Руфат Рисқиев: ‘Муҳаммад Али, сен ҳали керак эдинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

70-йиллар охирида марҳум бокс афсонаси билан Тошкентда кўришган ўзбекистонлик номдор боксчининг айтишича, агар, бугун унинг дафн маросимига бориш имкони бўлганида, кўзларидан ёшларини тиёлмаган бўларди.

“...Мен сени жуда яхши кўраман. Сан билан жуда фахрланаман. Сен менинг кумиримсан. Сен яна узоқ йиллар яшашинг керак эди. Чунки сен одамларга кераксан. Кўнгли пок бир одам эдинг. Вьетнам урушига боришдан ҳам бош тортдинг. Сенга шунча зарар келтирса ҳам, барибир, Вьетнамга бормадинг. Сенга қараб, яна қанча одам ҳам шундай қилди. Бунинг оқибатида, уруш ҳам камроқ бўлиб, камроқ одам ўлди. Шунинг ҳаммасини сен қилдинг, дердим”, - дейди бокс афсонасининг дафн маросими арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Тошкентдан Руфат Рисқиев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Муҳаммад Алининг ўлимига оид хабардан ўртоғининг телефон қўнғироғи орқали хабар топган.

“Бу хабарни эшитиб, худди кимдир елкамга пичоқ ургандек бўлди. Худди тоғ ағдарилгандек бўлди, назаримда. Буни тасаввур қилиш қийин эди. Чунки Муҳаммад Алидек боксчилар бу яқин 100 йилларда туғилмайди. Жуда ёмон бўлдим. Ҳалиям ўзимга кела олганим йўқ.”, - дея сўзларида давом этади Руфат Рисқиев.

Шу соатларда эса, ўн минглаб одамлар она шаҳри Луисвиллда марҳум Муҳаммад Алининг дафн маросимида иштирок этишмоқда, у билан сўнгги бор видолашишмоқда.

Бокс афсонаси ўтган жума куни 74 ёшида респиратор хасталигидан вафот ўтган, унинг ўлимига оид хабар бутун дунёни ларзага солмай қўймаганди.

Минглаб ишқибозлари қаторида дунёнинг манаман, деган спорт юлдузлари, таниқли шахсиятлари ва номдор сиёсатчиларидан минглаб таъзиялар ёғилиб кетганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Она шаҳри Луисвиллдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, бокс афсонаси билан видолашув маросими учун тарқатилган минглаб текин чипталар ҳам бир зумда қўлма-қўл бўлиб кетган.

Муҳаммад Алининг яқинлари эса, унинг дафн маросимида истаган киши иштирок этиши ва у билан сўнгги бор хайрлашиши мумкинлигини айтишганди.

Унинг ўлимига бефарқ бўлмаган барчанинг бирдек эътироф этишича эса, Муҳаммад Алидек боксчи жаҳон бокс оламида бўлмаган ва унинг ўрнини ҳеч ким ҳеч қачон боса олмайди.

Муҳаммад Алининг ўлимига оид хабарга муносабат билдираркан, ўзбекистонлик бошқа бир номдор боксчи, профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ҳам, "Муҳаммад Али ўзи учун бокс қироли экани, жаҳон бокс оламида ҳали унга ўхшаш боксчи бўлмаган”ини айтганди.

"Муҳаммад Алининг ўлими жуда катта йўқотиш: Жаҳон бокс олами афсонасини йўқотди. Муҳаммад Али ўз даврининг энг кучли ва жозибали боксчиси эди. Унинг ўлими билан жаҳон бокси тирик тарихини йўқотди", - деганди Руслан Чагаев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Худди шу манзарада ўтган бир ҳафта давомида дунёнинг исталган бурчагида Муҳаммад Алининг инсонийлик жиҳатларига ҳам ўз ҳурматларини бажо келтираётган инсонлар-да озмунча бўлмаётир.

Тошкентдаги учрашувидан олган таассуротларини хотирларкан, ҳаваскор бокс бўйича Монреаль Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори, собиқ жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев ҳам Муҳаммад Алининг худди ана шу хислатларига алоҳида тўхталиб ўтади:

“Русларда бир мақол бор: “Гўзаллик оддийликда”, деган. Муҳаммад Али менга ана шу мақолни эслатади. Ниҳоятда машҳур, аммо жуда оддий ва камтар одам. Манманликдан аср ҳам йўқ бўлган бир инсон. Устига устак, жуда ҳазилкаш. Тошкентнинг ҳамма чиройли жойларига борган, Ўзбекистонни жуда ёқтирганлиги ҳақида ҳам гапирганди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Муҳаммад Алининг ўлимига оид хабар минглаб ўзбекистонликларни ҳам бефарқ қолдирмаган, ўша кунлари, айниқса, турли ижтимоий-мулоқот тармоқлари уларнинг изҳоротларига тўлиб-тошган, кўпчилик айнан бокс афсонасининг 70-йиллар охиридаги Ўзбекистонга ташрифини хотирлаганди.

Муҳаммад Алининг қадим Самарқанд шаҳрида олинган фотосурати эса, ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ўртасида “қўлма-қўл” бўлиб кетганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Улар фотосуратни бўлишиш баробарида, "шундай буюк инсоннинг ўз мамлакатларига ташриф буюрганидан фахрланишлари”ни изҳор этишганди. Муҳаммад Алининг ўлими “буюк йўқотиш” бўлганини айтишганди.

Америка билан оралари қанчалик совуқ бўлганига қарамай, доврўғи дунёга кетган эмасми, Спорт қўмитасининг таклифи билан собиқ Шўролар Иттифоқига сафар қилган Муҳаммад Али, хабарларга кўра, “мусулмон экани боис, унинг шарқий шаҳарларини ҳам кўриш истагини изҳор этади”.

Шу баҳона Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Самарқандда бўлади. Айниқса, Самарқандда Улуғбек расадхонасини бориб кўради ва бошқа қадимий обидаларини ҳам зиёрат қилади.

Муҳаммад Али ўз ҳаёти давомида ташриф буюрган, ўз кўмагини дариғ тутмаган давлатлар ҳам озмунча бўлмаган, борган ҳар бир жойида бокс афсонаси яна бир бор инсонларнинг кўнгилларини забт этишга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У ҳақли маънода жаҳон спорти тарихидаги энг машҳур спортчилардан бири саналиши баробарида, жаҳондаги энг таниқли мусулмонлардан бири сифатида ҳам кўрилган.

Бошқа кўплаб совринлари қаторида, профессионал бокснинг оғир вазн тоифасида уч карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритган, бу каби шарафга эса, ҳозирча, қолган бошқа бирор бир боксчи мушарраф бўлмаган.

Аммо Муҳаммад Али биргина ўзининг юлдуз боксчилик иқтидори билан танилмаган.

Бокс афсонаси катта рингдан ташқари, қора танлиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Америкадаги ирқчилик ҳолларига барҳам бериш йўлида ҳам озмунча заҳмат чекмаган.

Қолган ватандошларининг қанчалик танқидларига қолиб кетганига қарамай, 60-йиллар охирларида Вьетнам урушига боришдан бош тортган, Американинг бу урушига қарши эканини изҳор қилган.

Бунинг ортидан, барча унвонларидан маҳрум этилган ва тўрт йилгача рингга тушиши ҳам маън этилганди.

Фақат 1971 йилга келиб, ўзига қўйилган тақиқ бекор қилинаркан, Муҳаммад Али жаҳон бокс олами тарихидаги энг афсонавийси, деб тан олинган учта учрашувини ўтказган ва яна қайтиб бокс қиролига айланганди.

Бокс афсонасининг жаноза намозини ўқиган имом Шокирнинг айтишича эса, “Муҳаммад Али ўз эътиқоди ва тамойиллари учун шон-шуҳрат бўладими ва ёки пул, ҳамма нарсасини қурбон қилишга тайёр инсон бўлган”.

Муҳаммад Алининг исломийси дохил икки кунлик дафн маросими бугун ўз поёнига етади ва бокс афсонаси ўзининг она шаҳридаги қабристонга тупроққа қўйилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ