Ўзбекистонда диндорларга таъқиб кучайган

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru

Муқаддас Рамазон кунларида ҳукуматнинг диндорларга нисбатан таъқиб ва босимлари ошган, деб хабар беради Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, ташкилотга Тошкент вилояти Чиноз шаҳри Янгиобод маҳалласи яшовчиси 62 ёшли Марҳамат Мирзаева мурожаат қилган.

Унинг сўзларига кўра, рўза бошланган 6 июн кунидан бошлаб Чиноз Ички Ишлар бошқармаси ходимлари тинч мусулмонларга нисбатан кузатувлар ва таҳдидларни оширганлар.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида, пойтахт Тошкентда ҳам ҳаво ҳарорати 40-42 даражага кўтарилган. Шунга қарамасдан, милиционерлар гуруҳи диндорларнинг уйига кириб, уларни ички ишлар бўлимига боришни талаб қилмоқдалар ва у ерда ҳеч бир сабабсиз 8 соатлаб ушлаб қолмоқдалар, дейилади баёнотда. Милиция бўлимига чақирилганлар асосан рўзадорлар бўлиб, иссиқ ҳавода соатлаб кутиш уларнинг аҳволига салбий таъсир кўрсатади.

Жумладан, ташкилотга мурожаат қилган Марҳамат Мирзаеванинг уйига ҳар куни участка нозири дохил бир нечта милиция ходимлари огоҳлантиришсиз келиб, аёлни ва унинг келини Нигора Сўпижоновани милиция бўлимига олиб кетмоқдалар. Уларнинг талаби Марҳамат Мирзаеванинг ўғли 1977 йилда туғилган ҳозирда Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган Сўпижонов Одилни Ўзбекистонга чақиртириш бўлмоқда.

Милиция ходимларининг доимий босимлари остида келин Нигора Сўпижоновада юрак хуружи содир бўлиб, касалхонага тушган.

Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари гуруҳининг хабарига кўра, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги қамоқхонада диний айбловлар билан қамалганларга нисбатан тартиб кучайтирилган. Маҳкумларнинг яқинлари қамоқхона ходимлари диндорларга рўза тутишга имкон беришмаётгани ва уларга қўпол муносабатда бўлишаётганидан хавотирларини билдирганлар.

Шунингдек, 20 июндан ИИВ Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов изоляторлари 10 кун муддатга ёпилиши, бу ШОС саммити олдидан хавфсизлик чораси экани маълум қилинган.

Пойтахтдагиларнинг айтишларича, бир ойдан буён кўчаларда, метро бекатларига киришда ва маҳаллаларда паспорт текшириш кучайтирилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ