Шанхай саммити олди Тошкентга кириш тўхтатилади

23-24 июн кунлари Тошкентда ўтиши кутилаётган ШҲТ саммити олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

"Новости Узбекистана" сайтига кўра, фуқароларнинг пойтахтга киришлари 16 июндан бошлаб вақтинчалик тўхтатилади.

Ушбу чоралар халқаро учрашувларни олий даражада ўтказиш мақсадида хавфсизликни таъминловчи хизматлар томонидан қарор қилингани билдирилган.

Айтилишича, шаҳарга киришни чеклаш барча турдаги автомобиллар ва темир йўл транспортига, шунингдек, баъзи авиахизматларга ҳам талуқли бўлади.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитига ташриф буюрган давлат раҳбарлари жўнаб кетгач, Тошкентга кириш нормал тартибига ўтши айтилган.

Шунингдек, кўп ташкилотлар ишчиларига таътилга чиқиш имконини берган. Тошкентга шаҳар ташқарисидан қатнаб ишловчи ходимлар бу вақт мобайнида уйда бўлишларига рухсат этилган.

Аввалроқ Тошкентда ШҲТнинг учрашуви арафасида кўча ва йўлларда жадал таъмирлаш ишлари кетаётгани хабар қилинганди.

"Президент трассаси"га яқин кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларга дераза ойналарини очмаслик, кир осмаслик, девордаги антенналарни олиб қўйиш кўрсатмаси берилган.

Олой бозори, Миробод бозори қайта бузилиб, қурилган. Нурафшон халқа йўли ва Hyatt меҳмонхонаси қурилиш ишлари тугатилиши ҳақида матбуотда ёзилган. Трамвай йўллари шаҳар ҳуснини бузиб тургани учун олиб ташланган. Унинг ўрнига вақти билан қулай метробуслар қўйилиши айтилган. Бир неча кун олдин Кадишева бозоридаги қатор расталар кўчирилгани ҳақида хабар ва суратлар интернетда тарқалган.

Маълум бўлишича, анжуман иштирокчилари ташриф буюрадиган жамоат жойлари зудликда қайтадан таъмирлашга буюрилган.

Баъзи тошкентликлар ижтимоий тармоқларда "саммитга келадиган раҳбарлар бизнинг ҳам кўчамиздан ўтсин, зора ўйдим-чуқур йўллар тузалиб қолармиди", каби кинояли изоҳлар қолдиришган.

Би-би-си гаплашган тошкентликнинг айтишича, айни пайтда шаҳар ичида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, гавжум жойларга, шаҳарга киришда одамларни ва машиналарни текшириш йўлга қўйилган. Олий ўқув юрти талабалари муддатидан олдин имтиҳонларни топшириб, уйларига рухсат берилганлар.

1996 йилда тузилган Шанхай ташкилотига Россия, Хитой ва Марказий Осиёнинг Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари аъзо.

ШҲТ Саммити унга аъзо давлатларнинг ҳудудларида навбати билан ўтказилиб турилади ва бу галги йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтказилиши кузатувчилар фикрича, ҳар галгидек иқтисодий тарафлама бўлмасада, сиёсий тарафдан аҳамиятли бўлиши мумкин. Ўзбекистон охирги пайтларда ён қўшнилари билан юзага келган муаммоларга аниқлик киритиб олиши, ўз талабларини илгари суриши имкони бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ