Ўзбекистон чегараларини ёпди

Image caption Мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Тошкентда ШҲТ саммити ўтиши муносабати билан Ўзбекистон қуруқликдаги чегараларини 10 кунга ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ёпиб қўйган.

Пойтахт Тошкентга вилоят номеридаги юк машиналарнинг кириши чекланган.

Тошкент халқаро аэропорти эса ярим кунга ёпилади.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг 15 июн куни чоп қилган хабарида, ўша кундан бошлаб 25 июнгача Ўзбекистон Республикаси Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан фуқаролар, транспорт воситалари ва юклар киришини тўхтатган.

Ушбу чекловлар фақатгина Ўш вилоятининг Ўзбекистон ҳудудидаги Барак анклави турғунларига таъсир қилмайди.

Ўзбекистон ўз чегараларини ёпиши ҳақида аҳолини огоҳ этмаган.

“Холам синглисининг туғилгани кунига 14 июн куни Тошкентдан Сариоғочга ўтиб келди. Эртаси куни қайтиб кетаман, деб чегарага борса ёпиб қўйишибди. Чегара ёпилишини билмаган. Ҳатто бир кун олдин чегарачилар ҳам ҳеч нарса демаган. Энди ўшандан бери балки очилиб қолар, деб ҳар куни чегарага бориб, кутиб- кутиб келяпти”, дейди Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Сариоғоч туманида яшовчи турғун.

Ўзбекистон расмийлари одатдагидек ушбу чекловлар борасида бирор изоҳ ва хабар бермаган.

Бундан олдин пойтахт Тошкентнинг 15 июндан бошлаб вилоятдан келувчиларга бутунлай ёпилиши ҳақида хабарлар чиққан эди.

Бироқ ушбу хабарларни Ички ишлар вазирлиги инкор қилиб чиқди. Вазирлик матбуот хизмати кўра, шаҳарга кириш ва чиқиш тартиби одатдагидек давом эттирилади.

Фақатгина хавфсизлик нуқтаи назаридан айрим чора-тадбирлар кучайтирилиши айтилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Тошкентга давлат рақами вилоятларга тегишли бўлган юк машиналарнинг кириши чекланган.

“Юк олиб чиқиш учун вилоят номеридаги юк машина билан Тошкентга кирмоқчи эдик. Лекин қайтариб юборишди. Пойтахтга кирувчи ҳамма постларда шу тартиб, дейишди. Лекин енгил мошиналар кириб чиқиб турибди. Назорат кучайган”, - дейди вилоятлик тадбиркор.

24 июн куни Тошкент аэропорти 5 соатга ёпилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Саммитда Покистон ва Ҳиндистон аъзолиги масаласи ҳам кўриб чиқилади

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни 24 июн куни аэропорт 5 соатга вақтинча ёпилиши ҳақида огоҳлантирган.

Соат 13:00 дан 18:00 га қадар аэропорт учоқларни ва йўловчиларни қабул қилмайди.

Бундан олдинроқ 23-24 июн кунлари Тошкентдан учувчи йўловчиларга рейсдан 4 соат олдин келиш сўралганди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити 23-24 июн кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Унда ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг иштироки кутилмоқда.

Саммит давомида Ҳиндистон ва Покистонннинг ташкилотга аъзо бўлиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ