Ўзбекистонда қаламнинг кучи нимага етади?

27 июни куни Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланади.

Бу байрам миллатпарвар жадидлар томонидан ташкил этилган "Тараққий" газетаси нашр этилган кун сифатида тарихга кирган.

Бугун ўзбек журналистлари бу кунни байрам қилишади-ю, аммо юракларидаги, дилларидаги фикрларни очиқ-ойдин ифодалай олмаётганини ҳам бир-бирларига ошкора айта олмайдилар.

Бугун Ўзбекистонда журналист мавқеи, унинг обрў-эътибори, ҳуқуқлари бошқа давлатлардаги ҳамкасблариникидек эмас.

Раҳбарлар фақатгина "отахон" нашр бўлган "Халқ сўзи"нигина тан олади, оддий халқ эса турмуш ташвишларидан ортиб газета ўқимайди, ўқийдигани ҳам фақат "Даракчи", "Бекажон" газеталарини билади, холос.

Ҳукумат эса "бизда журналистларга эркинлик берилган, Ўзбекистонда сўз эркинлиги кафолатланган, ОАВ тўғрисида нақ олтита қонун қабул қилинган, цензурага йўл қўйилмайди" дея айюҳаннос солади. Амалда эса...

Сўралмайдиган саволлар

Матбуотда танқид, муаммоларни кўтариш, уларга ечим изланган мақолаларни минг марта ўқисангиз ҳам топа олмайсиз.

Нега узоқ йиллар меҳнат қилган пенсионер пенсияси 100 фоиз пластик карточкага ўтказилгани учун нақд пулга зориқиб банк эшиги олдида соат 6 бўлмасдан навбат олаяпти, нега 1-синф ўқувчисига 25 кг. металлолом солиғи солинган, нега турмуш ўртоғи, ўғли ёки отаси узоқларда қийналиб топиб жўнатган пулни олиш учун аҳоли (асосан аёллар ва қариялар) қуёш тиғида навбат кутиб, сарғайиб бир неча кун банкка қатнаши керак, нега соғлиқни сақлаш тизимида кетма кет, кетма кет ислоҳотлар ўтказилаётган бўлса-да, баъзи вилоятларда оналар ва чақалоқлар ўлими камаймаяпти, нега эри Россия ёки Қозоғистонга иш излаб кетган аёллар беш-олти ойдан сўнг ҳомиладор бўлиб қолаяпти, деган сон-саноқсиз саволлар бугун ўзбек матбуотида берилмайди.

Ўзбекистонда мингдан ортиқ матбуот нашрлари бор деб мақтанишни биламизу лекин уларнинг бирортаси тўртинчи ҳокимият мақомига кўтарила олмаганлигидан куямиз.

Агар бу нашрлар эгаси ким эканлигини синчиклаб, эринмай суриштирсангиз албатта бирор вазир ёки каттароқ амалдор бўлиб чиқади. Улар бу нашрларни "соғин сигири"га айлантириб олганлиги аниқ бўлади.

Журналистнинг қора қозони

Матбуотнинг, журналистнинг обрўси, қаламнинг кучи бугун Ўзбекистонда бир тийинга арзимайди.

Журналистлар ҳам бола чақа боқиш, тирикчилик илинжида маддоҳлик қилиб ётишибди. - Тўғриси, баъзида бошқа касбни танламаганимдан афсусланаман, - дейди дўстларимдан бири, - бирор мавзуда материал тайёрлаш ниятида борсам аввало, газетам ҳақида ҳеч нарса билмасликларидан уялиб кетаман. "У газета қаерда чиқади" деб сўрашади. Кейин "бизни газетага чиқарганингиз учун неча пул беришимиз керак" деган савол кўндаланг қўйилади.

Уларга газетамиз энг катта иккита вазирлик муассислигида нашр этилишини, мақолалар мутлақо бепул нашр этилишини тушунтиргунимча бўларим бўлади. Баъзи журналистларнинг касрига қолиб кетаётганимиздан баъзида жаҳлим чиқади, - дейди суҳбатдошим.

Яқинда мени ажаблантирган яна бир воқеа содир бўлди, - дейди яқин дугонам Фарғона вилоятидан телефон қилиб - мақола тайёрлаш учун вилоятимиздаги шаҳарлардан бирининг ГорОНОсига боргандим, раҳбар ўринбосари мендан худди шу мавзуда мақола ёзишим кераклиги ҳақида буйруқ талаб қилди. Мен эса журналистлик гувоҳномамни кўрсатиб "Мана шу гувоҳнома бўлса бас, бизга алоҳида буйруқ чиқариб беришмайди" дедим.

У эса сўзимга қулоқ солмай "буйруғингиз бўлмаса маълумот бера олмаймиз" дея ўдағайлашга тушди. Жаҳлим чиқиб, мен ҳам ўша вилоятнинг таълим бўйича каттаси З.Тга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирсам, у киши ҳам бамайлихотир "Ҳа, сизку кичкина газета мухбири экансиз, ҳатто "Халқ сўзи"дан келган мухбирдан ҳам буйруғини сўрайсан, деб "юқоридан" топшириқ беришган, дея жавоб қилди. "Юқори" кимлигини эса З.Т жаноблари айтмасдан телефон тугмачасини босиб қўйди.

Ўзбекистон Республикаси конституциясида ахборот олиш эркинлиги кафолатланган бўлишига қарамай бугун оддий халқ у ёқда турсин, қўлида журналистлик гувоҳномаси бор мутахассислар ҳам маълумот ола олмаяпти.

ОАВ тўғрисидаги қонунлар ҳам чанг босиб ётибди.

Аммо бу давлатимиз раҳбарининг журналистларни яна бир бор қутлуғ сана билан табриклашига, журналистларнинг жамиятдаги обрў ва масъулиятини эслатишига халақит бермайди.

Президент ҳар йили қаламкашларни "воқеалар қозони"да қайнашга даъват этаркан, журналистнинг қора қозони қайнаб-қайнамаётганидан иши йўқ.

Аксинча, жамиятдаги иллатларни очиб ташламаётгани учун ҳамкасбларимизни маломат қилади, уларни очиқча бўлмаса ҳам, дипломатик бир тарзда қўрқоқликда айблайди.

Биз эса давлат раҳбари бизни табриклади, дея маошимиздан чегириб қолинган 3-5 сўмдан пулга дастурхон тузатамиз.

Ва жимгина қўрқоқлигимизни қабул қиламиз.

Начора, қандай ҳокимият бўлса, шундай матбуот!..

Аммо ҳеч қурса, тўртинчи ҳокимият деб жар солмасайдик, Ўзбекистонда фақат битта ҳокимият борлигини тан олиб қўя қолсайдик, дейман.

Шунда ўзимизни ҳам, ўқувчиларимизни ҳам алдамаган бўлардик.

Яна нега ёшлар Одноклассники ва Телеграмдан чиқмаяпти, деб жар соламиз.

Сабаби воқеалар қозони аллақачон ўша томонга кўчган.

Матбуотнинг қозони эса сувга ташлаб қўйилгандек жим-жит...

Адолат Тошканбой қизи