'Кремлдан юз ўгирилмаслиги керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Би-би-си Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Президент Ислом Каримовнинг ички ва ташқи сиёсатига бағишланган дастурларни тайёрлаган.

Президент Каримовнинг Ғарб ва минтақа билан ўзига хос алоқалари, мамлакат ичкарисидан назар ҳамда расмий Москванинг Ўзбекистон раҳбарига бўлган мураккаб муносабати - булар жумласидандир.

Бугунги мақоламизда "Кремл Ислом Каримовнинг кетишидан кейин Ўзбекистонни ким бошқаради деган саволга ўз таъсирини кўрсата оладими?" - деган саволга россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов жавоб беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи sayasat
Image caption Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов

Аркадий Дубнов: Ўйлайманки, Кремл Ислом Каримовнинг кетидан ким келиши мумкинлиги борасидаги саволда айрим бир рол ўйнашни хоҳлаётгани билан, бироқ, бундай имконият Кремлда пайдо бўлади деб ҳисобламайман. Фаразимча, вақт келганида, Тошкентда Каримовнинг меросхўри масаласига оид Москванинг муносабатини инобатга олишлари мумкин. Шўролар давридек, яъни Москвадан Ўзбекистон ЦК сига Биринчи секретарни тайинлашганидек бўлмайди. У вақтлар ўтиб кетди, ҳозирда Ўзбекистонда ворисни тайинлаш учун ўзига хос мустақил структура шаклланиб бўлган. Бошқа томондан, меросхўрни танлаш - мисли кўрилмаган ҳодиса бўлади. Чунки, Каримов совет давридан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётгани ҳаммага маълум. Бу ўта ҳаяжонли давр бўлиши мумкин ва Москва сўнгги йилларда изтиробли кутиш онларини бошидан кечиряпти. Бугунги кунда бу воқеаларга қандай тайёргарлик кўришни Москвада яхши билишади деб ўйламайман. Бундан ташқари, ундан кейин ким бўлиши ҳақида Каримовнинг ўзи аниқ бир тасаввурга эга деб ўйламайман.

Би-би-си: Қандай бўлмасин, Кремлда Ўзбекистон билан алоқа юритиш стратегияси ишлаб чиқилганида, пост-Каримов Ўзбекистонининг айрим контурлари, яъни чизиқлари ойдинлаштирилмоқдами?

Аркадий Дубнов: Пост-Каримов Ўзбекистони билан алоқа қилиш жиҳатлари сўзсиз ўзгаради. Бироқ, Ўзбекистонда Москванинг орбитасига бутунлай қайтишга имкон ярата оладиган ходисалар рўй бермаслигига ишончим комил. Ўзбекистонда ҳокимиятни ушлаб турган кланлар мустақил иш юргизишга ўрганиб қолишди. Улар бу соҳада маълум бир маҳоратга эришишди. Улар яна Москвага қарам бўлиб қолишни исташмайди. Мазкур кланлар меросхўрни танлашда бир- бири билан келишиб олишганида бир шароитни унутмасликлари керак бўлади, бу дегани – Ўзбекистон ғарб томон кескин бурилиб кетмаслигига Москвани қаттиқ ишонтиришлари керак бўлади. Яъни, Конституцияда 2005 йилда Андижон воқеаларидан сўнг НАТО базаларини жойлатиришмаслик каби қоидаларни ўзгартиришга йўл қўймасликлари керак бўлади.

Би-би-си: Сиз ҳозирда бир неча марта Ўзбекистон раҳбари мустақил деб айтдингиз, Кремл учун Ислом Каримов қанчалик “ноқулай” сиёсатчи деб ўйлайсиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Ислом Каримов Кремл учун мунтазам равишда “ноқулай” шахс бўлиб келган..."

Аркадий Дубнов: Шак-шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мустақиллиги йиллари давомида Каримов Кремл учун мунтазам равишда “ноқулай” шахс бўлиб келган. Баъзан, бундай “ноқулайлик”ни Ислом Каримов Россия раҳбарияти билан муносабатларида шарқий “роҳат луқум” сиёсати билан текислашга ҳаракат қилади. Москвада эса у ҳақда янглишишмайди. Улар сиёсатни кардинал тарзда ўзгартиришга қодир бўлган Ислом Абдуғаниевичнинг характерини яхши билиб олишган. Энг муҳим масала – Каримов Ғарб билан Россия ўртасидаги муносабатларида, умрининг охиригача, ҳамиша, Россия елкасига таяниб боражагини тушуниш лозим. У, ўзининг ўтмиши, ўзининг менталитети, ўзининг тажрибасидан келиб чиқиб, Ғарбга ишонмайди ва ишончини йўқотган. Унинг Ғарб ҳаракатларидан шубҳаланишига Андижон воқеалари туртки берган. Ўша вақтда Ғарб мамлакатлари Каримовни кескин қоралаб чиққанлар ва оқибатда АҚШ Хонободдан ўз ҳарбий базасини олиб чиқишга мажбур бўлган. Лекин Россия, шахсан Владимир Путин Каримовни қаттиқ қўллаб-қувватлаганди. Бу Каримовга катта таъсир қилган, у ҳеч қачон буни унутгани йўқ деб ўйлайман. Шунинг учун унинг Ғарб томон намоён бўлаётган ишончсизлик қарашларига, хусусан бугунги кунда, бугунги вазиятда, шубҳа туғдириш осон бўлмайди, назаримда. Ундан кейин ҳокимиятга келадиган элита вакилларидан айнан Ғарбга нисбатан ишончсизликни сақлаб туришлари ва яқинлашиб кетмасликлари кутилади. Яъни, Каримовдан кейин ким келишидан қатъи назар, у шахс Кремлдан юз ўгирмаслиги керак.

Би-би-си: Бир пайтлар Россия сиёсий ва ижтимоий доираларида дабдабали чиқишлари билан Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова кўзга кўриниб турганди. Энди эса унинг сиёсий келажагини ‘отасининг вориси’ сифатида кўрган шахсларнинг умидлари пучга чиққан, деб айтсак бўладими?

Аркадий Дубнов: Бу саволга жавоб бериш учун мен етарли маълумотларга эга эмасман. Агар менга ишонсангиз, Россияда Гулнора Каримовани отасининг меросхўри сифатида ҳеч ким кўрган эмас ва ҳозирда ҳам кўрмаяпти. Бунинг ҳеч қандай иложи йўқ ўзи. Ўзбекистонда токи отаси тирик экан, у нисбатан хавфсизликда бўлиши мумкин. Отаси кетиши билан, худди бошқа пост-совет мамлакатлари раҳбарлари фарзандлари каби Гулнора Каримова учун чет элга чиқиб кетиш ягона чора бўлади. Россияда уни жиддий ворис сифатида ҳеч ким қабул қилаётгани йўқ. Тўғри, уни Москвада зиёфатларда қабул қилишган. Россиядаги Ўзбекистон элчисидан мавқеъи юқорироқ бўлган маслаҳатчи деб тайинланган аёлни, ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимидаги аёлни, халқаро ташкилотларга махсус вазифани бажараётган аёлни қандай қилиб қабул қилиб бўлмайди? Буларнинг барчаси протоколга мувофиқ бўлган, холос.

Би-би-си: Бироқ Кремл ичида Ўзбекистонга келганда, ўзининг ‘фаворитлари’ бордир? Яъни Ўзбекистон келажагини ўйлаётган Россия расмийлари ким билан умидларини боғлашяпти? Бундай шахслар борми?

Аркадий Дубнов: Йўқ, Кремлнинг Ўзбекистонда ҳокимиятга келиш имконияти кўпроқ деб кўзланган шахслари йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Кремл аллақачон очиқдан-очиқ ҳеч кимни қўллаб-қувватламайди. Мисол учун, Қирғизистоннинг жорий президентини олайлик. Яқин ўтмишда ‘фаворит’ деб саналган Атамбаев сўнгги вақтларда Кремлнинг жиғига тегаётган "ноқулай" шахсга айланди. Бугунги кунда манфаатларини чеклаб, Кремлнинг ғашига қаттиқ тегилса, Россия хатарли бўла олишини ҳамма англаб олган. Сўнгги йилларда Владимир Владимирович буни катта усталик билан намоён этди. Шунинг учун, ҳозирги кунда МДҲ раҳбарларининг сиёсати - Россиянинг асаби ва иззат-нафсига тегмаслик, уни ҳақорат қилмаслик, ғазаблантирмаслик ва аксил-Россия кайфиятларни очиқ изҳор этмасликдан иборатдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ