USM Holdings асосчиси ва Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби ҳиссадори,"Форбс" га кўра, бир йил ичида ўз сармоясининг 25 фоизи ёки 4.2 миллиардини йўқотган ва 14.4 миллиард доллар билан биринчи ўриндан учинчи ўринга тушиб қолганди.

"Форбс" рейтингида ҳам ўшанда биринчиликни 15.4 миллиард доллар сармояси билан Владимир Потанин эгаллаганди.

Bloomberg

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Америка халқаро агентлигининг янги рўйхатидан жаъми 200 миллиардер ўрин олган.

Дунёнинг шунча бойлари орасидан илғорликни эса, америкалик тадбиркор, “Microsoft” ширкатининг асосчиларидан бири Билл Гейтс олиб кетган.

Bloomberg бу миллиардернинг жаъми бойлигини бу йил $85.6 миллиард долларга баҳолаган.

Бугунги дунё бойларининг юқори учлигига $72.7 миллиард доллар сармояси билан испаниялик миллиардер Амансио Ортега ва $66.6 миллиард пули билан америкалик бошқа бир тадбиркор Уоррен Баффет киришга муваффақ бўлишган.

Аммо россиялик бирор бир миллиардер янги рўйхатда юқори ўнликдан жой топа олмаган.

Дунёнинг ўнта энг бой одами аксариятининг америкалик экани маълум бўлган.

Forbes нима дейди?

Forbes Россиянинг энг бой 200 та одами рўйхатини шу йил апрел ойида эълон қилган.

Унинг рўйхатида НОВАТЭК ширкатининг бош ҳиссадори Леонид Михельсон $14.4 миллиард доллари билан қолган барча бойвачча ватандошларини ортда қолдириб кетганди.

Бу нашрнинг юқори учлигидан эса, “Альфа-Групп” соҳиби Михаил Фридман ($13,3 млрд) ва Алишер Усманов ($12,5 млрд)лар ўрин эгаллашганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ