uff.uz сайтини қайтариш талаб қилиняпти

Охирги кунларда ўзбек интернет оламида кутилмаган ҳолат кузатилмоқда.

Футбол мухлислари ёпиб қўйилган uff.uz сайтини қайтаришни талаб қилганлар.

Бундай ҳол авваллари юз бермаган.

Шу маҳалгача бирор бир сайтнинг ёпилиши ёки тўхтатиб қўйилиши худди шундай бўлиши керакдек қабул қилиниб келган.

Аммо кунига 20-30 минг одам кирадиган сайтнинг изоҳларсиз ёпиб қўйилиши мухлисларни ғазаблантирган.

Айни пайтда uff.uz сайтига киришга ҳаракат қилинганда, техник ёки бошқа сабаблар эмас, "сиз қидирган сайт топилмади, бошқатдан ҳаракат қилинг" ёзуви чиқади экранда.

uff.uz дан ташқари Чемпион газетаси ҳам чиқмай қолган. Газета муҳаррияти буни расман молиявий сабаб дея изоҳлаган.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлиб, футбол жамоаларини аёвсиз танқидларга тутаётганлари кўринади.

Ўзбекистон терма жамоасининг кетма-кет қолдирилган ўйинлари мухлисларнинг норозилигини уйғотган.

Олдинроқ, Қирғизистон билан халқаро ўртоқлик ўйини номаълум сабабга кўра бекор қилинганди.

Кейин икки кун ичида шошма-шошарлик билан Африка қитъасидан топилган рақиб ҳам ўйинга икки кун қолганда келмаслиги аниқ бўлган.

31 май куни ЎФФ расмий сайти “Ўзбекистон - Экваториал Гвинея халқаро ўртоқлик учрашуви Экваториал Гвинея футбол федерациясининг ташаббусига кўра бекор қилинди”, дея хабар тарқатган.

Ўйин бекор қилинишига Экваториал Гвинея Футбол федерацияси Бош котиби Тадео Нсуе Онва имзолаган хат асос сифатида келтирилган.

Мухлислар ўтказилмаган ўйин учун сотиб юборилган чипталарни қайтариш ҳам машмашага айлангани, чипта сотиб олинаётганда талаб қилинмаган паспорт пулни қайтариб беришда талаб қилинганини айтганлар.

Бунинг ҳаммаси жамоанинг мағлубиятларидан кўзи пишиб кетган ишқибозларнинг кинояли кулгуси ва ғазабнок фикрларига сабаб бўлган.

Бир кун олдин эса Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ўзбекистон-Экваториал Гвинея учрашувига сотиб олинган чипталар билан 1 сентябр куни Тошкентда ўтказиладиган Ўзбекистон-Сурия учрашувига кириш мумкинлигини эълон қилган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонга балки фақат футбол ва санъатга цензура йўқ ёки нисбатан камроқ. Шу боисдан, сиёсатга алоқадор нозикроқ мавзуларда фикр билдиришдан тийиладиган ўзбекистонликлар футбол ва қўшиқчиларга келганда аяб ўтирмайдиган бўлганлар.

uff.uz сайтинининг ёпиб қўйилишини тегишли томоннинг исталмаган танқидларни камайтириш истаги деб қараш мумкиндир балки.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ