Тошкентдан мактублар: 'Қорнимиз-ку, бир кун тўяр...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи www.mosds.ru

14 йилдирки, Россияда яшаяпман. Болаларим шу ерда туғилди. Улар катта бўлаяпти. Ҳар куни, ҳар соатда юртга қайтиб кетгим, ота-онам, ака-укаларимнинг яхши кунларида бирга бўлгим келади. Аммо таътил муносабати билан бу ерга келгач, уч ойгина зўрға яшай оламан, холос. Мен яна қайтиш ҳаракатига тушаман.

Негаки, бу ерда менга иш йўқ. Яшашим учун шароит йўқ. Мактабни битиргач, ҳеч қаерда ўқимадим. Ўзимга ўхшаган ўрта маълумотга эга йигитга турмушга чиқдим. Беш фарзанднинг учинчи бўлган турмуш ўртоғимнинг бўйнида ҳамма акалар қатори иккита сингилни чиқариш, опасининг ўғлига тўй қилиш ташвиши бор эди. Ўша йиллари қайнотам пенсияга чиққан, қайнсингилларим бўй етиб узатилиши керак эди. Қайноғам ҳам олий маълумот олмаган, ҳунар ўрганмаган йигит бўлганлиги, у ҳам "ўқимаган" қизга уйланганлиги боис оиламизда молиявий қийинчилик бошланганди.

Қайнонам "Ҳамма Россияга бориб ишлаяпти, уй қураяпти, тўй қилаяпти. Сизлар ҳам Россияга бориб ишлаб келинглар" дея бизни шу юртга "ҳайдади". Рости ўзим ҳам бошида бу совуқ иқлимли ўлкага келишни истамагандим. Аммо оиламиздаги молиявий қийинчиликлардан қочиб турмуш ўртоғим, икки нафар қизим билан йўлга тушдик. Бошида осон бўлмади. Беш ва бир ярим ёшли қизчаларимни устидан қулфлаб ишга кетар, улар биз келгунча оч-наҳор ўтирарди. Кафеда идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлардиму фикру хаёлим қизчаларимда турарди. Кейин турмуш ўртоғим билан нонвойчилик, сомсапазлик қила бошладик. Йилдан-йилга турмушимиз яхшилана бошлади. Йиллар ўтаверди.

Бу орада қайнсингилларни узатдик, улар ўғилли бўлгач топган-тутганимизни йиғиб-териб ўғилларига "суннат" тўйлари қилишга юбордик. Ўғил туғиш ниятида икки марта ҳомиладор бўлдим. Иккаласида ҳам қиз туғилди. Худонинг бергани шукр қилиб яна яшайвердик. Ўша ерда дўст-биродарлар оттиргач, турмуш ўртоғим нисбатан енгилроқ иш топиб олди. Энди молиявий жиҳатдан ўзимизни ўнглаб олдик. Қишлоқда уй қуришни бошладик.

Ҳар йили ёз фаслида болаларимни олиб Ўзбекистонга келаман. "Бўлди энди юртимда қоламан, ўша ерда яшайман" деб самолётга ўтираман. Аммо келгач... Ёз бўлса-да светни тез-тез ўчиришади, табиий газ йўқ, сув ҳам вақти-вақти билан тушади. Ўзбекистонда туғилган иккала қизим бир амаллаб чидайди, аммо Россияда туғилганларим бобо-ва бувисига эътироз билдираверади. "Бобо, ҳожатхона нега унақа, у ерда микроб кўпку. Нега биз келгунча янги ҳожатхона қуриб қўймадингиз? Буви нонуштага фақат шакар чойу қаймоқми? Бошқа ҳеч нарса йўқми? Уларнинг нега, нега, нега, деган саволлари тугамайди. Бу саволларга бобо-бувиси, уйдагилар кулиб қўяверади. Баъзан "Бу ер Россия эмас, Россияга кетганингда еяверасан ўша колбасаю сирларни. Ўша ерда ичасан кофею шарбатларни. Ўша ерда ейсан шоколаду печеньеларни" дейишади. Лекин инсоф билан айтганда, қишлоқда бизнинг оила энг яхши яшайдиган оилалар сирасига киради. Холодильникдан гўшт узилмайди. Сигир борлиги учун қаймоқ, сут, қатиқ... Амакиси шоли, картошка экади. Шунинг учун гуруч ва картошка ҳам текин бўлганлиги учун мўл-кўл. Хуллас, тиришиб-тирмашиб деҳқончилик қилиб яшашаяпти. Томорқамиз катталиги учун ўша ерга экин-тикин қилишади.

Мана, ёзги таътилга келдик. Ҳамма энди қайтиб кетманглар, шу ерда қолаверинглар, дейди. Ўзим ҳам жон-жон деб қишлоғимда қолардим. Чунки ота-онамни, қариндошларимни яхши-ёмон кунларида ёнида бўлолмаганимдан жуда эзиламан. Аммо...

Бу ерда қиз чиқариш, ўғил уйлаш ҳақидаги гапларни эшитиб ваҳимага тушиб кетаяпман. Бу ерга бутунлай келсам нима иш қиламан? Турмуш ўртоғимчи? Чунки ҳеч қандай маълумотимиз йўқ. Ҳунаримиз ҳам. Олти нафар болани кийинтириб, едириш-ичириш учун камида бир ойда 500 доллар керак бўладику? Мен Ўзбекистонда ақалли 500 минг сўм ҳам топа олмайман. Бирор бир мактаб ёки ташкилотга фаррош бўлиб ишга кирган тақдиримда ҳам энг кам иш ҳақини оламан, холос. Бирор бир тадбиркорлик билан шуғулланиш учун эса менда сармоя йўқ.

Ҳозир роса бошим қотган. Мен Ўзбекистонда яшай олмайман. Фарзандларим ҳам бу ердаги шароитга кўнмайди. Улар Россияда одамдек яшаш мазасини билиб қолган...

Бир кун келиб, Ўзбекистонимизда ҳам шундай ҳаёт бўлар, аммо унгача биз бормизми, йўқмизми, ёлғиз Оллоҳга аён. Қорнимиз-ку бир кун тўяр, аммо қадримиз нима бўлади?

Мен тирикчилик илинжида бизга қўшилиб, Россияга бориб қолган, у ерда дунёга келган фарзандларимиз киндик қони тўкилган тупроқларидан, миллати, дини, ўзбекчилигимиздан узоқлашиб кетмасмикан, деб қўрқаман.

Мардикорликка олиб кетилган боболаримизнинг Николай пошшо ҳақида айтган қўшиқлари ёдимга тушади:

Анжонликнинг меҳнатини билмаган

Николай золим кўр бўлсин!..

Аммо бугун ўзбекни мардикорликка ҳеч ким мажбурлаб олиб кетаётгани йўқ. Ўзимиз бораяпмиз. Николай пошшо тирилиб келса, бунақа сафарбарликдан ҳайратга тушса ажабмас.

Ўзбекнинг меҳнатини билмаган золим ҳам Николай эмас, ўзимизникилар...

Россиядаги муҳожирнинг сўзларини Адолат Тошканбой қизи ёзиб олди.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.