ШҲТ раҳбарлари Тошкент декларациясини имзолашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тошкентда ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг юбилей саммитида аъзо давлатлар раҳбарлари Тошкент декларациясини имзолаганлар.

Аввалроқ президент Путин Эроннинг ШҲТга қабул қилиниши учун ҳеч қандай тўсиқ қолмаганини айтган.

Тошкент декларацияси саммитнинг ниҳоий ҳужжати бўлган.

У аъзо давлатларнинг ташкилот истиқболи борасидаги муштарак қарашларини акс эттиради.

Тошкентдаги олиймақом учрашувда шунингдек, ШҲТнинг 2020 йилгача мўлжалланган ҳаракат дастури ва 2025 йилгача тараққиёт стратегияларига доир ҳужжатлар имзоланган.

Шу билан бирга аъзо давлатлар вакиллари ташкилот минтақавий аксилтеррор тузилмасининг 2015 йилга доир ҳисоботини маъқуллашган.

Унда ШҲТ раҳбарларининг навбатдаги олиймақом учрашуви санаси ҳам белгиланган.

Тошкентдаги саммит арафасида ўзбек расмийлари фавқулодда хавфсизлик чораларини кўришган.

Саммит тадбирлари доирасида Ўзбекистон қўшнилари билан чегаларни ёпган.

Пойтахтликлар саммитга тайёргарликлар чоғида аҳоли учун юзага келган ноқулайликлардан шикоят этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.tj
Image caption Журналистлар саммитга мезбонлик қилган Президент Каримовнинг кайфияти фавқулодда кўтаринки бўлганига эътибор қаратишган

Президент Каримов Ўзбекистон ташкилотнинг юбилей саммитига "жиддий ёндашгани"ни айтган ва тайёргарлик жараёнларини мақтаган.

Ушбу саммит доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг юзма-юз учрашувлари ҳам бўлиб ўтган.

Президент Каримов саммитга келган Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбаев билан ҳам музокаралар олиб борган.

Тошкентдаги учрашувлар Каримовнинг бу икки қўшни давлатлар раҳбарлари билан 2013 йилдан буён ўтказган илк музокаралари бўлган.

Саммитни кузатган журналистлар Президент Каримовнинг кўтаринки кайфиятда бўлганига эътибор қаратишган.

Давлат раҳбарлари учун берилган тантанали концертда жаноб Каримов, бу каби йирик тадбирларда бўлгани каби, рақсга тушган.

Тошкент саммити Ўзбекистон пойтахтида мустақиллик йилларида ўтказилган энг йирик сиёсий тадбир бўлган.

Аъзоликка навбат

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олади.

Беларус, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон унда кузатувчи мақомига эга.

2015 йилда ШҲТ Ҳиндистон ва Покистон билан аъзолик юзасидан музокараларни бошлаганди.

Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши кутилганди.

Аммо саммит Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга аъзолиги шартлари ҳақидаги меморандум қабул қилиш билан чекланган.

Аввалроқ Кремл Тошкентдаги саммитда бу икки давлат аъзоликка қабул қилинмаслиги ҳақида хабар тарқатганди.

Президент Каримов Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолиги юзасидан музокаралар оғир кечганини айтган.

Айни пайтда Президент Путин Тошкентдаги чиқишида кузатувчи мақомига эга бошқа бир давлат - Эроннинг аъзолигини ёқлаб гапирган.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ўзининг зиддиятли ядровий дастуридан воз кечиши ва Теҳронга нисбатан БМТ санкциялари бекор қилиниши ортидан уни ШҲТ га қабул қилиш йўлида ҳеч қандай тўсиқ қолмаган.

Аммо кўринишидан, бошқа давлатлар раҳбарлари Эроннинг аъзолиги юзасидан бу каби қатъий мавқеъни эгаллашмаган.

Эрон Россиянинг анъанавий ҳамкори, хусусан, Суриядаги амалиётларда яқин иттифоқчиси саналади.

Бетарафлик

Саммитга мезбонлик қилган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ШҲТ барчага очиқ ва бетараф ташкилот сифатида қолиши кераклигини айтган.

"Афсуски, - деган у, - ҳозирги вазиятда ўзаро ишонч ва ҳамкорликдан кўра, рақобат тобора авж олмоқда. Бу жараённи кўрмаслик ва эътиборга олмаслик мумкин эмас. Бу каби қийин шароитда очиқлик ва бетарафлик мақомини сақлаб қолиш жуда муҳим", - деб айтган жаноб Каримов.

1996 йилда Хитой, Россия ва Марказий Осиёнинг уч давлати ўртасида чегара баҳсларини ечиш мақсадида тузилган Шанҳай бешлиги кейинроқ кенгайиб, йирик минтақавий ташкилотга айланди.

Таҳлилчилар унда Россия ва Хитойнинг манфаатлари етакчилик қилишини айтиб, минтақада бу икки йирик давлат ўртасида зимдан рақбатнинг мавжудлигига ҳам эътибор қаратадилар.

Уларга кўра, Россиядаги иқтисодий инқироз ва ғарбнинг жазо чоралари Хитойнинг минтақадаги, жумладан, ШҲТ даги мавқеъининг ҳам кучайишига олиб келади.

Тошкентдаги саммит Хитой раҳбари Си Цинпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи манзарасида кечган.

  • BBC O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.