Юлдузнинг “сиёсий нолалари" ва "кар" қулоқлар

Image caption Нолами, таъмами?

Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга бўлишига қарамай сўнгги бир неча йил ичида расмий тадбирлардан четлатилган Юлдуз Усмонова энди...Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига бағишлаб қўшиқ куйлаворди.

Унинг аввалги ижоди ва умуман мусиқага сал қизиқиши бўлган шинавандаларга кўра, бу... “ўхшамаган”, “кўнгилни беҳузур” қилувчи, жонга тегувчи хиргойидан ортиқ қимматга эга эмас.

“Юлдузнинг “сиёсий” ёки аниқ таъмагирликка асосланган қўшиқлари тиқилиб ётибди. Каримовга бағишланган нолаларининг ўзи бир албом бўлади. Бу ҳам етмагандай унинг қизи Гулнорага ҳам атаб куйлаб берди. Халқ орасида унинг обрўсини тушираётган асосий омил ҳам мана шу таъма билан ялтоқланиши бўлмоқда”, дейди шоу-бизнесни кузатиб келадиган журналистлардан бири.

Лекин журналистнинг айтишича,президент Каримов ҳам, унинг қизи ҳам бу каби олқишларни эътиборсиз қолдиришган.

“Аммо Гулнора Каримова Юлдузга эътибор бериш арафасида экан, ўз отаси бошчилигидаги ҳукуматнинг казо-казолари томонидан “қувғин” қилинди”.

Кимга ёқди, кимга йўқ...

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Пахта далаларида

Юлдуз Усмонаванинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аталган бу қўшиғи ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама этилмоқда.

"Different World" номи остида YouTube фойдаланувчиси шундай изоҳ қолдирган: "Жуда зўр қўшиқ! Юлдуз сизни бутун Ўрта Осиё халқлари севади. Сизни инсонлар ғайирлигидан Худо паноҳида асрасин! Қўшиқ жуда зўр, 100 баҳо!!!".

Қўшиқ қўшни давлат вакилларига ҳам маъқул келгани кузатилган. "Супер, салом тожикистондан," деб ёзади Ахмад Гоибназаров.

Норозилик билдирганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Fahriddin karimov YouTube ижтимоий тармоғида кескин фикрлар қолдирган.

(Улар “куракда турмайдиган” бўлгани учун бу ўринда келтиришни жоиз топмадик.)

Nodir samadov эса шундай қўшимча қилган: "Астағфируллоҳ. Пахта ҳам шунчалик бўладими))) Ошириб юборибди лекин. Зора Каримов бобоси раҳми келиб йиғлаб юборса, кечирдим сани қизим кечирдим деб)))

Аксарият Юлдуз Усмоновани ялтоқилик қилишда ҳам айбланган.

Facebook фойдаланувчиси "German Sanny" изоҳи: "Қувилишни ҳохламасанг вақтида ялоқилик қил!". Radmila Usmanova эса шуни қўшимча қилган: "Яшашни истасанг ҳаракатда бўл)))".

Норозилар қаторидан ўрин олган Аbdulmatin inogom “Бечора Юлдуз Усмонова. Туркияда ....олмаганидан кейин ....қайтиб келиб додажон додажон деб айтди. Энди камига бунақа бемани ва бемаза қўшиқни чиқарибди. Эй Товба... Қирғизни қимизингга ким тўйяр эди деб ёмонлаб айтган эдинг, энди бу бемаза қўшиғингда Қирғизим деб айтибсан, тайин борми санда?”

"Ростини айтганда аҳмоқлик," деб қўшиқни изоҳлаган Facebook фойдаланувчиси Aziz Azizov.

"Баракалла Юлдуз... Оқим билан сузмоқда)))," дея изоҳ қолдириб, Усмоновани яна ёқлаган Radmila Usmanova. "Сарой маддоҳларига бироз раҳминг келади...," деб изоҳ қолдирган Facebook фойдаланувчиси Шухрат Ганиев.

Facebook фаолларидан яна бири Toha Halniyazov шундай деган: "Халқлар дўстлиги саҳнасини соғинган".

Қўшиқ бахсларга ҳам сабаб бўлган. "Шрек Зелёный": "Шу ҳам қўшиқми? Қайта-қайта эшитиш у ёкда турсин, бир марта охиригача эшитгим келмадику". "Унда Уммонни эшит, Беномни эшит, маъноли, қайта ва қайта эшитадиган қўшиқларни куйласа," деб маслахат берган Ulugbek sayyod.

Унга жавобан "Шрек Зелёный" шундай деган: "Уларни ҳатто танимайман ҳам".

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram, Twitter,Odnoklassniki,Facebook, Google+, YouTube да бизни - BBCUZBEK деб қидиринг.
  • (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ