Ўзбекистонликлар Орландо ҳодисаси ҳақида

АҚШнинг Орландо шаҳрида жойлашган Pulse гей-клубида келиб чиқиши афғонистонлик Умар Матин 49 кишини отиб ўлдиргани ва ўзи ҳам полиция билан отишмада ҳалок бўлгани ўзбекистонлик Facebook ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар орасида ҳам баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

Баъзилар Умар Матиннинг қилган ишини олқишлашган. Жумладан, "Firdavs G'afforov": "Ҳааааа қойил"; "Миразиз Ахмедов": "Маладес, ўғил бола!"; "Иброхим Пулатов": "Отангга балли, ўғил бола" қабилидаги изоҳларни қолдиришган.

"Афсона Нормухаммедовна Каримова" ҳатто: "Агар бу ҳақиқат бўлса, яхши иш қилибди! У каҳрамон!" дейди.

Аммо, "Aziza Ikromova" ўзгача фикр билдиради: "Гей бўладими, лезби бўладими, барибир улаям одам, шунчаки бошқача ноодатий танловга эга шахсла... 50 одам ўлибди, бу жуда ачинарли ҳолат... Марҳумларнинг яқинларига қийин. Ким ҳам шунақа ўлим билан ҳаёти якунланишини хоҳлайди. Ҳеч ким".

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари ўлганларга ачинганларни бесоқолбозларга тарафкашлик қилишда айбланганлар. Бошқалар эса, Матиннинг ҳаракатини оқлаганликлари боис террорчига чиқарилганлар.

Умар Матин қилган иши тўғри ё нотўғрилиги борасида ҳам саволлар ўртага ташланади: "... одам ўлдириш катта гуноҳ ва гейларни ўлдириш ҳам гуноҳми...?" дейди "Farrux Aliev" исмли Facebook фойдаланувчиси.

Унга жавобан "Adham Atajanov": "Ҳар ким ўзича иш кўрмайди. Яъни, ҳар ким ўзича бориб, одамларни қатл қила олмайди. Бу мумкин эмас... Гуноҳи кабира қилинса ҳам... "Самосуд" деган нарса шариатда йўқ... Махкама ва у томонидан қўйилган махсус билимли кишиларгина бу ишни амалга оширадилар..." дейди.

Таниқли блоггерлардан бири "Қаҳрамон Асланов": "Бир кишини ноҳақ ўлдирган дунёдаги бутун одамларни ўлдирган кабидир. Бу одам ҳам ноҳақ ўлдирибди", дея фикр билдиради.

Facebook фойдаланувчиларидан яна бири "Дехконбой Аликулов" эса: "Бу Исломга қарши бўлган ишдир! Бу исломдан эмас! Қанча одамларда нафрат, даҳшат, қўрқув пайдо қилади. Ислом террор дегани эмас!" дея хитоб қилади.

Ҳодиса туфайли АҚШ мусулмонларга нисбатан сиёсатида ўзгаришлар бўлиши ҳақида ҳам хавотирлар билдирилади.

"Javohir Oxunjonov": "... яна гап топилди: 'Мусулмонлар террорист!' Энди анави бўлажак АҚШ президенти мусулмонларни мамлакатдан чиқарвориш фикрида янаям қаттиқ турмасайди".

Бошқалар бу каби "планлаштирилган" ишлар ортида сиёсий ўйинларни бўлиши ҳақида гапирадилар.

"Ҳаммаси сиёсий ўйин," деб айтган "Махамаджон Касимов".

"Бу ишни ортида катта куч турибда, назаримда бу бола бир актёр. Шу воқеадан кейин бўлажак АҚШ президентлигига номзод... жаноб Трамп интервю билан чиқиб Обамани кетиши, Клинтон хонимни сайловдан чиқиши ва мусулмонларни АҚШга киришини маън этиш керак, деди. Гумон кимдан айтинглар? ..." деб қўшимча қилган "Дилшод Болтабоев".

"Rustam Pulatov" номи остидаги Facebook фойдаланувчиси эса: "Бу ишларни ҳаммаси провокация. Буни кетидан келадиган стадиялар бор. Чунки, планлаштирилган ҳаммаси. Шунга ҳиссиётга берилиб қолманглар. Бу йигитни биз танимаймиз. Уни ишини ҳаммангиз мақтаяпсиз. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрдиларми, қанақа ёмонликлар бу қилинган ишдан кейин келиши мумкинлигини... Бу йигитни иши аслида жуда катта зулм. Ман ишониб этаман, кўпчилик ҳиссиётга берилиб қотилликни мақтаётганларнинг қўлига қурол берилса, шу ҳол такрорланади".

Дакки беришга уринган "Eldar Enverovich Asanov" шундай изоҳ қолдирган: "Ислом - яхшилик ва тинчлик дини, ислом террорни қоралайди, ИШИД Исломни ниқоб қилиб олган. Лекин, ИШИД 50 кишини ўлдирса, булар хурсанд. Ўргилдим, сендақа тинчлик-яхшиликпарварлардан".

"Ulugbek Yusuf": "Афғонистонлик дейилаётган бу йигитнинг қилган иши қотиллик. Гей бўладими, бачабоз бўладими ҳеч кимни бировни ўлдиришга ҳақи йўқ... Билиб билмасдан 'дунёни гейлардан тозалади' деб қотилликни оқламанглар, айниқса, Рамазон ойида. Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин", дейди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ