"Коримиз шундан иборат..." Қодирийга ўхшатма

Фото муаллифлик ҳуқуқи NAS Why

Шу кунларда Абдулла Қодирийнинг "Муштум" журналидаги ҳажвий ижоди намуналарини яна бир ўқиб чиқиш мавриди бўлди.

Афсуски, Қодирийнинг ўша йиллари Жулқунбой, Овсар, Шилғай, Думбул ва бошқа тахаллуслар остида битган барча асарларининг ҳам нусхалари сақланиб қолмаган.Би-би-си муштарийларидан бири таҳририятимизга мактуб йўллади ва "Қодирий бобомиз бугунги ҳодисаларга қандай қараган бўлардилар", деган саволни қўйди.

“Коримиз шундан иборат ...”

(Қодирийга ўхшатма)

Ҳуррият истаги ила ёнғон ва мустабидлиқ зулмидан безиб, хўрланғон халқининг асрий орзулари, талаблариға ҳамоҳанг қалб ғуссасини қоғозға кўчуриб, хома(қалам) йўнғон ва сўз қуроли бирла майдонға тушиб, ростлик яловини юксак туткан ва бу шарафлик йўлда бошини қатлға қўйғон бобомиз сўзича:

“Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар...”

“Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған” Исталин қатағонининг қурбонларини эслатиб турғувчи жумлалардан бошлағаним бежиз эрмас...

Улуғ аждодимиз Абдулла Қодирий таъбирлари ила сўзласак: “...бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, менинг хизматларим матбуот билан равшандир...»

Зиёли қатламнинг фикри азалдан қалам бирла намоён бўлиб, минбари матбуот бўлғон. Аммо бугун ҳақ сўзни сўйлайдурғонлар учун даврий-маҳаллий матбуотимизнинг эшиклари беркдур...

Халқимизнинг том маънодаги ҳурриятни қўлға киритиш учун бошлаған оламшумул иши бир талай камчиликлардан ҳоли бўлмағони ҳолда-да фидойи, миллатпарвар элдошларимиз саъй-ҳаракатлари эвазиға МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ, МУСТАҚИЛ МАМЛАКАТ деган номға эришдик!

Аммо мустақил миллат, мустақил халқ бўла олдикму?

Фикрий мустақиллик, ҳурликнинг туб моҳиятиға ета олдикму?

Афсус, йўқ...

Чунки, аввал бошдан ҳукумат ҳар ишини, ҳар режасини халқдан хилват тутуб, ёпуқ эшиклар ортида ҳал этаверғонидан сарой дарбозалари дарбандланиб, халқ ва ҳукумат орасиндағи девор борған сари қалинлашиб, зичланиб борди. Бугунимизға келиб, саройға эл арзу доди битилғон хатлар тугул хас ҳам киритиб бўлмай қолди... Мулозимлар мамлакат, халқ тақдирини ўйлаш, улар учун қайғуриш ўрниға ўзи ва оиласининг кармони ғамини чектилар. Қарийб ўттиз икки миллионли ЎЗБЕКИСТОН аталмиш мамлакат кемаси ёлғон ваъдалар пўртанаси узра суздирила-суздирила, саробдан сўз очиб турғон умидсизлиқ саҳросиға олиб чиқиб қўйилди...

ВАТАН, МИЛЛАТ, ЎЗЛИК отлиғ буюк тушунчаларга дахлдор деб тушунилғон барча жабҳаларда томирларимизни қирқишқа шиддат кўрсатилди. Маънавиятимиз тушкун, иқтисодимиз ундан-да тушкун ҳолға келди.

Кейинги саналарда аксар оилаларнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечираётқани важҳидан ҳатто ўн-ўн икки ёшли жужуқлар илм олмоқ ўрниға бозорларда “пўш-пўш”лаб аробалар сурмоққа, ҳаммоллик қилмоққа мажбур бўлдилар. Ёзув-чизув билатурғонлари ҳам йўқсулликдан олий таълим даргоҳларидан ноумид бўлуб қайттилар. Боиси, ҳарёнда таъма бирла боққувчилар чўғ олғон...

Шу миёналарда бозорларда кийим-кечак, емак-ичмак нархлари ўрлаб кетди.

Газетларнинг матниға боқсанғиз, уюм-уюм сўзларидан бир маъно чиқмас. Маънони ичға ютиб, ичикканлардан эса, сўз чиқмас, сас чиқмас... Шундоқ ғаройиб паллада дилбузорлару радиёларнинг дийдиёси - шиори бундоғдур:

“Коримиз шундан иборат бўлди ушбу вақтда,Ўнтадин бедона боқиб ёзу қиш сайротамиз...”
Фото муаллифлик ҳуқуқи NAS Why

Ҳар ташкилотнинг саркотиблиғига сайланмиш кишилардан саралаб олинадурған бу “бедона”ларнинг оинаи жаҳондағи ёзу-қиш сайроши-ю жаврошидан халқнинг косаси оқаруб, ақлиға ақл қўшилаётқон бўлса, ўлай агар...

“Неча чоғлар бўлубдурким, қочибмиз биз тараққийдин,Бу кун бир илтифот бирлан бу йўлға бир гузор ўлсун”, -

дея икки оғиз тўғри сўзни сўйламакка жазм этмиш элдошларимизни гўрдан олиб гўрга солиш одат тусиға кирди. Яъниким,

“Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз...”

Чорак аср оралиғинда такомулға юз тутмоқ ўрниға мамлакат ҳар жабҳада оқсоқлиққа, қолоқлиққа, ҳижолатлиққа, бесамарлиққа юз тутди. Ҳақдин сўз очғонларға фанонинг сироти қурилди. Ватан саҳни жоҳилларға жаннат-у оқилларға жаҳаннам бўлди...

Ҳама боёнлар эл мулкини талаб, хорижлардан қиммат қасрлар сотиб олмоқ ўрниға кумуш-олтунни аяшмай, дорилфунунлар солсалар эрди, миллат болаларининг ҳар бири аларни дуо айлаб, таҳсили улумлар қилиб, фунунға яхши ёр ўлур эрди.

Жамиъатлар очиб, иноятлар йиғмоқ учун ятим ва бечораларға мадор ўлсалар эрди, савоб соҳиби бўлуб, иззат топурларди. Аммо аъёнлар халқ нафъини кўзлаб, инсонийлиқ шарафиға эришмоқни хуш кўрмадилар. Ёлғон-яшиқлар бирла эл кўзини бўяғонлиқдан ўз-ўзларини нафратға мувофиқ эттилар. Шул боисдин эртакдаги ёлғончи чўпондан не фарқлари қолди аларнинг?...

Магар машғулиятлари маърифат уммонидан дуру жавоҳирлар териб, шижоат ва адолат ила бошқариладурғон бир давлат қуриш бўлсайди, элнинг кўзи очуқ инсонларини Исталин давридагидан баттар қатағон қилиб, халқнинг шўрини қуритмасдилар...

Халқ кўп нимарсаларға сабр қилди...

Аммо... ҳар ненинг интиҳоси бўлғани янглиғ чидамнинг ҳам сўнги бор!

Кўз юмғонимиз - баъзи хатолар, биз авф этмиш кундан бошлаб улғайиб кетди...

Энди улар хато эрмас, хиёнатқа айланди...

Хиёнатким, одмиғина - бир одамнинг иккинчисиға арзимас нимарса устида қилатурғон хиёнати эмас, билъакс, юрт пешволари - ҳукуматининг ўз халқиға, ўз миллати ҳаққиға хиёнатидир! Гапни лўнда қилиб айтғонда, ҳукуматнинг аксар мулозимлари йиллардан бери “ХАЛҚИМ” деб эмас, билъакс “ХАЛҚУМ” деб яшаб келғони кундай равшан бўлди-қолди.

Бу очиқ ва аччиқ хиёнатни ҳис этарак, қалб хитобқа келур эркан, бир мисра хаёлға бот-бот бостириб келаберадир:

“Хатоларни кечирса бўлур, сен хато эмассан, хиёнат!..”

Майдонға келган салбий ишлар, хато-ю хиёнатларни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонлиқдин яқинда бўлғон бир воқеъға тўхталиш бирлан кифояланадурмен.

Ўзбекистон президенти Кремль сафаринда: “Бир тилда гаплашсак, бир-биримизга янада яқин бўламиз. Мен Путинға инонаман, Русияға инонаман, ҳама нимарсани шу гапимда айтиб бўлдим, жўрнолислар буни қандай таҳлил қилсалар, қилаверсинлар”, - деганға ўхшаш ғалати бир ишоратлар қилди.

Ажабо, ўзбек тили - Она тилимизға Давлат мақомининг берилмоғи учун курашиб, умрини, ҳаётини бахшида эткан инсонларға ва халқимизға қаттиқ беписандлик этилмадими бу кору ҳолда? Зотан, давлат мақоми берилса-да шунча йиллардан бери она тилимизға эътибор ва эҳтиром кўрсатилмай, ҳануз энг муҳим ҳужжатлар ўрус тилинда юритилиб келинаётканлиғидан ҳайратда ва ҳасратда эрдик шундоқ ҳам...

Халқнинг ҳоҳиш-иродаси, тили, қадриятлари, ҳуррият учун жон олиб, жон беришқанлиғи сариқ чақалик қийматга эга эмасму?...

XXI-аср Думбули.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар